Видео: Ўшда «Азаттык» партиясининг ташвиқот тадбирига талабалар қатнашди

357

Ижтимоий тармоқларда «Азаттык» партиясининг Ўш шаҳридаги ташвиқот тадбирига Ўш давлат университетининг талабалари  «ўқишдан бўшатилиб қатнашмоқда» деган видео тарқади. Партия тадбирни 3-ноябрда шаҳарнинг марказий майдонида ўтказган.

Видеони эълон қилган фейсбук фойдаланувчиси Сиймиқ Шамшиев ташвиқот тадбирига ўқув даргоҳининг педагогика, психология ва жисмоний тарбия факультетининг талабаларини ўқитувчилар олиб келганини ёзган. Аммо кўп ўтмай бу видео ўчирилган.

Журналист Идирис Исаков эса ўша жойга бориб учрашувга келган ёшлар қайси университетнинг талабалари эканини сўраган. Уларнинг айримлари ЎшДУнинг талабалари бўлишганини тасдиқлашган.

«Педагогика факультетиданмиз [...] [Ҳозир] дарс вақти, аммо ўқитувчи ўзи илтимос қилиб олиб келди бизни [...] Бекмурза Идаев домла», — деди талабалардан бири.

*Бекмурза Идаев ЎшДУнинг Педагогика, психология ва жисмоний тарбия факультетининг «Бошланғич билим беришнинг назарияси ва методикаси» кафедрасининг доценти.

Яна бир талаба Исаковга Ўш технология университетининг қурулиш факультетида ўқиганини айтган. У ҳам ташвиқот тадбирига ўқитувчилар олиб келганини билдирган.

«Ҳозир дарс. Бизни ўқитувчилар “дарс бўлмайди” деб бу ерга жўнатган, драмтеатрда бир нарса бўлаётган экан», — деди талаба.

«Клооп»нинг журналистлари эса марказий майдонга борганда талабалар тарқаб кетишган экан. «Азаттык» партиясининг ташвиқот тадбирида номзодлар Бақтибек Калмаматов, Жилдизкан Жолдошева ҳамда Ахматбек Келдибеков юрибди.

Сурат: «Клооп»

ЎшДУнинг жамоатчилик билан алоқа департаментининг етакчиси Медер Ниязалиев «Клооп»га партиянинг ташвиқот тадбирига ўқув юртнинг талабалари қатнашмаганини айтади.

«Мен университетнинг ўқитувчилари билан боғландим, “бизнинг талабалар у ерга чиққани йўқ” дейишди. Улар бизнинг талабалар эмас», — деди Ниязалиев.

«Азаттык» партиясидан эса «Клооп»га бу воқеага изоҳ беришдан бош тортишди.

«Азаттык»нинг тадбири Ўш мэриясининг ва Ўш ҳудудий сайлов комиссияси жойлашган бинонинг ёнида ўтказилган. Бунга қадар Ўшнинг янги сайланган мэри Алмаз Мамбетов шаҳарга «адолатли сайлов ўтказиш учун» келганини айтган эди.

«“Мэр Ўшга сайлов ўтказиш учун келибди” деган гаплар айтилмоқда. Тўғри, мен сайлов ўтказгани келдим! Ўша сайловни тоза ўтказай деб келдим. Мени “бир партияга югуриб бер” деб юборишгани йўқ, “сайловни тоза ўтказиб бер” деб юборишди. Президентнинг “сайловни адолатли ўтказиб бер” деган буйруғи бор. Мен шуни бажараман, — деган у.

Президент Садир Жапаров эса Жогорку Кенешнинг депутатларига мурожаат қилиб, улар «овоз сотиб олишни тўхтатса, маъмурий ресурс қўлланилмайди» деб ваъда берган.

Парламент сайлови 28-ноябрга белгиланган. Янги Конституцияга кўра, сайлов аралаш система билан ўтади — 54 депутат партия рўйхатида, 36 депутат бир мандатли округдан сайланади. Партиянинг номзодлари «очиқ рўйхат» билан сайланади.