МСК «Яшиллар партияси»нинг номзоди Турдумалиевни жавобга тортишга рухсат берди

328

Марказий сайлов комиссияси (МСК) 1 -декабрда «Қирғизистон Яшиллар» партиясидан номзод Кайрат Турдумалиевни жиноий жавобгарликка тортишга розилик берди. У парламент сайловидан кейин ҳукуматни босиб олишни режалаштирганликда гумонланмоқда.

Кайрат Турдумалиев. Сурат: AKIpress

МСКнинг йиғинида МХДҚ вакили Турдумалиевни «ҳокимиятни куч билан босиб олишга тайёрланиш» моддаси бўйича жавобгарликка тортишга «етарли далиллар бор» эканини билдирди.

Аввалроқ, Жогорку Кенеш депутатларининг сайлов олдида МХДҚ ходимлари «Эл Интимоғи» ҳаракатининг, «Қирғизистон Яшиллар» партиясининг аъзоларини ва амалдаги парламент депутатини қўлга олишган.

МХДҚнинг версияси бўйича, улар ўзаро сўзлашиб, «айрим сиёсий кучларнинг қўллови билан Бишкекда оммавий норозиликлар уюштиришни, ҳуқуқ тартибот органлари билан тўқнашувни ҳамда ҳукуматни куч билан босиб олишни режалаштиришган».

Давлат қўмитаси мазкур иш бўйича 15 киши қўлга олинганини билдирган, аммо иш фигурантларининг исмларини айтиб ўтмаган. Ҳозирда қўлга олинганларнинг 10 нафари маълум.

Уларнинг орасида «Эл Интимоғи» ҳаракатининг аъзолари бор: Аскат Темиралиев, Нурсултан Большевиков, К. Сатар ўғли, Азамат Мусакеев, Нурбек Калекеев ва Н.Сатинбековлар.

Бундан ташқари «Қирғизистон Яшиллар» партиясининг уч номзоди қўлга олинган, улар Нурис Суйоркулов, Руслан Акматбеков ва Бекназар Купешев.

Мазкур иш бўйича парламент депутати Бакит Жетигенов ҳам қўлга олинган. Бари 2022-йилнинг 26-январигача қамоқда қолдирилган.