Соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиев истеъфога кетмаслигини айтди. Аввалроқ Оилавий тиббиёт марказининг шифокори Бахтияр Абсаматов Бейшеналиевни истеъфога чиқариш учун имзо тўплаб, хизматдан олиш илтимоси билан президентга мурожаат қилган.
Амалдор реформа қилганлар кўп кишига ёқмаётганини таъкидлади.
«Пётр I ҳам, Россияда реформа қилаётганда одамлар томонидан ёмон кўрилган, кейин тарих у барини тўғри қилганини кўрсатган. Бир йил ичида қилганимнинг бари халқ учун», — деди Бейшеналиев.
У «[ўзининг] репутацияси учун қўрқмай реформа қилаётган» вазир келганига «президент, халқ ва барча шифокорлар жуда ҳурсанд бўлмоқда» деб билдирди.
«Мен бошқа вазирлар каби ўтириб олиб, 30 йилдан бери ўтирган бош шифокорлардан, директорлардан мақтов олишим мумкин эди. Улар ўғирлаб, бундан кейин ҳам ўтираверишган бўларди», — деб қўшимча қилди у.
Бейшеналиев кетмаслигини ва «халқ учун кўп нарсани амалга оширишини» таъкидлади.
«Президент менинг реформаларимни қўллаяпти. Чунки у бир икки гуруҳ учун эмас, халқ учун хизматга келган», — деди амалдор.
Вазирнинг низоли ташаббуслари ва унга нисбатан танқидлар
Алимкадир Бейшеналиев 2020-йилнинг октябрида депутатлар Садир Жапаровни ҳукумат етакчиси қилиб тайинлагандан кейин дарҳол Соғлиқни сақлаш вазири бўлиб келган. Шундан бери ҳукуматнинг таркиби, кейин министрлар кабинети деб атала бошлаган таркиби камида уч марта ўзгарган. Аммо Бейшеналиев унга нисбатан шифокорлар ва фуролик жамияти томонидан айтилган танқидларга қарамай ўз ўрнини сақлаб келмоқда.
Алимкадир Бейшеналиевга танқидлар апрелда COVID-19ни даволаш учун заҳарли қўрғошин қайнатмасини (яна бир аталиши Иссиқкўл томири ёки аконит) тарғибот қилганда айтилган.
* Эҳтиёт бўлинг, бу ўсимлик заҳарли ва нотўғри дозада ичиш ўлимга олиб келиши мумкин. Заҳарланиш белгилари: кўп миқдорда сўлак оқиши, кўнгил айниши, қусиш, диарея, нафас қисилиши, терида жимирлаш ҳисси бўлиб, кўз олди қоронғулашади. Юрак тўхтаб қолгандек бўлиб, одамда умумий заифлик, совуқ тер чиқиши, пульснинг ритми бузилиши, ҳушдан кетиш ҳолатлари бўлиши мумкин. Шу сабабли одам нафаси сиқилиб, юраги тўхтаб вафот этиши мумкин.
Заҳарли қўрғошиннинг зарари йўқлигини исботлаш учун Бейшеналиев 16-апрелда ўтган матбуот анжуманида жонли эфирда қайнатмани ичган.
Айни матбуот анжуманида Бейшеналиев шифокорлар заҳарли қўрғошиннинг дамламасини коронавирус ва бошқа касалликлар билан оғриган беморларга беришаётганини ҳам билдирган.
Шундан кейин шифокорлар, юристлар ва фуқаролик фаоллари Жогорку Кенешга мурожаат қилиб, Бейшеналиевни фуқароларнинг ҳаётини ва соғлиғини хавфга солгани учун жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилишган.
Амалдор парламентда ҳам танқидга олинган. Депутатлар 28-апрелда ўша вақтдаги ҳукумат етакчиси Улукбек Мариповга Бейшеналиевни ишдан олишни таклиф қилишган.
Уни лавозимдан олиш учун 81 депутат овоз берган, аммо чиновникни хизматдан олиш қарори қабул қилинмаган.
Ундан бир кун аввал 27-апрелда Жапаров соғлиқни сақлаш вазирини ҳимоя қилиб, уни «қисқа вақтнинг ичида оптимизация ва реформа ўтказишга эришган менеджер» деб атаган.
«Депутатлар тепкилаб, “оламиз, бу ишламайди” дейишмоқда. Аммо у ростдан ҳам яхши ишлаяпти. Ўзи (министр Алимкадир Бейшеналиев ҳақида) доктор, профессор. Ўша тармоқда умр бўйича меҳнат қилиб юрган киши экан. Фақат сўз бойлиги камроқ экан. Аммо менеджер», —деган ўшанда давлат раҳбари.
Соғлиқни сақлаш тармоғидаги эксперт Айбар Султангазиев президент Бейшеналиевга ишонч кўрсатиб, унга «карт-бланш» берди деб ҳисоблайди.
«Шу сабабдан у яқин орада хизматдан кетмайди. Уни президентдан бошқа ҳеч ким ишдан ололмайди. Буни кўпчилик тушуниб турибди. Айни вақтда Бейшеналиевнинг айрим ишларини қўллар эдим. Миллий кардиология ва терапия марказида тартибсизлик юз бергани рост. Аммо нотўғри йўл билан қилинмоқда. Чунки халққа маълумот бермайди. Ишларини режа билан қилмайди. Ҳозирча раҳбарларни алмаштириш билангина банд. Бунинг самара бериши номаълум. Ростини айтганда, Бейшеналиевнинг вазирликдаги келажагини айтиш қийин», — деб тушунтирди у.
Миллий марказнинг жамоаси билан низо
Миллий кардиология ҳақида гап очиш билан Султангазиев унинг директори Акпай Сарибаевнинг хизматдан олинишини айтмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан Сарибаевнинг ишдан олинганини аудит натижасида марказдан аниқланган хатолар билан тушунтиришган.
Миллий марказнинг эски директори эса Бейшеналиевга унинг иш ўрни керак бўлган деб ҳисоблайди.
«У билан рози бўлганлар қолади, бошқалари эса ишини йўқотади. У келганидан бери бизнинг соғлиқни сақлаш тизимимиз зарар кўрмоқда», — деб билдирган у.
12-декабрда ижтимоий тармоқларда Алимкадир Бейшеналиев Миллий кардиология ҳамда терапия марказининг ходимлари билан учрашгани тасвирланган видео тарқаган. Видеода марказнинг бир неча ходими вазир билан баланд овозда гаплашаётгани кўринади.
Учрашувда марказнинг юристи Жумгал Ўмуралиев Бейшеналиевни «кўчадан келган вазир» деб атаб, низо кучайиб кетган. Шундан кейин вазир Сарибаевни ишдан кетказиш ҳақидаги буйруғини ўқиб, учрашувдан кетиб қолган.
Шундан кейин Акпай Сарибаев Миллий марказнинг ходимларига Бейшеналиев уни қамайман деб қўрқитганини айтиб берган.
Алимкадир Бейшеналиев ва Соғлиқни сақлаш вазири ҳозирча бу бўйича изоҳ бермаган.