«Таш-Рабат» савдо марказида аёлига қўл кўтарган кишига «Бебошлик» моддаси билан судгача текширув иши очилди. Бу ҳақда 27-октябрда пойтахтнинг Октябрь ТИИБнинг матбуот хизмати билдирди.
Милициянинг маълумотига кўра, 25-октябрда савдо марказларининг бирида эркак кишининг аёлга қўл кўтарган видеоси интернетга тарқалди. Милиция ходимлари зудлик билан воқеа жойга етиб боришган.
Бу видео reporter.kg сайтига соат 18:30 атрофида жойланган. Нашр аёлга қўл кўтарган кишини ажратиб, ташқарига чиқариб юборишганини, жабрланувчи чиқолмай, ота-онасини кутаётганини хабар қилган.
«Биз милиция чақирайлик дедик, бироқ у ўзи қўрқяпти. Кетиб қолай деса ортидан қолмас экан», — деб ёзган нашр.
ТИИБдан эса милиция ходимлари келган вақтда «жанжал иштирокчилари номаълум томонга кетганини» айтишган. Кейин 2002-йили туғилган Ж.А. исмли келин турмуш ўртоғига чора кўриш илтимоси билан милицияга ариза ёзган.
«Танасига жароҳат етказиш бўйича суд-тиббий экспертиза тайинланди. Унинг натижаси билан тегишли юридик баҳо берилади. Мазкур факт Октябрь ТИИБнинг ЖУРга қайд этилди», — деб берилади ТИИБнинг маълумотида.
Милиция аёлга қўл кўтарган одам кимлиги аниқланганини, у 1994-йили туғилган Т.А. исмли фуқаро эканини қўшимча қилди. У Октябрь ТИИБнинг тергов бўлимига етказилди.