Садир Жапаров: Янги кодексдан тергов билан ҳамкорлик деган норма бекор қилинди

496

Қирғизистон президенти Садир Жапаров прокуратура ходимлари кунида 1-декабрдан бошлаб кучга кирувчи кодексда тергов билан ҳамкорлик деган норма олиб ташланганини билдирди.

«Жиноятга гумондор қатори қўлга олинганлардан бири ҳамкорликка рози бўлиб, жиноят ҳақида маълумот берса, у ҳолда у одамнинг айби бор ёки йўқ экани аниқланмай туриб жиноят иши қўзғалиб қолмоқда», — деди у.

Жапаровнинг айтишича, аввалги кодекс аҳолининг манфаатига қарама-қарши келган.

Аслида эса коррупцияга гумонланган амалдорлар тергов билан ҳамкорлик қилиб эркинликка чиққан. Масалан, божхонада порахўрлик қилганини тан олган Райимбек Матраимов тергов билан ҳамкорлик келишувини тузиб, 260 минг сом жарима тўлаб озодликка чиққан.

Бундан ташқари, айни иш бўйича судланган яна икки божхоначи тергов билан ҳамкорликка боргани учун бўшатилган. Уларга ҳам 260 минг сомдан жарима солинган.

Янги кодексларни қабул қилишни 2021-йили бош прокурор Курманкул Зулушев илгари сурган. Зулушев кодексларнинг камчиликлари муҳокама қилинган бир неча йиғин ўтганини, натижада кодексларни тўлиғи билан ўзгартириб, 2019 йилгача қўлланилган кодексларга қайтиб келиш қарори чиқарилганини айтган.

Бунинг асосида 2021-йилнинг апрелида кодексларнинг янги таҳририни ишлаб чиқиш учун экспертлар гуруҳи тузилган.

Аммо юристлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари кодексларнинг янги лойиҳасини бир неча бор танқид қилиб, янги таҳрири ёпиқ эшик ортида ёзилганини ҳамда кўп ҳолларда коррупция, босим, қийноқ ва бошқа қонун бузарликлар учун кўплаган бўшлиқлар бўлган 1997 йилнинг кодексларига ўхшаш эканини таъкидлаган.

Улар президент Садир Жапаров билан парламентнинг олтинчи чақирилишига мурожаат қилиб, кодексларнинг реформасини тўхтатиб туришни сўрашган — чунки, уларнинг фикрича, реформа президентнинг мурожаати билан топшириқларига қарши келади.