«Манас» аэропорти Қозоғистондан шахсий самолёт учиб келгани ҳақидаги маълумотни рад этди

193

Бишкекдаги «Манас» халқаро аэропортининг матбуот хизмати Қозоғистондан шахсий самолёт келгани ҳақидаги маълумотни рад этди. Бу ҳақда аэропорт матбуот котиби Алия Қурбонова Фейсбукдаги саҳифасида маълум қилди.

У хусусий самолёт келгани ҳақидаги маълумотни «ҳақиқатга тўғри келмайди» деб атади. Қурбонованинг сўзларига кўра, кечадан ҳозирга қадар Қозоғистондан Бишкекка қўниш илтимоси ёки мурожаат бўлмаган.

Аэропортнинг матбуот хизмати бугун (5-январда) Олмаотадан фақатгина Ўш — Олмаота чартер рейсидаги «Тез Жет» авиакомпаниясининг бўш самолёти келиб қўнганини қўшимча қилди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг қизи Динара ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев шахсий самолёт билан Қирғизистонга учгани ҳақида маълумотлар тарқала бошлаган эди. Кейинроқ бу самолётда Назарбоев оиласининг бошқа аъзолари ҳам бўлиши эҳтимоллиги айтилган.

Factcheck.kz нашри эса Бишкекка парвоз қилгани айтилаётган Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултан Назарбаевнинг қизи ва турмуш ўртоғининг шахсий самолёти бошқа йўналишга қараб учаётганини ёзган.

Қозоғистонда норозилик намойишлари 2 январь куни бошланган. Жанаўзен шаҳрида суюлтирилган газ нархи кескин кўтарилганидан сўнг бошланган норозилик намойишлари бошқа вилоятларга ҳам тарқалди. Олмаотада вазият жиддий. Минглаб намойишчилар ҳокимиятни эгаллаб олишган. 5 январга ўтар кечаси ҳукумат истеъфога чиқди, бу эса намойишчиларнинг талабларидан бири эди.

Қозоғистоннинг тўртта вилоятида – Манғистау ва Олмаота вилоятларида ҳамда республика аҳамиятига эга Олмаота ва Нур-Султон шаҳарларида фавқулодда ҳолат жорий этилди.