Таласдаги «Чингиз-Ордо» мажмуасини қуришдаги қонунбузарликда гумонланиб икки киши қўлга олинди

253
«Чингиз ордо» тарихий-маданий мажмуасидаги ёзувчининг эсталиги.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 13-декабрда Талас вилоятининг Шекер қишлоғидаги «Чингиз ордо» тарихий-маданий мажмуасини қуришда қонунбузарликлар аниқланганини билдирди.

Маълумотга кўра, Талас вилоятининг Капитал қурилиш бошқармасининг ходими хизмат вазифасини суиистеъмол қилиб, мажмуани қуришда бажарилган иш кўламини ортиқча баҳолаган.

Қўлга олинган гумонланувчилар. Сурат: МХДҚнинг матбуот хизмати.

10-декабрда жиноятда гумонланиб Талас вилоятининг капитал қурилиш бошқармасининг собиқ етакчиси ҳамда «Бийиктик Инвест» масъулияти чекланган жамиятининг директори қўлга олинди.

МХДҚдан билдирилишича, 2018-йили «Чингиз-Ордо» тарихий-маданий мажмуасини қуриш учун Талас вилоятининг Капитал қурилиш бошқармаси томонидан тендер эълон қилинган. Унда  «Бийиктик Инвест» номидаги масъулияти чекланган жамияти енгиб чиқиб, 62 миллион 73 минг сомга келишув тузилган. Аммо, келишувда тугатиш муддати кўрсатилмаган.

Тендер эълон қилинган кундан бошлаб тўрт йил давомида пудратчи компания фақатгина 34 миллион сарфлаган. Капитал қурулиш бошқармаси эса бажарилган ишни қабул қилишда ҳеч қандай танқидий фикр айтмаган.

«Тарихий-маданий мажмуани қуришдаги амалга оширилган ишларнинг кўлами 6 миллион 179 минг 952 сомга ортиқча баҳолангани аниқланди», — деб ёзилади билдирувда.

«Чингиз ордо» тарихий-маданий мажмуаси. Сурат: МХДҚнинг матбуот хизмати

МХДҚ «Чингиз ордо» мажмуасини қуришдаги пудратчи компаниянинг сифатсиз бажарган ишини буюртмачи қабул қилгани ҳужжатлаштирилганини таъкидлади. Шунингдек, бу қайтадан ортиқча иш бажаришни ва қўшимча чиқимларни талаб қилишини қўшимча қилди.

Қўлга олинган шубҳаланувчилар эса Талас вилоят ИИБнинг вақтинча сақловчи жойига икки ойга қамалди. Ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, 25-ноябрда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси «Эйр Кыргызстан» авиакомпаниясидаги коррупцияни аниқлаб, ҳисоблаш палатасининг аудитори билан инспекторини коррупция гумони билан қўлга олган.

Махсус хизмат улар авиакомпаниянинг раҳбарияти билан яширин тарзда келишиб, давлатга 3 миллиондан ортиқ АҚШ доллари миқдорида зиён етказилганини «атайлаб яширганини» маълум қилган.