Садир Жапаров: MegaCom’да фойданинг 1 млрд соми «еб турилган»

286

Президент Садир Жапаров 26-ноябрда Хавфсизлик кенгашининг йиғинида Давлат мулк фондини танқид қилиб, бунга қадар давлатга қарашли MegaCom компаниясида даромаддан тушган 1 млрд сом «еб кетилган» деб билдирди.

Жапаровнинг айтишича, 2021-йилнинг бошида у MegaCom’нинг раҳбариятини алмаштириб, компаниянинг даромадини 1,5 млрд сомга етказишни топширган. Агар бундай бўлмаса жиноий жавобгарликка тортилишини айтган.

«Аввалги йиллари 2-3 млрд сом соф даромад бераётган бўлса, икки-уч йилдан бери 500-600 млн сомга тушиб қолган. Абонентлар учун тарифлар ўзгармаган, аммо даромад тушиб кетган», — деб билдирди Жапаров.

Шунингдек у, ҳозирда компания 1,5 млрд сом соф даромад берганини қўшимча қилди.

«1 млрд сом қаерга йўқ бўлган? Ўзинглар ўйлаб кўринглар. Ўтган йили бўлган 1,5 млрдгача солиқ тўккан. Бу йил 3 млрд солиқ тўлаб, 1,5 млрд сом соф даромад топа олади. Аввал 1,5 млрд солиқ тўккан, солиқдан ҳам, соф даромаддан ҳам 1 миллиардини еб юрган», — деб айтди президент.

Бундан ташқари, Жапаров Давлат мулк фондига қарамоғидаги мулкларини рўйхатга олишни топширди. Президентнинг айтишича, фондда давлатга қарашли қанча мулк борлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ.

«Бундан ташқари, бюджетнинг бажарилиши бўйича яна жуда катта камчиликлар бор экан. Бизнинг давлат мулкини ҳар ойда, керак бўлса ҳафта сайин ҳисоботини олиб, текшириб туришимиз керак. Қандай ишлар олиб борилмоқда, қайси йўналишда бормоқда, қанча даромад топмоқда, шу каби масалаларни керак бўлса кунда олиб турсак бўлади», — деб қўшимча қилди у.

MegaCom алоқа оператори Қирғизистонда 2006-йили ишлай бошлаган. 2010-йилнинг апрелидаги тўнтариш натижасида ҳукуматга келган муваққат ҳукумат ўзининг декрети орқали компаниянинг 49% акциясини миллийлаштирган.

Тўрт йилдан кейин «Мегаком» тўлиғи билан давлат ҳисобига ўтган. Аммо давлат ҳукумати компанияни ёки унинг улушини сотиш бўйича ўнлаб ҳаракатларни қилган.

Ҳукуматнинг MegaCom’ни сотиш ниятини охирги сафар 2021-йилнинг июлида депутат Дастан Бекешев маълум қилган. Аммо депутат давлат ширкатини сотишга президент Садир Жапаровнинг сафдоши, МХДҚ етакчиси Қамчибек Ташиев қарши чиққаини қўшимча қилган.