Видео: Жалолободда ўзидан 10 ёш кичик қизни олиб қочган киши сўроққа олиб келинди

375

Жалолобод шаҳрида 17 ёшли қизни куч қўлланиб олиб қочган 27 ёшдаги киши қўлга олинди. У ҳозирда терговда сўроқ бермоқда. Жабрланувчи қиз эса ота-онасига ўтказиб берилди.

Жалолобод вилоят ИИБдан билдирилишича, воқеа 8-декабарь эрталаб таҳминан соат 07:55да бўлган. Ўшанда шаҳарнинг Токтогул кўчасида жойлашган «Эмаком» қурилиш компаниясининг олдида 3-4 нафар йигит қизни оқ рангдаги «Дэу Матиз» машинасига куч қўлланиб солиб, ўғирлаб кетишган.

Бу вазиятни гувоҳлар видео тасвирга олиб, у ижтимоий тармоқларга тарқаган. Унда қизнинг қаттиқ қичқириб қаршилик кўрсатганига қарамай болалар уни машинага солишганини кўриш мумкин. Қизга дугонаси ёрдам беришга ҳаракат қилган, аммо йигитлардан бири унинг қўлини қайриб ушлаб турган.

Қизни машинага солгандан кейин бошқа одамлар ҳам келиб ёрдам беришни истаган, аммо гумондорлар машина билан кетиб қолишган.

Айни куни милиция тезкор-тергов олиб бориб, қиз 17 ёшдаги Бозорқўрғон туманининг турғуни эканини, уни ўзининг ҳамқишлоғи — 27 ёшдаги киши никоҳга олиш мақсадида ўғирлаб кетганини аниқлаган.

Милиционерлар гумондорнинг уйига бориб қизни ота-онасига ўтказиб бериб, гумондорни эса терговга олиб боришган. Ҳозирда унинг «шериклари» қидирилмоқда.

Жорий йилнинг июль ойида Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида ўғирланиб, зўрланганини айтган 17 ёшли қиз ва унинг онаси жамоатчиликка видео мурожаат қилган.

Мурожаатда улар қизни ўғирлаган одам озодликда юрганини айтишиб, милиция ва судларга норози бўлишган. Вилоят ИИБдан «Олиб қочиш» бўйича иш судга ўтганини айтишган,  «Зўрлаш» иши эса қисқариб кетгани маълум бўлган.

Судга етмаган олиб қочиш фактлари

Қирғизистонда олиб қочиш бўйича ишларнинг кўпи судга етмай қисқариб кетади  — етса ҳам айбланувчилар кўп ҳолларда жазосиз қолишади. Масалан, 2020-йили Жалолобод вилоятида олиб қочиш бўйича 19 факт қайд этилиб, уларнинг бари терговда қисқарган.

Милиция бунга «қизларнинг ота-оналари улар ўз истаги билан турмуш қурганини,даъволари йўқлиги айтиб ёзган қарши аризаларини» асос қилган.

Жами бўлиб 2021-йилнинг тўққиз ойида Қирғизистонда олиб қочишнинг 187 ҳолати қайд этилган. Унинг саккизтасигина судга ўтиб, қолганлари «жиноят унсури йўқ бўлгани сабабли» иш қисқартирилган.

Апрелда ўғирланиб, шундан кейин ўлдирилган Айзаданинг аянчли воқеасидан кейин «Клооп»нинг ва «Азаттык»нинг журналистлари «олиб қочиш» бўйича охирги беш йилдаги суд жараёнларини тадқиқ қилиб, Қирғизистонда олиб қочишга қарши модда деярли ишламайди деган хулосага келишган.