«Ата Мекен»нинг лидери, номзод Ўмурбек Текебаев 1-ноябрда сайловчилар билан учрашувда МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиевга тегишли «Регион» телеканалининг директори Ўткурбек Рахмановни танқид қилди. Сиёсатчи «Ўткурбек Рахманов каби одамлар ҳукуматдагиларнинг тагига етади» деган фикрда.
Номзод «Регион»нинг эфирида таклиф қилинган кишилардан бири «Текебаевни мен ўз қўлим билан бўғиб ўлдирардим» деб айтганини эслатди.
*Ўтган йилнинг ноябрь ойида «Регион» телеканалида 2010-йили «Июнь воқеаси»га бағишланган теледастур эълон қилинган. Унда «Санпа шаҳидлари» уюшмасининг вакили Текебаевни танқиди қилиб, сиёсатчини «бўғиб ўлдириб қўйгим келяпти» деган. Кейинчалик бу дастурнинг бир қисми жорий йилнинг август ойида ижтимоий тармоқларда тарқатила бошлаган.
«Ўткурбеги маза қилиб, “ишни қотирдим” деб ёнида ўтирибди. Мана даражаси. Одамни “ўлдир, ўлдираман” деб телекўрсатувга чиқиб таҳдид қилинмайди. Мен Ҳасан-Ҳусаннинг телевидениеси бўлганда назарга илмасдим, аммо МХДҚнинг қудратли етакчисининг телеканали айтаётган бўлса “ростдан ҳам эртага бўғиб ўлдириб қўядими” деб қўрқасанда», — деди Текебаев.
Шунингдек, у МХДҚ етакчиси Қамчибек Ташиев Жалолободдаги Сузоқ туманининг Барпи қишлоғида турғунлардан бирига уй совға қилганига ҳам тўхталди. «Ата Мекен»нинг лидери унинг укаси Шайирбек Ташиев депутатликка номзод бўлганини эслатиб, бу «овоз сотиб олиш билан баробар эканини» айтди.
Аммо Марказий сайлов комиссияси текширув бошлагандан Сузоқ туман ИИБи бу уйни Ташиев эмас, Абдимиталип Мамитов исмли тадбиркор қуриб берганини билдирган.
Шунга қарамай милиция «Регион» телеканалида чиқарилган сюжетдаги бир қатор фактларга эътибор қаратмаган. Унда тадбирга келган оқсоқоллар Қамчибек Ташиевга миннатдорлик билдириб, уларнинг бири турар жойни МХДҚнинг етакчиси қуриб берганини айтган. Бу гапларни «Регион»нинг директори Ўткурбек Рахманов ҳам тасдиқлаган эди.
«“Шуни берди” деб Ўткурбек ўшаларни сайратиб, жиноятини ошкор қилмоқда. Энди милицияга ишонамизми ёки Ўткурбек ва қишлоқдаги оқсоқолларга ишонамизми? Мени айтмоқчи бўлганим, мана маддоҳлар шундай қилиб жарга тортади. Шундай қилиб масхара қилиб қўяди. Қамчига [Қамчибек Ташиевга] мендан кўра Ўткурбекнинг зарари кўп тегди», — деди Текебаев.
Сайлов арафасидаги хайрия
22-октябрда Қамчибек Ташиевга қарашли «Регион» телеканали у Барпи қишлоғидаги Муратовларнинг оиласига тўрт хонали уй топширгани айтилган сюжет эълон қилинган. Унда Муратовлар турар жойга муҳтож бўлгани сабаб қишлоқ оқсоқоллари Ташиевга мурожаат қилгани айтилган. Натижада икки ойнинг ичида мазкур оила учун уй қурилган.
Сузоқнинг милицияси эса бу уй Ташиевнинг ҳисобидан қурилмаганини билдиргандан кейин, Марказий сайлов комиссияси Шайирбек Ташиевга ёзма шаклда огоҳлантириш берди. МСК Қамчибек Ташиевнинг ҳаракатларида «олдиндан ташвиқот белгилари бор» деган хулосага келган.