Президентнинг Мурғоб бўйича баёноти тожик демократик партиясини норози қилди

424

Тожикистоннинг демократик партияси (ТДП) Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг ўлкадаги Мургаб тумани бўйича билдирувини танқид қилди. Бу ҳақда партияга таяниб Тожикистоннинг «Азия-Плюс» нашри ёзди. Бунгача Жапаров мазкур туман 1924 йили Қирғизистондан Тожикистонга ўтиб кетганини айтган.

Тожикистоннинг расмий ҳукумати Садир Жапаровнинг билдирувига ҳозирча реакция қилмади. Мургаб тумани Душанбе шаҳридан минг километр узоқликдаги Тожикистоннинг Тоғли-Бадахшон автоном вилоятининг ҳудудида жойлашган.

Мургаб райони. Фото: Википедия

«Тожикистон ҳудудига кўз тикиш»

ТДП президент Жапаровнинг билдирувини «яқин қўшничилик муносабатларини бузиш» деб атади. Улар «Тожикистон СССРнинг автоном республикаси бўлиб тузилгандан бери Мургаб тумани Тожикистон ҳудудида жойлашганини» таъкидлаган.

«Бунгача бўлган дебатларда тарихчилар бу саволга жавоб берган, масалани қайта кўтарилаётгани катта провокациянинг бошланиши. Сиёсий томондан қараганда, бу Тожикистон ҳудудига кўз тикиш», — деб айтилади.

Демократлар Тожикистон «қўшни давлатнинг ерига кўз тикмайди, бироқ Қирғизистоннинг президенти бунгача тожик ерларини ижарага олиш бўйича эришилган шартномаларни ноқонуний деб ҳисоблаб, уларни қирғизнинг ери деб ҳисоблайди» деб таъкидлашган.

Тожикистон демократик партияси Қирғизистонни ҳарбий техника сотиб олганини ва ҳукуматнинг ҳарбий дронларни сотиб олиш бўйича билдирувини ҳам эътиборсиз қолдирмаган. Билдирувда «ўлканинг қуролли кучларида ҳарбийларнинг сони кўпайтирилиб, тожик чегарасига яқин ҳудуддаги ходимларнинг маошини ошириши айтилмоқда» деб қўшимча қилган.

40 дона ҳимоя техникасини МХДҚнинг чегара хизматига ўтказиб бериш. Фото: Қирғизистон президентининг матбуот хизмати

Президент Садир Жапаров ва МХДҚнинг раиси Камчибек Ташиев МХДҚнинг чегара хизматига ҳимоя техникасини топшириш вақтида. Фото: Қирғизистон президентининг матбуот хизмати.

Партия охирги йиллари «Қирғизистоннинг раҳбарлари ички сиёсий қарама-қаршилик сабаб жиддий муаммоларга дуч келди» деб ҳисоблайди. Шунинг учун «ҳукумат тожик-қирғиз чегарасида сунъий муаммо яратиб, Тожикистон Республикасидан «душман» ясаб олди».

«Бундай йўл билан улар халқ мухолифатининг тўлқинини ва сиёсий лидерларни «ватан душманига» — Тожикистон томонга бура олишди. Бошқача айтганда, қирғиз ҳукумати ички сиёсий муаммоларни қирғиз халқининг онгида ўч олиш билан алмаштириб қўйди», — деб билдиришди демократлар.

Партия Садир Жапаровнинг сиёсати «қўшни давлатлар ва ҳудуд яшовчилари учун хавфли ва оғир оқибатларга олиб келади» деб ҳисоблайди. «Бу давлатнинг ҳукумати ўз халқини Тожикистонга нисбатан салбий фикрини, қўрқитув босим ўтказишнинг даражасини кундан-кунга ошираётганини» таъкидлаган.

«Биз Қирғизистон президентини ва сиёсатчиларини яна бир марта мана шундай қаҳрли замонда қарама-қарши ташаббуслардан узоқ бўлишга чақирамиз ва қўшнилар билан тинч яшаш сиёсатини олиб боришга ундаймиз. Уруш — бу масалани ҳал қилиш йўли эмас. Уруш — бу халқни ва миллатни йўқ қилиш», — деб айтилади партиянинг мурожаатида.

Саиджафар Усмонзода. Сурат: «Радио Озоди»

Шунингдек, ТДПнинг лидери ва Тожикистоннинг қуйи палатасининг депутати Саиджафар Усмонзода «Озоди» радиосига интервью бериб («Азаттык» радиосининг Тожикистондаги бюроси) Жапаровнинг Мургаб ҳақидаги билдируви — бу «давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича сўзлашувларда Тожикистонга босим ўтказиш» деб атади.

Партиянинг билдирувида чегара масаласи ҳақида сўзлашувлар ҳам айтилган. Партия қирғиз-тожик чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ишлар чўзилаётганига Тожикистон сабабчи деган сўзига ҳам изоҳ беришган. ТДП Тожикистон ҳақида айтаётиб, Қирғизистоннинг президенти «қирғиз томоннинг ишларини яширди» деб таъкидлади.

«Қирғизистоннинг президенти ўлканинг чегарачиларини Тожикистонга ҳужумини, тожик фуқаролари билан мактаб ўқувчиларига тош отганини, чегарани бир томонлама ёпганини ва қирғиз чегарачиларини фуқароларга Тожикистон ерларига тез-тез ҳужумини бирор марта ҳам айтмаган. Қирғиз давлатининг бундай ҳаракати халқаро муносабат меъёрларидан олиб қараганда бошқа ўлкага босим ўтказиш қатори сифатланади» , — деб айтилади мурожаатда.

Жапаров нима ҳақида айтган?

23 октябрда президент Садир Жапаров ўзининг бир йиллик иши бўйича матбуот анжумани ўтказган. Унда давлат раҳбари журналистларнинг саволларига жавоб берган.

Унда боткенлик журналист Мамажан Бердишев президентга қуйидагича савол берган: «Нима учун чегара муаммосини ҳамон ҳал қилмаяпсиз? Май ойида бизнинг 36 ҳамюртимиз ҳалок бўлди, яна қанчаси ўлиши керак?

Жапаров бу масалани «бугун бўлса бугун» ҳал қилишга тайёрлигини айтиб, бироқ масала бизга боғлиқ эмас деб жавоб берган. Унинг айтишича, бу ерда муаммоли масала бор: Тўрт-Кўчадаги ҳудуд, Ворухга кетган йўл ва Баткен билан Лайлак туманларидаги баҳсли ҳудудлар.

«Юридик томондан бизники тўғри» — деб таъкидлаган Жапаров. Шунингдек, Тўрт-кўча бўйича саволга батафсил тўхталган. У «Бутун Кыргызстан» партиясининг лидери Адахан Мадумаров 2009 йили имзолаган протоколни кўрсатди. Ўша вақтда Мадумаров хавфсизлик кенгашининг котиби бўлган.

Cадир Жапаров ўзининг матбуот анжуманида Адахан Мадумаров қўл қўйган протоколни кўрсатмоқда. Фото: Президентнинг матбуот хизмати.

Жапаровнинг айтишича, шу ҳужжат сабаб Душанбе Баткендаги ерларини бирини талашмоқда.

«Мен айтяпман, бу ер юз йилдан бери Лайлакка ўтиб юрган йўл. Улар мана хавфсизлик кенгашининг котиби Мадумаров қўл қўйиб берган ҳужжат деб кўрсатмоқда. У [...] ўша 275 метр ер Тожикистонники эканини тан оламан, ҳа, сизларники деб бериб, бироқ яна 49 йилга ижарага бериб туринглар деб қўл қўйибди. Шу протокол билан сизлар 49 йилга ижарага оласизлар деяпти. 12 йилингиз ўтди, 37 йилдан кейин ё ёпамиз ёки қайта сўзлашувлар натижасида давом эттирамиз деяпти. Мен ўша вақтда Мадумаровни имзо қўйишга ҳуқуқи бўлмаган, ҳеч ким унга ваколат бермаган, юридик томондан [бу ҳужжат] яроқсиз деб билдирдим. Сабаби икки ўлканинг ўртасида чегара масаласи қандай ҳал қилинади? Биринчидан, расмий турда икки ўлканинг ҳукуматлар аро комиссиялари ишлайди. Улар келишиб, шартнома имзолашса, президентга келади, кейин ратификациялаш учун Жогорку Кенешга юборилади. Бошқа бирорта ҳам тизимни қўл қўйишга ҳаққи йўқ. Мен шунга таяниб, бу протокол яроқсиз деб айтяпман. Бу ерда талаш масала йўқ, бошқа ерларга ўтайлик деб айтяпман. [...] Агар шу билан ҳал қилинадиган бўлса, унда 37 йил кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. 37 йилдан кейин Лайлак тўлиқ анклав бўлиб қолади», — деб айтган Жапаров.

Мадумаров ўзи президентнинг бу билдирувига ҳозирча жавоб бермаган. Бунгача шу протоколни кўтариб, Мадумаровга бармоқ кўрсатганлар бўлган. Сиёсатчи бу масала бўйича бир неча марта ўз фикрини айтиб, у имзолаган протокол тўғри эканини айтган.

«Бугунги кунда мана шу протокол бўлгани сабаб Сулуктудан чиққан машиналар тўсқинликсиз Қирғизистонга, Бишкекка ўта олади. Бу протоколни Жогорку Кенеш қўллаган эмас. Демак, у ҳеч қандай юридик кучга эга эмас», — деган у 2019 йили.

Жапаровнинг айтишича, Лайлак ва Баткен туманларида 210 минг гектар ер аниқланмаган.

Баткен вилояти, қирғиз-тожик чегарасига яқин ҳудуд. Сурат: Чолпон Бердикулова.

«Улар 1924 йили бу ерлар сизларга ўтиб кетган, қайтариб берасизлар деяпти. Мен ундай бўлса 1924 йили сизларга 3 млн гектар Мургабни сизларга берганмиз деб жавоб бердим. Сизлар бу ерни бизга қайтариб беринглар. Мен ўша ерга халқимни кўчириб кетаман. Бироқ улар бунга кўнмаяпти. Ҳозир ҳукуматлар аро комиссия ишламоқда. Ўтган сафар ҳам 8 км ерни аниқлашди. Олдинда икки томоннинг манфаатларини ҳисобга олиш билан ҳал қилинади деб ишонаман», — деб таъкидлаган Жапаров.

Унинг айтишича, Қирғизистон шу участкаларда давлатлар ўртасидаги чегарани делимитация ва демаркация қилиш ишлари 1991 ва 1994 йиллардаги декларация бўйича олиб борилишини талаб қилмоқда.

«Бу бизнинг энг охирги қонуний ҳужжатимиз. Улар [Тожикистон] 1924 йилги харита бўйича таклиф қилишмоқда. Бироқ биз рози эмасмиз. Сабаби ўша вақтда биз ҳам, улар ҳам Қирғиз ССР, Тожик ССР бўлмаган […] Демак, 1924 йилдаги харитани ноқонуний десак бўлади» , — деб билдирган Жапаров.

У қирғиз-тожик чегарасидаги можаронинг кўпи айрим сиёсатчилар билан ота-боболарнинг айримларини сиёсий, давлат фаолияти бўйича йўл қўйган хатоликлари сабаб бўлмоқда деб таъкидлаган.

Президент қирғиз-тожик чегарасидаги келишмовчиликлар делимитация ва демаркация ишлари тугагандан кейин тўхтайди деб айтди.

Аниқланмаган чегара ва жанжаллар

Қирғизистон ва Тожикистоннинг чегарасини узунлиги 970 километрни ташкил қилади. Октябрь воқеалари сабаб Садир Жапаров ҳукуматга келгунча унинг 519 чақирими делимитация ва демаркация бўлган. Чегаранинг аниқланмаган ҳудудлари икки ўлканинг турғунлари ўртасидаги ер, сув, чегарадан ноқонуний ўтиш бўйича жанжалларга сабабчи бўлган.

Қирғиз-тожик чегараси. Фото: «Кабар»

Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги қуролли можаро 28 апрелда бошланиб 1 майгача давом этган.

Икки давлат ўртасидаги жанжалда 36 қирғизистонлик ҳалок бўлиб, 190 одам жароҳатланган. Воқеа бўлган ҳудуддан 40 мингдан ортиқ одам эвакуацияланган.

Тожикистон томон қуролли жанжалда 19 фуқароси ҳалок бўлиб, 87 киши яраланганини билдирган.

Баткен вилоятида юздан ортиқ уй, уч чегара пости, икки мактаб, бир бола боғча, бир тиббиёт муассасаси, милиция биноси, ўн ёнилғи қуйиш шохобчаси, саккиз дўкон, тўрт савдо маркази, тўрт соцобект ва бошқа беш давлат муассасасининг биноси ёнган. Айрим аҳоли пунктлари тўлиқ вайрон бўлган.

Қуролли тўқнашувдан кейин икки ўлканинг ҳукуматлари Қирғизистон билан Тожикистонни чегарасини делимитация ва демаркация қилиш учун музокараларни бошлаган. Ҳукумат делегацияси тузилган ва бир неча марта учрашувлар ўтказишган. Ҳозирда бу иш давом этмоқда.