«Тўй яхши ўтди». Депутат Искендер Матраимов жиянининг тўйи бўлганини тасдиқлади

Божхона хизмати етакчисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовнинг ўғли уйланиб, тўй Бишкекда ўтди. Маълумотни Vesti.kg нашрига собиқ амалдорнинг акаси, депутат Искендер Матраимов тасдиқлади.

Чапда Искендер Матраимов, ўртада Райимбек Матраимов.

Унинг айтишича, укасининг ўғли «сиёсатчиларнинг эмас, оддий оиладан чиққан қизга уйланди». У никоҳ уйига қариндошлари, яқинлари чақирилганини таъкидлади.

«Келин сиёсатчиларнинг ёки амалдорларнинг оиласидан эмас, оддий оилади. Укам ўғлини кимга уйлантирганини айта олмайман. Бизга сиёсатда хоҳлаганча аралашишингиз мумкин, аммо оиламизга, фарзандларимизга аралашишининг кераги йўқ. Тўй яхши ўтди, бошқа ҳеч нарса айта олмайман. Байрамга фақатгина қариндошларимиз, оиланинг яқин одамлари қатнашди», — деб билдирди депутат.

Айни вақтда, бир қатор ОАВлар ўз манбаларига таяниб, Райимбек Матраимовнинг ўғли Бакай уйғур тадбиркори Хабибула Абдукадирнинг қизига уйланганини ёзишди.

Матраимов кланининг тарафдори Қилич Саркарбаев ва Бакай Матраимов 2016-йили. Ижтимоий тармоқдан олинган сурат

Ундаги маълумотга таянсак, никоҳ тўйи 20-ноябрда Sheraton меҳмонхонасида ўтди. Келган меҳмонларга фото ва видео тасвирга олиш таъқиқланиб, тўй тадбири миллий сир қатори сақланди.

ОАВлар тўйга бир қатор сиёсатчилар, собиқ ва амалдаги ходимлари қатнашганини таъкидлашди.

Матраимовларнинг оиласи ҳамда Абдуқадир божхонадаги коррупция ҳақидаги можароли журналистик суриштирувлардан кейин номи чиққан. «Клооп», «Азаттык» радиоси ва OCCRP Хабибула Абдуқадир кланининг юк ташувчи яширин империяси орқали Хитойдан товарларни ноқонуний олиб ўтиш схемасини ошкор қилган.

Империянинг ривожланишига қирғиз божхонасидаги коррупция сабаб бўлган, унга ўнлаб амалдорлар аралашиб, миллионлаган АҚШ доллари сарфланган.

Абдуқадирнинг оилавий клани Хитойдан Қирғизистонга, ундан нари Марказий Осиё давлатларига ноқонуний юк ташиётган вақтда Матраимов бу схеманинг бузилмай ишлашига ёрдам бериб, ҳақига оиласининг хайрия фонди ҳисобига  «эҳсон» олиб турган. Журналистлар бу схема орқали Қирғизистондан 700 млн доллар чиқариб кетилганини исботлашган.