Ўзбекистонлик 17 ёшли Нодирбек Абдусатторов шахматнинг рапид йўналиши бўйича Польша пойтахти Варшавада бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатида тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпионига айланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Шахмат федерацияси матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Мусобақанинг 13-босқичи якунларига кўра тўрт шахматчи – Нодирбек Абдусатторов, Ян Непомнящий, Магнус Карлсен ва Фабиано Каруана 9,5 очкодан жамғарган, бироқ чемпионлик учун қўшимча кўрсаткичлари энг яхши бўлган ўзбекистонлик Н. Абдусатторов ва россиялик Ян Непомняшчий беллашган. Ҳал қилувчи босқичда ёш шахматчи россиялик рақибини мағлубиятга учратиб, чемпионлик унвонини қўлга киритган. Ундан аввалроқ эса Нодирбек Абдусатторов амалдаги чемпион, норвегиялик Магнус Карлсен устидан ғалаба қозонган эди.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўз Телеграм-канали орқали МДҲнинг норасмий саммити бўлиб ўтган Санкт-Петербургдан Тошкентга қайтаётган самолётда президент Шавкат Мирзиёев ва бутун делегация тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторовнинг иштирокини катта қизиқиш билан онлайн кузатиб борганини маълум қилди.
“Давлатимиз раҳбари шахматнинг рапид йўналиши бўйича янги ва энг ёш жаҳон чемпионига ўзининг энг самимий табрикларини йўлламоқда ҳамда унинг ота-онаси ва мураббийларига миннатдорлик билдирмоқда”, деб ёзди Ш. Асадов.