«Ата Мекен»: Бектур Асановни партиянинг штабидан МХДҚга олиб кетишди

334

«Ата Мекен» партияси уларнинг номзоди Бектур Асановни штабдан МХДҚга сўроққа олиб кетишганини маълум қилди. Айни вақтда махсус хизматнинг бу ҳаракатига нима сабаб экани номаълум — терговга чақирув қоғози ҳам келмаган. МХДҚ Асановнинг терговга олиб кетиш сабабини ҳозирча айтгани йўқ.

«МХДҚ ходимлари Асановни шунчаки сўроққа олиб кетяпмиз деб айтишган. Бўлди. Бошқа ҳеч нарса тушунтирилмади ва қайси иш бўйича тергов қилинади деган саволга жавоб бермади», — деб айтишди партиядан.

Аввалроқ Бектур Асанов МХДҚ етакчиси уни қўрқитганини, ҳокимиятга эса «бандитлар» келганини айтган.

«Мени кеча Ташиев дўстим қўрқитди. Равшан Сабировнинг телефонидан ёзиб, қўнғироқ қилиб…”, — деб айтган Асанов жамоатчиликка. Унинг айтишича, МХДҚ етакчиси унга «сен ёмон одамларга қўшилибсан» деган. Асанов унга «мен сени дўст дебгина сиёсий дунё қарашимни ўзгартирмайман» деб айб жавоб берган.

«Мен унга — қўрқитма деганман. Кейин ота, онани ҳам қолдирмай сўкишдик. Мени фикримча Ташиев бу хизматга боргандан кейин, биринчи марта шундай дакки эшитган бўлса керак», — деган Асанов.

Асанов уни таҳдидлар тўхтата олмаслигини айтган. Шунингдек, у сиёсий оппонентлари — МХДҚ етакчиси Қамчибек Ташиевни ҳамда президентни — икки юзламачиликда айблаган.

«Мана Ўмурбек Чиркешович билан қамоқда ўтирдик. Бугун биз билан қамоқда бирга ўтирган икки йигит келиб, қўлимни қисиб кетди. Ташиев ҳам ўтирган, Садир ҳам ўтирган. Қамоқда ҳам биз эркакча ўтирдик. Қамоқда ҳам биз номусимизни йўқотмадик. Уларга ўхшаб турланмадик. Бир сафар ўзига-ўзи пичоқ санчиб, бир сафар Атамбаевни мақташиб, Атамбаевнинг олдида синиб, эгилиб-букилишганини яхши биламиз. Бизда бундай бўлмаган. Бизни Ақаевнинг ҳам, Бакиевнинг ҳам, Атамбаевнинг ҳам «қоралари» қўрқита олмаган», — деган у.

Бектур Асанов ким?

Бектур Асанов

Бектур Асанов 2009-2010 йиллари Қирғизистоннинг Покистондаги элчиси ва Жалолобод вилоятининг губернатори бўлиб ишлаган.

У Миллий мухолифат ҳаракатининг ҳам лидери бўлган. 2015 йили ўша вақтда президент бўлиб турган Алмазбек Атамбаевни Бишкекнинг Туманлар аро судга берган. Асанов Атамбаевни қонунни бузиб, ўзи асос солган КСДП партиясини қўллаган деб айблаган. Шундан кейин 2016 йилнинг март ойида собиқ депутат Кубаничбек Кадиров ҳамда Эрнест Карибеков билан биргаликда «Ҳокимиятни куч билан тортиб олиш» моддаси билан қўлга олиниб, 12 йилга ҳукм қилинган. Аммо Асанов билан Кадиров 2019 йилнинг февраль ойида муддатидан аввал шартли бўшатилган. Карибековнинг жазо муддати эса 11 йилгача қисқартирилган.

2018 йили январда мухолифатчилар уч ҳафтадан ортиқ чўзилган очликни эълон қилишган. Улар ўша вақтда МХДҚнинг етакчиси Абдил Сегизбаевни суднинг қарорига таъсир берган деб айтиб, унинг хизматдан кетишини талаб қилишган.

Кейинчалик 2019 йилнинг февралида суд собиқ депутатларни амнистия билан озод қилган. Озодликка чиққанда Асанов билан Кадиров ўша вақтда президент бўлиб турган Сооронбай Жээнбековнинг сиёсатини қўллашини айтиб чиқишган.

2020 йилнинг августида Асанов президент Сооронбай Жээнбековга видео мурожаат қилиб, Божхона хизмати етакчисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовга нисбатан чора кўришга чақирган. Президент аппаратидан унга жавоб беришмаган.