Ўш мэрияси Янги йилни нишонлаш учун 3,2 млн сом сарфлайди. Тендерни ким ютди?

378
Ўш шаҳрининг марказий майдони, архив сурат. Муаллиф: Айбике Адилет қизи

Ўш шаҳар мэрияси Янги йил байрамини нишонлаш учун 3 млн 243 минг 510 сом сарфлайди. Бу ҳақда мэриянинг давлат харидлари порталига эълон қилган тендерида маълум бўлди.

Мэриянинг матбуот котиби Азамат Жээнбековнинг айтишича, бу маблағ арчани безашга, бу йил йўлбарс йили бўлгани сабаб майдонга уч метрлик йўлбарс ўрнатишга, мэрнинг арча байрамини ўтказишга, болаларга совғалар олишга, кўчаларни, майдонни безатишга ҳамда фейерверкларни сотиб олишга сарфанади.

Бу орада Бишкек мэрияси шаҳардаги тутун (смог) сабабли Янги йил салютидан бош тортди. Айни вақтда тутун қишда Ўш шаҳрини ҳам қоплайди.

Тендерни ким ютди?

Ўш мэриясига қарашли муниципал хусусий бошқармаси мазкур тадбирни ўтказишга 23-ноябрда тендер эълон қилиб, унга 3 млн 255 минг 310 сом сарфлашни режа қилган. Аммо хусусий тадбиркор Динара Қадирова 11 800 сомга кам маблағни — 3 млн 243 минг 510 сом — таклиф қилиб, 25-ноябрда тендерни ютиб олган. Келишим тўғридан-тўғри тузилган, танловга Қадировадан бошқа ҳеч ким қатнашмаган.

Қадирова ҳақида очиқ манбалардан маълумот топа олмадик. Аммо давлат харидлари порталидан, аёл Ўш мэриясига қарашли муниципал хусусий бошқармаси ҳамда бошқа идоралар эълон қилган тендерларни ҳам ютиб кетганини кўриш мумкин.

Масалан, яқиндагина 5-октябрь шаҳар кунини нишонлаш учун майдонни безаш бўйича тендерни ҳам Қадирова қўлга киритган. Унинг қиймати 449 минг 215 минг сомни ташкил қилган.

Ундан аввал эса Наврўз байрамини нишонлаш учун майдоннинг безалишига эълон қилинган тендерни ҳам Қадирова ютган. Унда мэрия безаш учун 650 минг сом сарфлашни режалаштирган, тадбиркор аёл эса 571 минг 460 сом таклиф қилган.

Қизиғи, танлов 23-мартгача давом этиб, келишув тўғридан-тўғри тузиладиган бўлган. Аммо Наврўз байрами 21-мартда нишонланган. Қонун бўйича тендер тадбир ўтишидан аввал натижаланиб, енгувчилар аниқланиши керак.

Тендерни ўтказган муниципал хусусий бошқармадан «бари қонун доирасида ўтганини» айтишди. Бунга қадар ўтган тендерларни кўп ҳолларда Қадирова ютиб олганини «бошқа тадбиркорлар тендерга қатнашмагани» билан асослашди.

Уларнинг айтишича, Ўшда майдонни безовчи учгина ишхона бор, унинг иккиси тендерларга қатнашишдан бош тортиб келади.

«Масалан тендерни ютганлар Янги йил байрамида арчани ўрнатиб, у олунгача унинг хавфсизлигига жавобгарликни олади. Чунки шунчалик арча қулаб тушмаслиги керак, унинг гирляндлари ёниб кетмаслиги керак. Шу сабабли тадбиркорларнинг айримлари “пулни олган билан муаммоси, жавобгарлиги кўп” деб очиқ айтишади», — деб билдиришди бошқармадан.

Шунингдек муассасадан прокуратура ва Ҳисоб палатаси безаш бўйича тендерларни биргина Қадирова ютиб юрганига «қизиқиб текширув олиб борганини, аммо қонун бузарлик топа олмаганини» қўшимча қилишди.

Ўш мэриясининг дабдабали байрамлари, шубҳа туғдирган тендерлари

Ўш шаҳрининг мэри Алмаз Мамбетов мустақиллик кунида отилган салютга қараб турган вақти.

Ўш мэрияси ўтган йили ҳам Янги йил байрамининг тантанали ўтказиб унга 1 миллиондан ортиқ маблағ сарфлаган — арчани безашнинг ўзига деярлик 700 минг сом пул сарфлашган. Айни вақтда Бишкек мэрияси концерт тадбирларини ўтказмаган, арчани ўтган йилдаги безаклар билан безаган.

Бу йил мустақилликнинг 30 йиллигини нишонлаш учун эса шаҳар ҳокимияти  1 млн 989 минг сом сарфлаган. Мазкур маблағ эвазига марказий майдонга баннер илиниб, саҳна ясатилган.

Ўш мэрияси қайси байрам бўлса ҳам дабдаба билан ўтказиб, унга юз минглаган пулларни сарфлайди. Шу билан бирга мэрия эълон қилган тендерларда шубҳа туғдирган ҳолатлар бўлмай қўймайди.

Масалан, жорий йилнинг июнида Ўш мэрияси ёшларнинг инновация марказининг очилиш тадбири учун бўғирсоқ, сомса ва пирог сотиб олиш учун тендер эълон қилган.

Унга кўра, тадбирнинг дастурхонига мэрия 312 минг сом сарфламоқчи бўлган. Натижада дастурхон тайёрлашга тендерни энг оз нарх, 180 минг сом таклиф қилган «Эр-Ас-компани» қурилиш компанияси енгиб олган.

Бу маблағнинг ярмидан кўпи — 100 минг сом бўғирсоқ сотиб олишса сарфланадиган бўлган.

Унда Ўш мэриясида 35 минг сомгагина тендер эълон қилганини, техник хато сабаб эса нол ва вергуллар қўшилиб қолган деб асос айтишган.

Кейинчалик Бош прокуратура тантанали тадбирга дастурхон тайёрлаш бўйича тендер ўтказишда Ўш мэрияси тарафидан бир қатор қонунбузарликлар бўлганини аниқлаб, тегишли ходимлар жавобга тортилганини билдирган.