Адахан Мадумаров: МСКнинг олдига норозиликка чиққан партияларнинг талаблари 100% тўғри

284
Адахан Мадумаров

«Бутун Қирғизистон» партиясининг лидери Адахан Мадумаров парламент сайловининг дастлабки натижаларидан норози бўлган партияларнинг қўйган талабларини «тўғри» деб атади.

Мадумаров сайлов тугаши билан Марказий сайлов комиссиясининг маълумот тизимида камчиликлар юз берганда «кўзбўямачилик бўлган» деб ҳисоблайди.

Партиянинг лидери сайловнинг натижаси «дунёни эмас, барча нарсани кўрган Қирғизистон халқини хайрон қолдирди» деб билдирди. Буни «номсиз, танилмаган» партиялар Жогорку Кенешга ўтди деб тушунтирди.

«Ҳеч кимнинг оти йўқ, ҳеч бир ерда учрашув ўтказмаган, етакчиси ким эканини ҳам билмаган “қўл бола” партиянгларни парламентга сочидан судраб олиб бораяпсизлар», — деди Мадумаров.

Мадумаровнинг айтишича, ҳукумат «сайловга келмаганлардан фойдаланиб, истаганини қилди».

«Мана ўша масъулиятсизлик оқибати Қирғизистонни жуда ҳам орқага тортяпти. Бир соатни ўз давлатинг, ўз халқинг, халқинг тақдири учун сарфласанг ниманг камайиб қоларди?», — деб савол қўяди Мадумаров.

МСКнинг сайтидаги тизимда юз берган хато

28-ноябрда парламент сайлови тугагандан кейин МСКнинг сайтидаги маълумот тизими вақтинча ишламай қолиб АСУнинг натижалари ўзгарган.

Дастлабки маълумотлар эълон қилингандан кейин, партиялар олган фоизларнинг умумий ҳисоби 150%га етган, ғалабага эришган партияларники эса 130%дан ортган. МСК бир қанча вақтдан кейин хатоларни тузатган, аммо шундан кейин ҳам айрим маълумотлар мос келмаган.

Марказий сайлов комиссиясининг етакчиси Нуржан Шайлдабекова МСКнинг асосий тизимида ҳеч қандай хатоликлар йўқ эканини билдирган. У «таблицадаги кичик бир формула нотўғри ёзилиб қолган» деб таъкидлади.

Бунга қарамай бир неча партия сайловнинг дастлабки натижаларини тан олмаслигини билдириб, ҳукуматни натижани ўзгартиришда айблашган. 29-ноябрла партияларнинг тарафдорлари Марказий сайлов комиссиясининг олдига митингга чиқишган. У ерда ҳукуматга икки кун ичида янги сайов тайинлаб, МСКнинг аъзолари билан ҳукуматни истеъфога кетказиш талаби қўйилган.

МСК эса жавобан «механик хато» учун кечирим сўраб, бу ҳақда тўлиқ маълумот бериш учун партия вакилларини чақиришни ваъда қилган. Кўп ўтмай МСК сайтдаги камчилик «ходимнинг хатоси оқибатида бўлган» деб билдирган. Айни шу версияни воқеани текшира бошлаган МХДҚ ҳам далил қилмоқда.