Жапаров сайёҳларни Қирғизистоннинг тоғ-чанғи курортларига таклиф қилди

Президент Садир Жапаров 1-январда аёли Айгул Жапарова билан Қоракўлдаги чанғи базасига борди. У базани реклама қилиб, сайёҳларни Қирғизистонга келиб дам олишга ва чанғи учишга чақирди.

«Қоракўл чанғи базаси дунё бўйича ўнликка кирган чанғи базаси. Трассанинг узунлиги 4,5 километрни ташкил қилади. Келиб чанғи учинглар. Барча шароитлари бор беш юлдузли отель бор», — деди давлат раҳбари.

Шунингдек, давлат раҳбари Чуй вилоятида Орловка, Чункурчак, Зил ва бошқа чанғи базалари борлигини таъкидлади. «Қирғизистон — қишки туризм макони!» — деб ёзди Жапаров ижтимоий тармоқдаги видеосида.

Бунгача ижтимоий тармоқларда дам олувчиларни Жапаров билан суратга тушаётган видеолари пайдо бўлган.

Декабрнинг ярмида президент ўлкадаги туризмни ривожлантиришни қўллаш ҳақидаги фармонни имзолади. Унга кўра, министрлар кабинетига  Туризмни ривожлантириш бўйича миллий кенгаш тузиш ва «Қирғизистонда туризмни ривожлантиришни қўллаш жамғармаси» давлат муассасасини тузиш топшириғи берилган.