ИИВнинг матбуот хизмати Ўш ШИИБи «Иймон Нури» партияси ташвиқотчиларини овоз сотиб олаётган вақтда қўлга олганини маълум қилди. Аммо партия қўлга олинган кишиларнинг уларга алоқаси йўқлигини айтмоқда.
Вазирликнинг маълумотига кўра, милиция ходимлари 24-ноябрда Ўш шаҳрининг 39 ёшдаги турғунини (М.И.) сайловчиларнинг овозини сотиб олаётган вақтда қўлга олишган. У ўзининг мазкур партиянинг ташвиқотчисиман деб таништирган.
Шунингдек у тергов вақтида келишув асосида ишлаб юрганини ва 22-ноябрда штаб етакчиси Алмагул унга овоз сотиб олиш учун 40 минг сом берганини айтган.
«У 24-ноябрда Ўш шаҳрининг Латипжанов кўчасида яшаган сайловчиларга пул тарқатаётганда қўлга олинганини тасдиқлаган. Шунингдек далил қатори М.И. бошқариб юрган “ДЭУ-МАТИЗ” машинасидан 20 дона 500 сомлик, бир дона 50 сомлик ва бир дона 20 сомлик купюрадаги пул маблағи, тўрт дона “Иймон Нури” сиёсий партиясига тегишли ташвиқот варақалари далил қатори олинган», — дейилди ИИВдан.
Ўш шаҳар ИИБи юқоридаги тарғиботчининг кўрсатмаси асосида «Иймон Нури»нинг яна икки ташвиқотчисини қўлга олган. Улар Т.Д. ва У.Н. инициаллари билан берилди. Ташвиқотчилар штаб етакчисидан овоз сотиб олиш учун маош қатори 10 минг сом олганини билдиришган.
Шундан кейин милиционерлар штаб етакчиси 49 ёшдаги А.А исмли фуқаро эканини аниқлашган. У ўз кўрсатмасида ҳар бир сайловчининг овози учун «1000 сомдан пул берилганини» тасдиқлаган.
ИИВнинг маълумотига кўра, М.И. ва Т.Д Ўш шаҳар ИИБнинг вақтинча ушлаб турилувчи жойига киргизилди. Уларнинг устидан «Овоз сотиб олиш» бўйича судгача текширув иши бошланди.
Милициядан воқеага алоқаси бор бошқа кишиларни аниқлаш бўйича тадбирлар давом этаётганини қўшимча қилишди.
«Иймон Нури» партияси нима дейди?
«Иймон Нури» партиясининг мухтор вакили Урмат Мергеналиев «Клооп»га қўлга олинган одамларнинг партияга ҳеч қандай алоқаси йўқ эканини билдирди.
«Бизга ИИВдан хат келди, у билан танишиб жавоб бердик. Қўлга олинган одамларни бизнинг партияга алоқаси йўқ. Маълумотда айтилаётган манзил бўйича бизни партиянинг штаби йўқ. Ўшда бизнинг биргина штабимиз бор. Бизга алоқаси йўқ одамларнинг қўлга олинаётгани бизга ҳам қизиқ бўляпти», — деди у.
Мергеналиев «Иймон Нури» партияси етти вилоят бўйича бирдангина штаб очганини, вилоят бўйича бирдангина штаб очганини, уларнинг етакчиси Мирлан Бекитаев эканини қўшимча қилди.
«Иймон Нури» партиясининг етакчиси Нуржигит Кадирбеков эса 24-ноябрда КТРКда ўтган партия лидерларининг дебатида уларнинг партияси штаб очмаганини ва ташвиқотчиларни ёлламаганини билдирган.
«Биз штабларни очмадик. Партия албатта штаб очиши керак деган талаб йўқ. Маблағимиз ҳам чекланган. Иккинчидан, ташвиқотчиларни олмаганмиз. Бир тарғиботчининг ҳақи 15 минг экан, 100 нафарини ёлласанг 1,5 миллион, патент ва солиқни қўшганда 2 миллион. 1000 кишини ёлласанг 15-20 миллион, қайдан топамиз бундай пулни?» — деган у.
Сайлов-2021
Жогорку Кенешнинг депутатларини сайлаш 28-ноябрга белгиланган. Жогорку Кенешнинг янги чақирилиши 90 депутатдан иборат. Депутатлар 5 йиллик муддатга сайланади.
Парламент сайлови аралаш сайлов тизими орқали ўтади. 54 депутат ягона сайлов округидан, пропорционал сайлов тизими орқали сайланса, қолган 36 халқ депутати мажоритар тизим орқали бир мандатли сайлов округидан сайланади.
Давлат бўйича партияларнинг ва бир мандатли округлардан жами — 1300дан ортиқ номзод талабгор бўлмоқда. Сайловга 21 сиёсий партия қатнашмоқда.