Қирғизистон ҳарбийлари Қозоғистондан 14-январда қайтиб келади

377
Олмаота шаҳридаги ИEМ-2ни қўриқлаган қирғиз ҳарбийлари. Сурат: мудофаа вазирлиги

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) асосида Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрига юборилган 150 қирғизистонлик ҳарбий 14 январда қайтиб келади. Бу ҳақда Қирғизистоннинг мудофаа вазирлигидан 13 январда билдиришди.

Қирғизистон қўшни давлатга «Скорпион» махсус тайёргарликдаги отрядининг 150 ҳарбийини, 8 бронетехника ва 11 автомашина юборган. Ҳарбий юбориш таклифини 7 январда Жогорку Кенеш депутатларининг кўпчилиги қўллаган.

Мудофаа вазирлигининг маълумотига қараганда, ҳарбийлар Олмаотадаги ИEС-2 стратегик объектини қўриқлашган.

Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Токаев 6 январда ўлкадаги вазият сабаб «террористик хавфдан ўтиш» учун КХШТга ёрдам сўраб мурожаат қилган. 6 январга ўтар кечаси Арманистон бош вазири ва КХШТ раиси Никол Пашинян ташкилот Қозоғистонга тинчлик ўрнатиш кучларини юбориш қарорини қабул қилганини билдирган.

Қозоғистонда КХШТга аъзо давлатларнинг умумий 3 мингдан ортиқ ҳарбийи бор, уларнинг кўпчилиги Россияники.

11 январда Токаев КХШТ кучлари 10 кунга етмаган вақтда Қозоғистондан чиқарилишини билдирган.

КХШТ таркибига Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Арманистон, Беларус ва Россия киради.

Қозоғистондаги тартибсизликлар ва норозиликлар

Қозоғистондаги норозиликлар 2 январда ўлканинг ғарбидаги Янги-Ўзўн шаҳридан бошланган. У ерда турғунлар газ қимматлаганидан норози бўлиб, тинчлик акциясига чиқишган. Бир неча кундан кейин митингга бошқа шаҳар турғунлари ҳам чиқиб, иқтисодий талаблар сиёсий талабга айланган. Норозилар амалдаги ҳукуматни истеъфосини ва биринчи президенти Нурсултан Назарбаевнинг дахлсизлигини бекор қилишни талаб қилишган.

Токаев Қозоғистондаги воқеаларни «давлат тўнтарилишига ҳаракат» деб атади.

Натижада 5 январга ўтар кечаси Қозоғистон ҳукумати истеъфога кетган. Бироқ норозиликлар тўхтамай, айрим шаҳарларда хавфсизлик кучлари билан қуролли тўқнашувлар бўлган. Энг оғир аҳвол Олмаотада бўлган, тўқнашувлар талончиликка олиб келган.

Норозиликлар тўхтамаётган вақтда Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Токаев митингчиларни «террорист» деб атаб, «террористик хавфдан ўтиш» учун КХШТга ёрдам сўраб мурожаат қилган.

6 январда қозоқ ҳукумати Олмаотадаги намойишларга қарши ўқ ота бошлаб, буни «тозалаш» ва «антитерорристик операция» деб атаган. ИИВ ўнлаган одам «ликвидацияланганини» билдирган.

Ҳозирда куч органларининг 16 ходими ҳалок бўлиб, 26 жиноятчи «йўқ қилингани» ҳақида маълум. Қозоғистондаги тартибсизликларда умумий 164 киши ҳалок бўлгани ва 2 200дан ортиқ одам жабрлангани хабар қилинган.

Бироқ қозоқ ҳукумати оммавий тартибсизликларда ҳалок бўлганларнинг аниқ сонини бугунги кунгача айтмади.