«Азаттык» ва «Альянс» «муддатидан аввал тарғибот қилиш факти» бўйича текширилади

376

МСКнинг ишчи гуруҳи «Азаттык» партиясини ва Ўш ХСК «Альянс» партиясини муддатидан олдин ташвиқот қилиш фактини текширади.

Сабаби 20-октябрда Фейсбукнинг Исламбек Чотобаев исмли фойдаланувчи «Азаттык» партиясининг номзоди Бактибек Калмаматовни қўллаб видео жойлаган.

Унда партиянинг олдинги ўн номзодининг рўйхатдаги рақами билан сурати қўйилиб, у мусиқа билан кетган. Номзодларнинг орасида собиқ депутатлар Бактибек Калмаматов, Жилдизкан Жолдошева, собиқ мудофаа вазири Исмаил Исаков, афсонавий парламентнинг собиқ спикери Медеткан Шеримкулова ва собиқ элчи Ибрагим Жунусов бор.

Марказий сайлов комиссиясининг матбуот котиби Руслан Изреков бу факт ишчи гуруҳга юборилганини «Клооп»га билдирди.

«Бу муддатидан аввалги ташвиқот ҳисобланади. Мен видеони кўриб, МСКнинг маълумот бериш ва ташвиқот бўйича ишчи гуруҳга юбордим. Улар кўриб ўзларининг қарорини чиқариб, чора кўришади», — деди у.

«Клооп» Изреков билан боғланиб изоҳ олгандан кейин Исламбек Чотобаев Фейсбукга чиқарган видеосини ўчирди. Бироқ биз скрин қилишга ва видеони сақлаб қолишга улгуриб қолдик.

Бундан ташқари, Ўш шаҳрида «Альянс» сиёсий партиясининг номзоди Жибек Ахмедова яширин ташвиқот олиб бормоқда дейилган видео «Ынтымак» телеканалида берилди.

Унда Ахмедова ўзининг танишига Whatsapp мессенжери орқали қўнғироқ қилиб, унга овоз беришга ундаган. Шунингдек, ёзиб олинган лавҳада номзоднинг бир қанча ваъдалар берганини эшитиш мумкин.

«Партиямнинг номи “Альянс”, №48 рақамдаман. Ҳар бир мурожаат қилаётган одамга менинг номимни ва қатордаги рақамимни ёдлатасан. Қанча имзо йиғиб берсанг, менга ҳисобот бериб турасан. Бўшаганингда менга ёзиб тур», — деган депутатликка номзод.

Ўш ҳудудий сайлов комиссиясининг раиси Бакит Алматов мазкур факт ташвиқот ишларига киришини тасдиқлаган. Алматов МСКдан ташвиқот ишларига расмий рухсат берилмагунча ташвиқот олиб борилмаслигини таъкидлаган.

«Агар депутатликка номзод ваъдаларни бериб, рақами ва исмини айтиб овоз беришга ундаган бўлса, ташвиқот ишларига киради. Бундай фактларга албатта чора кўрилади», — деган Алматов.

Қирғизистонда парламент сайлови 28-ноябрда бўлади. Ташвиқот ишлари эса 29-октябрда бошланиб, 26-ноябрда тугайди.

Жогорку Кенеш депутатларини сайлаш янги Конституцияга мувофиқ аралаш система билан ўтади — 54 депутат партия рўйхатида, 36 депутат бир мандатли округ билан. Партиядаги номзодлар «очиқ рўйхат» билан сайланади.