Ўшда тозаликка беэътибор бўлган турғунлар билан курашиш учун видео камералар ўрнатилди

362

Ўш шаҳар мэриясига қарашли «Ош-Тазалик» муниципал ишхонаси чиқинди кўп тўкилувчи контейнерларнинг ёнига видеокузатув камераларини ўрнатмоқда. Шаҳар ҳокимияти бу билан чиқиндини ноқонуний ирғитган ва белгиланмаган ерга тўккан фуқаролар билан курашишни истайди.

Мэриянинг матбуот котиби Азамат Жээнбеков билдиришича, «шаҳар тозалигига беэътибор қараган» турғунларга дастлаб жарима солинади. Агар турғунлар бу ҳаракатини қайталайверса уларнинг сурат-видеолари ижтимоий тармоқларга эълон қилиниб, уларни уялтириш мўлжалланмоқда.

Ташаббус махсус лойиҳа тарафидан молияланиб, камера 20 ерга қўйилади. «Ош-Тазалик» ишхонасидан белгиланмаган ерга чиқинди тўкиб кетганлар сабаб «шаҳар ифлосланиб, оғир қурилиш қолдиқларини юклаган техникалар бузилиб қолмоқда» деб билдиришди.

«Ош-Тазалик»нинг мазкур тадбири ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида қарама-қарши фикрларни яратди. Айримлар ташаббусни қўлласа, бошқалар «бунинг ўрнига чиқинди ташловчи контейнерларнинг сонини кўпайтирса бўлар эди» деб танқид қилишди.

«Камерага кетган маблағда чиқиндини икки маҳал ташинглар. Шаҳар тобора кир бўла бошлади. Камера бу “блатнойчилик показуха”», — деб ёзди ижтимоий тармоқнинг фойдаланувчиларидан бири.

Чиқинди  полигони йўқ бўлиб туриб, уни қайта ишлатувчи завод қуришни истаган мэрия

Ўшнинг  чиқинди полигони, 2018-йил. Сурат: Нуртаза Абдиев, Kloop учун.

Август ойида Ўш мэрияси Туркиянинг Biotrend Energy компанияси шаҳарга чиқиндини қайта ишлатувчи завод қуриб беришини билдирган. Компания бир ойнинг ичида қурилувчи заводнинг лойиҳасини кўрсатиб, унинг технико-экономика асосини ишлаб чиқадиган бўлган.

Бундан ташқари лойиҳаларни молия билан таъминлаб, тайёргарлик кўриш, лойиҳалаш, қурилиш олиб бориш ҳамда ишга топшириш процессларини амалга оширилиши айтилган.

Аммо чиқиндини қайта ишлатувчи завод қандай ишлаши номаълум. Чунки Ўш шаҳридаги чиқинди полигонга сараланмай, бир ерга ташланади. Шаҳарда чиқиндиларни саралаб солиш учун чиқинди қутилари ҳам йўқ.

Европа тараққиёт ва реконструкциялаш банки (ЕТРБ) 2012-йили «Ош-Тазалик» муниципал ишхонасига деярлик 11 млн евро ажратган. Унинг 6,5 млн соми полигон қуришга сарфланиши керак бўлган. Маблағнинг ярми насия, ярми кредиь қатори берилган.

Аммо чиқинди полигонини қуришга тендер тўққиз йилдан бери эълон қилинмаган. Бунга шаҳар ҳокимияти полигон қуришга ер топа олмагани сабаб бўлган. Шаҳарнинг ўзида лойиқ ер бўлмаган, қўшни туманлар ер бўлиб беришдан бош тортишган.

2018-йили «Ош-Тазалик» муниципал ишхонаси янги чиқинди полигонни эскисининг ёнига қуришга қарор қилган. Шунга қарамай, уч йил ўтса ҳам полигоннинг қурилиши ҳади бошланмади.