«Экстремизмга қарши кураш». Давлат думаси депутати Миронов КХШТ тинчликпарвар кучларини Қозоғистонда абадий қолдиришни таклиф қилди

377

«Справедливая Россия — За правду»  («Адолатли Россия – Ҳақиқат учун») фракциясининг раҳбари, депутат Сергей Миронов КХШТнинг тинчликпарвар кучларини Қозоғистонда абадий қолдиришни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда партиянинг расмий саҳифасида айтилди.

Сергей Миронов

Мироновнинг фикрича, бу «мамлакатдаги номақбул ҳодисаларга қарши курашиш ва русийзабон аҳолини ҳимоя қилиш учун» зарур.

«КХШТ бу вазифани бажара олади. Россия десантчилари буни бир неча бор исботладилар: улар бор ерда тинчлик ва тартиб бор. Қозоғистонда тезкор ҳаракат кучларининг таркибида КХШТнинг бир ёки бир нечта доимий базасини очиш бўйича масалани кўтариш керак», — деди сиёсатчи.

Шунингдек, у  Қозоғистонда экстремизм чуқур илдиз отган, бу бўйича  Россия Қозоғистондаги русларни ҳимоя қилиш масаласини кўтариши керак деб ҳисоблайди.

«КХШТ бўйича ҳамкорларимиз бу позицияни ҳурмат ва тушуниш билан қабул қилади деб умид қиламан», — дея қўшимча қилди у.

Унинг таклифини Давлат Думасининг МДҲ ишлари бўйича қўмитаси раҳбари Леонид Калашников ҳам қўллаб-қувватлади.

Россия шартлари

Аввалроқ россиялик журналист ва RT телеканалининг бош муҳаррири Маргарита Симонян Фейсбукда Қозоғистонга тинчликпарвар кучларни юбориш кераклигини, бироқ маълум шартлар бўлиши зарур деб ёзган эди.

«Қримни тан олиш, кирилл алифбосини қайтариш, рус тилини Қирғизистондаги каби иккинчи давлат тилига айлантириш, рус мактабларини қайта тиклаш, русларга қарши нодавлат ташкилотларни ҳайдаб юбориш», — деб ўз шартларини санаб ўтган Симонян.

У «миллатчилар билан ўйинга тушишга йўл қўймайдиган» аниқ биродарлик ички сиёсати бўлиши кераклигини айтди.

КХШТ ва Тўқаев

Қозоғистонда 2 январь куни бошланган норозилик намойишлари фонида мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 5 январь куни КХШТга аъзо давлатларга мурожаат қилиб, «террор таҳдидини енгиш» учун ёрдам сўраган.

Тўқаев суюлтирилган газнинг нархини туширишни ва Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултан Назарбаевнинг дахлсизлигини олишни талаб қилганларни «террорчилар» деб атаган. Шунингдек, Тўқаев митингчиларга нисбатан «қаттиқ чора кўришини» билдирган.

Кейинроқ Арманистон бош вазири ва КХШТнинг раиси Никол Пашинян КХШТ Қозоғистонга ўзининг тинчликпарвар кучларини юборишини билдирган.

КХШТнинг Қозоғистондаги кампаниясига қатнашишга тўрт давлат розилик бергани хабар қилинган — Арманистон, Тожикстон, Россия ва Қирғизистон.

МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиевнинг айтишича, Арманистон 100дан 300га қадар, Россия — 1400, Беларус — 300, Тожикистон эса — 100дан 200га қадар ҳарбий ходимини юборишга қарор қилган.

Жогорку Кенешнинг йиғинида Қирғизистондан Қозоғистонга 150 кишидан иборат шахсий таркиб, 8 бронетехника ва 11 машина юборилиши маълум бўлган.

Ташиев ҳарбийлар фуқароларга ўқ отиб, митингларга қатнашмаслигини, улар стратегик объектларни ҳимоя қилишларини таъкидлаган. Айни вақтда кафолат беришдан бош тортган.

«Хавфсизлик чораларини кўришади — бу табиий нарса. Аммо бу ерда ҳеч кимга кафолат бериш мумкин эмас. Бу бир қулай бўлмаган вазият бўлиб турибди, бундай қарорни биринчи марта қабул қиляпмиз», — деган Ташиев.

Қозоғистондаги митинглар суюлтирилган газнинг нархи қимматлаши ортидан 2022-йилнинг 2-январида Мангистау вилоятида бошланган.