Сўқулуқда зўрлашда гумонланган кишининг оиласи қишлоқдан кўчирилди

356

Чуйнинг Сўқулуқ туманининг Исмаил қишлоғида 16 ёшдаги қизни зўрлашда гумонлан кишининг оиласи қишлоқдан вақтинча кўчиб кетди. Бу ҳақда Сўқулуқ туманининг прокурори Орозбек Бердибаев «Азаттык»қа билдирди.

Унинг айтишича, Оқсоқоллар судининг қарори ноқонуний. Аммо хавфсизлик учун гумондорнинг оиласи Бишкекка вақтинча кўчирилди, уларнинг уй-жойи эса ҳуқуқ тартибот органларининг назоратида бўлади.

«5-декабрдан бошлаб милиция ходимлари уларнинг хавфсзлигини ҳимоя қилиб юришган. Уйини ёндириб юборамиз деган гап тарқаганда у ерга соқчи қўйилган. Шунга қарамай, ўзларининг хавфсизлиги учун чиқиб кетишибди», — деган у.

Бунга қадар 8-декабрда Лунара Бекиева исмли Фейсбук фойдаланувчиси ўзининг саҳифасида гумондорнинг оиласи кўчишга тайёрланаётганининг видеосини юклаган.

«16 ёшдаги қизни зўрлашда гумонланган фуқаронинг уйига борсам, озиқ-овқатларини машиналарига солиб кўчишаётган экан. Оқсоқоллар кенгашининг аъзоси, қишлоқ раҳбари, милиция ходимлари юрибди. Қишнинг совуғида қариган ота-онасини, ёш болаларини кўчага чиқариш зарурмиди?» — деб савол қўяди Бекиева.

Видеонинг муаллифи Оқсоқоллар кенгаши чиқарган қарорнинг ҳуқуқий кучи борми деб савол берган. Видеода гумондорнинг онаси «бизда нима гуноҳ» деб қўшимча қилган. Ўшанда турғундардан бири уларга мурожаат қилиб, жабрланувчи томоннинг ҳам аҳволини ўйлашга чақирган.

Воқеа қандай бўлган?

5-декабрда 16 ёшдаги қизнинг отаси Сўқулуқ туман милициясига ариза билан мурожаат қилган. Ўз аризасида ота эрта тонгда балоғатга етмаган қизини номаълум одам Бишкек шаҳрига ишга етказиб қўйишни ваъда қилиб, йўлда куч қўлланиб зўрлаганини билдирган.

Милиция факт бўйича «Зўрлаш» моддаси билан иш қўзғаб, судгача тергов очилиб, тегишли экспертизалар тайинланган. Ўша куннинг ўзида 31 ёшдаги жиноятда гумонланувчи қўлга олиниб, вақтинча ушлаб туриш жойига киргизилган.

Жиноятда гумонланган шахс қўлга олинган куни туман милициясининг биноси олдига жабрланувчининг элликка яқин қариндоши ва ҳамқишлоқлари тўпланган. Улар гумондорни қўлга олиб, чора кўришни талаб қилишган.

7-декабрда эса жабрланган қизнинг яқин қариндошлари, туман ҳокими Қурманбек Айтибаев, маҳаллий ҳукумат вакиллари, имом, маҳаллий депутатлар, қишлоқ турғунлари ва Оқсоқоллар суди тўпланиб мажлис ўтказган.

Қишлоқ турғунлари гумондор бунга қадар «икки қизни зўрлаганини», аммо, «ҳуқуқ тартибот органларига пул бериб, жиноий жавобгарликдан қутилиб қолганини» айтиб гумондорнинг оиласини қишлоқдан кўчириш талабини қўйишган.

Натижада Оқсоқоллар суди қарор чиқариб, гумондорнинг оиласига қишлоқдан кўчиб кетиш учун уч кун муддат беришган.