Бишкек мэриясининг Муниципал мулкни бошқарув бошқармасининг етакчиси Канат Сагинбаев 8-декабрда шааҳар муниципалитети Нариман Тулеевга 8 хонадонини қайтариб беришини билдирди. Унинг айтишича, мазкур қарорни Бишкек шаҳар суди чиқарган.
Вице-мэр Таалайбек Орозовнинг айтишича, муниципалитетга Тулеевнинг мусодара қилинган саккиз хонадони ўтказилган, аммо суд ҳукми етти квартира учун чиққан.
Тулеев ўзи Фейсбук саҳифасига квартираларидан бири курашчи Айсулуу Тинибековага совға қилинганини, аммо суд қарорига кўра у қайтариб берилиши кераклигини билдирган.
Шунингдек, у «аввал ваъда қилганидек» барча квартираларини Давлат ипотека компаниясига ўтказиб беришини қўшимча қилган. Унинг айтишича, «халқ одамлардан квартираларни тортиб оляпти деб ўйламаслиги учун» аниқлик киргизишни исайди.
Тулеев нима деган?
«Қайтариб бериладиган мулкнинг ичидан биз отамиздан ёдгорлик қатори қолган “Караван” савдо марказинигина қайтариб олдик. Унинг лойиҳаси бизга мерос. У ерда каркасидан бошқа ҳеч нарса ҳам йўқ. Эскалаторлар ишламайди, траволаторлар бўш, томидан сув томади. Аввал биз уни бузиб янги “Караван” қурамиз деб ўйлаганмиз, аммо юзлаган одамлар кўп вақт ишсиз қолар эди. Шу сабабдан биз халқни тушиниб, ичини капитал таъмирдангина ўтказайлик дедик. Яқин келажакдаги режамиз бу ерни шаҳарнинг кўркли ери қилиб ясаймиз», — деб ёзди у.
Тулеев суд жавобига тортилаётганда агар оқланиб қолса барча хонадонларни ўтказиб бераман деган ваъдасини ёдга солди. Энди у Ленинг туман судида тўлиқ оқланганини, шу сабабдан бу квартираларни Давлат ипотека компаниясига совғага бериш қарорини қабул қилганини таъкидлади. Шунингдек, у ҳуқуқий жиҳатдан хонадонларни эгасига қайтариб бериш, шундан кейин уни ўз истаги билан давлатга ўтказиб бериш тўғри деб ҳисоблайди.
Ленин туман суди 2021-йилнинг 17-сентябрида Тулеевнинг 2013-йилнинг 29-июлдаги Ленин туман судининг мулкни мусодара қилиш қисмидаги ҳукмини алмаштириб бериш бўйича аризани тўлиқ қаноатлантирган.
«Суд жавобига тортилаётганда мулкни тортиб олиш Конституциянинг асосларига қарши келиб, тўлиқ турда ноқонуний бўлгани хавотирлантираётганини айтганман. Ўшандаёқ агар квартиралар оддий фуқароларга, ўқитувчиларга ёки шифокорларга берилса, ҳеч қачон уларга қайтадан эгалик қилмайман деганман. Адолат қарор топди, мен сўзимда тураман», — деб ёзган собиқ мэр.
Собиқ мэр бундан ташқари Тулеевларнинг оиласи давлатнинг ҳисобига икки маъмурий биноси ўтказиб бераётганини билдирди: «Сапатком маркази» ФҲВга ва Умоталиев кўчасидаги бино рақамли ривожлантириш вазирлигига. Тулеев жами бўлиб давлатга 11 квартирани ўтказиб бераётганини, яна 5-6 квартирани ўтказиб бериш имконияти кўриб чиқилаётганини билдирди.
«Ҳукм давлатни қўллаш мақсадида қабул қилинди. Давлат мустақиллик олган 30 йилдан ортиқ вақтдан бери халқ ўзгариш бўлади деб ишониб келган, бу умид баридан ҳам кучли. Шу сабабдан халқнинг умидини оқлаш учун ватанимга қўлимдан келишича ёрдам беришга тайёрман», — деб ёзган Тулеев.
Тулеев Ўш шаҳрида савдо-кўнгил очар марказини қуришга ҳам рухсат олинганини, яқин орада лойиҳам жамоатчиликка кўрсатилишини қўшимча қилди.
«Бу шаҳарликлар учун Ўшдаги энг чиройли кўнгил очар жойи бўлади», — деб ёзди собиқ мэр.
Тулеевнинг бинолар нима учун олинган?
Бишкекнинг собиқ мэри Нариман Тулеевга 2012-йили пойтахтга Хитойдан автобус ва қор тозаловчи техникаларни сотиб олишда давлатга йирик миқдорда зиён етказилган деб айб қўйилган.
Терговнинг версияси бўйича, Тулеев давлатга 33 млн сом миқдорида зарар етказган. 2013-йили Ленин туман суди собиқ мэрнинг мулкини мусодара қилиш билан 11 йилга озодликдан маҳрум қилган.
Аммо Тулеев 2016-йили амнистия орқали озодликка чиққан. Шу билан бирга, етказган зарарлари учун давлат бюджетига 60 млн сом миқдорида жарима тўккан.
Ўша вақтдаги ҳукумат унинг «Караван» савдо марказини, «Сапатком» бизнес марказини (2021-йилнинг сентябридагина ФҲВ кўчиб борган), Тулеевга ва унинг яқинларига тегишли қимматбаҳо автомобилларни мусодара қилган. Бундан ташқари, квартиралари ҳам мусодара қилинган — 2021-йилнинг апрелида уларни сотиб юборган деб мэриянинг ходими Эрик Аширалиев 16 йилга судланган.
Тергов версияси бўйича, Аширалиев Ленин туман маъмуриятининг иқтисод ва молия бўлимига ишга ўрнашиб, собиқ мэр Нариман Тулеевдан конфискацияланиб олинган саккиз квартирани ноқонуний сотиб юборган. Уларни мэрия ҳусусийлаштириш ҳуқуқисиз хизмат квартираси қатори фойдаланмоқчи бўлган.
*Бундан ташқари, Тулеев 2008-йилдан 2010-йилгача Ататурк паркидаги 21 ер участкасини шахсий фойдаланишга берган. Дастлаб, 2008 йили у ҳозирги Бош прокуратура биносининг атрофидаги участкаларни сотган. Дастлаб бу ерлар чет эллик делегациялар учун меҳмонхона мажмуасини қуриш ишига деб президентнинг иш бошқармасига бўлиб берилган. Тулеев шунингдек паркнинг чет қисмидаги икки ер участкасини ҳусусий мулкка берган.
Тулеев уй ва бизнес-марказни қуриш мўлжалланган 600 квадрат метрлик майдони бўлган бир ер участкасини ўзининг отасига бўлиб берган.
2020-йилнинг 20-октябрида, парламент сайловидан кейинги сиёсий кризис вақтида Тулеев Бишкекнинг вице-мэри бўлиб тайинланган.
Аммо унинг бу хизматга тайинланиши шаҳар турғунларининг норозилигига сабаб бўлган. Улар «ҳукуматга репутацияси булғанмаган янги одамларнинг келишини» талаб қилишган. Икки кундан кейин, 22-октябрда Тулеев биринчи вице-мэрлик хизматидан истеъфога кетган.
2021-йилнинг февралида Тулеев суд собиқ инстанцияларда унга нисбатан чиқарган ҳукмлар бекор қилинганини маълум қилган. У унга нисбатан жиноят иши «Атамбаевнинг одамлари томонидан ёпиштирилганини» айтган. У буни Атамбаев ҳукуматда турганда қамалгани учун айтган. Айни ойда у коррупцияни тан олган ва «Магнитскийнинг рўйхати»га кирган божхона етакчисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовни феномен деб атаб, коррупцияга аралашган амалдорнинг ишлашига имконият беришни илтимос қилган.
Тулеев ўша 2013-йилдаги қарордан шикоят қилиб, 2021-йилнинг 17-сентябрида унинг 2013-йилнинг 29-июлдаги Ленин туман судининг мулкни мусодара қилиш қисмидаги ҳукмини алмаштириб бериш бўйича аризаси қаноатлантирилган. Тулеевга савдо марказининг ер тўласини ва биринчи қаватининг бир қисми қайтарилган.