Нокен: Бақтибек Сидиқовнинг устидан МСКга овоз сотиб олиш бўйича ариза тушди

386
Бактибек Сидиков

Марказий сайлов комиссиясига 23-ноябрда бир мандатли №16 Нокен сайлов округидан парламент депутатлигига номзод Бақтибек Сидиқовнинг устидан «овоз сотиб олиш» бўйича ариза тушди. Новкен туман ички ишлар бошқармаси судгача тергов ишларини бошлади.

Аризани мазкур округдан номзод Акилбек Арстанбеков ва Нокен туманининг бир неча турғуни ёзган. Улар Сидиқов Нокен туманининг Қурама қишлоғидаги футбол майдончасига «6,5 минг долларлик сунъий газон тўшаб берган» деб билдиришган.

Бундан ташқари, турғунлар Сидиқов Ақбата қишлоғидаги сайловчилар билан учрашувда ўз ҳисобидан трансформатор ва электр симларини ўрнатиб беришни ваъда қилганини маълум қилишган.

Ижтимоий тармоқларда тарқаган видеоларнинг бирида милиция ходимлари Нокен тумани турғунининг уйида футбол майдончасига тўшалувчи газон рулонларини топишган.

Яна бир видеода Сидиқов бўлиши мумкин бўлган киши сайловчиларнинг олдида сўзлаётиб, ижтимоий муҳтожликларни ўз маблағидан таъминлаб беришни ваъда қилган.

«Қаерда свет бўлмаса, қайси ерга сим ёғоч, трансформатор, сим керак бўлса — мана мен ўзимнинг маблағимдан қилиб бераман. Худо хоҳласа икки йилнинг ичида Нокен тумани бўйича 1950-йиллари ўрнатилган симёғочлар бўлмайди. Электр ёруғи етмаган оила бўлмайди», — деган видеодаги одам.

Шунингдек Сидиқовга тегишли дейилган аудио ёзувда номзод «Нокен туманига мингдан ортиқ симёғоч ва 87 трансформатор қўйиб берганини» эшитиш мумкин.

Нокен туман ИИБи «Сайловчиларни сотиб олиш» моддаси билан судгача тергов бошлади.

Номзод Сидиқов эса Vesti.kg нашрига берган интервьюсида сайловдаги рақиби Арстанбеков «ёлғон маълумот тарқатиб, қораламоқда» деб билдирди.

«Шикоят қилган номзод Акилбек Арстанбеков енгилишини сезиб, туҳмат билан аризалар ёзяпти. У Бургонду қишлоқ ҳукуматини бошқарган укаси билан иш олиб боради. Мен газон сотиб олиб бермаганман, меннинг рейтингим бусиз ҳам баланд», — деди Сидиков.

Бақтибек Сидиқов

Бактибек Сидиқов давлат арбоби Усон Сидиқовнинг ўғли. У Жогорку Кенешнинг «Республика — Ата-журт» фракциясидан сайланиб келган. У 2020-йили натижаси бекор қилинган сайловга Матраимовлар кланига тегишли дейилган «Мекеним Қирғизистон» партияси билан қатнашган. Рўйхатда №22 ўринда бўлган.

У Москвадаги давлат технология университетида «инженер-механик» касбини эгаллаб, меҳнат йўлини 1994-йили қирғиз-қозоқ қўшма TriO-B ишхонасида бош директор бўлиб бошлаган.

Давлат хизматига эса 2005-йили молия вазирининг маслаҳатчиси бўлиб келган. Ўша йилдан бошлаб 2007-йилгача «Манас» аэропортида тижорий масалалар бўйича вице-президент бўлган.

2007-йилдан 2010-йилгача эса «Манас» аэропортини бошқариб турган.

Шунингдек у 2000-2001-йиллари «Қирғиз-Дан-Азиқ», 2001-2005-йиллари «Қирғиз-Дан» компанияларини бошқариб, 2011-йилдан 2015-йилгача «АККА компаниялар гуруҳида» директорлар кенгашининг етакчиси бўлган.

Давлатда ҳукумат алмашиб, Садир Жапаров келгандан кейин у «Манас» аэропортининг етакчиси бўлиб тайинланган. Ўша куннинг ўзида Сидиқовнинг тайинланишига қарши бўлган аэропортнинг ходимлари норозилик намойишига чиққан. Тўплангандар «Сидиқов кетсин, ёшлар келсин» деган шиорларни айтишган.

Сидиқов жорий йилнинг февраль ойида ишдан олинган.