Президентнинг иш бошқармаси: «Иссиқкўл» меҳмонхонасининг ўрнига давлат аҳамиятидаги маъмурий бино қурилади

330

«Иссиқкўл» меҳмонхонаси ўрнига давлат аҳамиятидаги янги маъмурий комплекс қурилади. Бу ҳақда президентнинг иш бошқармасидан билдиришди.

Уларнинг айтишича, бу қарор «маблағлардан унумли фойдаланиш, автомобил йўлларини бўшатиш ва пойтахтнинг эстетик кўринишини яхшилаш» мақсадида қабул қилинган.

Муассасадан бир неча йилдан бери меҳмонхонани таъмирлаб, халқаро талабга жавоб бериши учун замонавийлаштириш мақсадида инвесторлар, жуладан хорижий сармоядорлар билан музокаралар ўтказишганини таъкидлашди.

Президент бошқармасидан бу ерга ҳеч ким сармоя киритишни истамагани ортидан бино 13-14 йилда яроқсиз ҳолга келганини таъкидлашди.

Муассасанинг матбуот хизмати бузиш ишларини «Кыргызстройсервис» давлат ишхонаси олиб бораётганини билдиришди. Янги бино қурилиши чет эл сармояси жалб қилинмай, президент бошқармасига қарашли Ижтимоий-иқтисодий ва маъмурий объектларни қуриш, реконструкциялаш бўйича давлат дирекцияси томонидан олиб борилади.

Аввалроқ «Бутун Қирғизистон» партиясининг лидери Адахан Мадумаров «Иссиқкўл» меҳмонхонасининг биносини бузиш ҳақида фикр билдирган. Сиёсатчининг айтишича, ҳукуматни меҳмонхонани ери қизиқтиради.

Бунга президентнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев жавоб бериб, Мадумаров «ҳар бир муҳим мавзуда можаро чиқаришга ҳаракат қилаётгандай туйғу яратмоқда» деб билдирган.

«Иссиқкўл» меҳмонхонасини бузиш

24-декабрда «Клооп»га президент бошқармаси «Иссиқкўл» меҳмонхонасининг бузилишини тасдиқлаган.

Муассасадан меҳмонхона биноси кўп йиллардан бери бўш тургани сабаб, эскириб, авария ҳолатига келиб қолганини, шунинг учун энди эксплуатация қилиш хавфли ва мумкин эмас деб билдиришган.

«Бино бошқаларга хавф солмоқда. Бу ер тўсилиб туришига қарамай, шаҳар турғунлари кўп келади. Бино кутилмаганда қулаб кетиши мумкин ва бу ерда юрганлар жабрланиши мумкин», — деб билдиришган муассасадан.

Бу ерда ишлаётган ишчилар 24.kg нашрига бир неча кун олдин президент бошқармасининг вакиллари, минкаб раиси Акилбек Жапаров келиб, ишни текшириб кетганини билдиришди.

«Бу қонунийми? Амалдорлар келиб, ишни кўриб кетишди. Уларнинг айтишича, бу ерга Оқ уй қурилар экан. Парламент бу ерга кўчиши айтилди. Шаҳарликлар тирбандликлардан ва йўлларни ёпилишидан шикоят қилишмоқда. Шу сабаб парламент биносини шу ерга кўчиришмоқда, муддати ҳозирча номаълум», — деган ўзини объектнинг ишчисиман деб таништирган бир киши.

«Клооп» президент бошқармасидан Оқ уй кўчирилиши бўйича маълумот сўради, бироқ муассаса берилган саволни жавобсиз қолдирди.