«Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди». Амалдорлар жиноий жавобгарликдан қандай қочиб қутилади?

778

Ҳар ой Қирғизистон ОАВлари юқори лавозимли амалдорларнинг ҳибсга олингани ҳақида ёзади, баъазан уларга суд оғир жазо бергани айтилади. Аммо, «Клооп»нинг аниқлашича, кўп ҳолда амалдорлар жазодан қутилиб қолишади: суд жазосидан  хорижга қочишади, бюджетга  пул ўтказиб айбларини ювган бўладилар ва ёки амнистия орқали озодликка эришадилар. Лекин энг қизиғи,  ҳар бир бешинчи амалдор вақт ўтиши билан яна сиёсатга қайтиб келади.

Иллюстрация: Алина Печенкина

Собиқ транспорт вазири ва Жогорку Кенешнинг депутати Нурлан Сулайманов 2012-йили лавозимини суиистеъмол қилишда айбланган. Бош прокуратуранинг фарази бўйича, амалдор йўл қуриш ишлари учун керакли техника ва материалларни сотиб олиш учун эълон қилинган тендерни қариндошларига тегишли ширкат ютишига имкон яратган, натижада давлат бюджетига  41 млн сом ($870 минг долларга яқин) зарар келтирган. Аммо Сулайманов жавобга тортилмаган: у даволаниш учун Германияга учиб кетиб, шу бўйи «йўқолиб кетган».

2016 йили Нурлан Сулаймоновнинг иши жиноят иши даъво муддати ўтиб кетгани сабабқисқартирилган. 2020 йили октябрда у «Қирғизистон» партиясининг сафида яна Жогорку Кенешнинг сайловига қатнашган.

«Клооп» юқори хизматдаги амалдорларни жавобга тортиш қандай тартибда ўтказилишини билиш учун Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратуранинг 2015-2020  йиллардаги пресс-релизларини тўплаб, олти йил давомида камида 98 нафар амалдорга жиноят иши қўзғатилганини аниқлади. Уларнинг ярмидан кўпи ҳозир озодликда. Етти нафар амалдор эса оқланган.

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг пресс-релизларида тилга олинган ҳар олтинчи амалдор жиноят иши қўзғатилгандан кейин Қирғизистондан чиқиб кетган. Уларнинг ярмига қидирув ҳам эълон қилинган.

Масалан, 2020 йил 5 октябрдан 6 октябрга ўтар кечаси, Бишкекда оммавий норозиликлар ва тартибсизликлар пайтида собиқ президент Алмазбек Атамбаев бош бўлган бир қатор судланган амалдорлар, депутатлар қамоқни ноқонуний тарк этган. Уларнинг орасида ҳозирги президент Садир Жапаров ҳам бўлган. Бироқ Жапаров ҳукуматни ўз қўлига олгандан кейин, бош прокуратура қолган барча амалдорларни қамоқхоналарга қайтишга чақирган.

Аммо собиқ бош вазир Сапар Исаков ва Бишкекнинг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳуқуқ тартибот органларининг талабига бўйсунмай, мамлакатни тарк этган. Жазоларни ижро этиш давлат хизмати уларга халқаро қидирув эълон қилинганини билдирган. Кўп ўтмай, Исаковнинг фейcбукдаги расмий саҳифасида ватандошларга мурожаати пайдо бўлган, унда юрган ери қатори - Москва, Кремль кўрсатилган.

Қочқинларнинг айримларига ватанида оғир айбловлар қўйилганига қарамай, чет элда яхши жойлашиб олишган. Масалан, Россияга, Белорусга қочган Асқар Акаев ва Қурманбек Бакиев ҳамда Буюк Британияга қочган уларнинг яқинлари.

Қочқин амалдорлар чет элда ҳашамат ичида яшайдилар

Тўнғич президент Асқар Ақаев Қирғизистонни қарийб 15 йил бошқарган. Шу вақт мобайнида у Конституцияни беш марта ўзгартириб, ўз ваколатларини кучайтирган. 2000 йили Акаев гарчи конституцияда фақат икки муддат белгиланганига қарамай, учинчи марта президент этиб сайланган.

Акаевнинг даврида оиласи  сиёсатга фаол аралашиб турган. Унинг хотини Майрам Ақаева «Қирғизистон Аёллар партияси»ни ва «Мээрим» хайрия жамғармасини бошқарган.  «Мээрим» жамғармасига қарши 2005 йили пул маблағларини ноқонуний  ўтказмалари бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Акаевнинг даврида мамлакатдаги  йирик олтин кони Қумторни ишлатиш бўйича Қирғизистон-Канада қўшма корхонасидаги давлат улуши 67 фоиздан 16 фоизга камайган. 2021 йили «Қумтор»нинг фаолиятини текшириш бўйича комиссия Акаевлар оиласи бунинг учун катта миқдорда пул ва акция шаклида йирик пора олганини аниқлаган. Акаев бу айбловларни рад этиб, 2005 йили ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг ҳукумат комиссияси тузилиб, у унинг «бойликлари»ни қидириб, тополмаганини эслатган.

Халқ Акаевни яна нимада айблайди?

2002 йили Акаев Узонгуу-Кууш дарасидаги Қирғизистон ҳудудининг бир қисмини Хитойга ўтказиб берган. Парламент депутати Азимбек Бекназаров президентга импичмент эълон қилишни таклиф қилган, аммо кейин ўзи ҳибсга олинган. Бекназаровнинг ҳамюртлари депутатни озод этиш талаби билан митингга чиқишган. Милиция намойишчиларга қарши ўт очиши натижасида олти киши ҳалок бўлиб,   ўттиз нафардан ортиқ киши яраланган. Фуқароларга қарши бу ўқ отиш Қирғизистонда Ақси воқеаси ўлароқ билинади.

2005 йили собиқ бош вазири Қурманбек Бакиев «Лола инқилоби»га бош бўлиб, Акаевни тахтдан қулатиб, унинг ўрнини эгаллаган. Давлат тўнтаришига навбатдаги парламент сайлови сабаб бўлган.

Ўшанда Жокоргу Кенешдаги ўринларнинг кўпи Акаев оиласининг «Олға Қирғизистон» партиясига тегиб, президентнинг қизи ва ўғли депутат бўлиб сайланган. Мухолифат сайлов натижаларига рози бўлмай, халқ кўчаларга чиқиб, Оқ уйни эгаллаб олган. Акаевлар клани аввал Қозоғистонга, кейин Россияга қочишга мажбур бўлган.

Улар қочиб кетгандан кейин мамлакатда Ақаевнинг оиласига қарши ўнлаб жиноий ишлар қўзғатилган. Давлатга етказилган жами зарар ўнлаб миллион АҚШ доллари деб ҳалонади. Қочоқ президентнинг яқинлари халқаро қидирувга берилган.

Асқар Акаев Москвада яшайди, Москва давлат университетининг профессори. 2020 йили Акаевнинг ўғли Айдарнинг жасади 1 млн АҚШ долларидан кўпга баҳоланган «Рублевка»даги уйларнинг бирида топилган.

Иллюстрация: Алина Печенкина

Акаевнинг ўрнини эгаллаган Қурманбек Бакиев ҳам 2010 йили мамлакатдан қочиб кетган. У ҳам Ақаев йўл қўйган хатоларни такрорлади: беш йилда Конституцияни тўрт марта ўзгартириб,  оиласини ҳокимиятга олиб келган.

Бакиевнинг тўнғич ўғли Марат МХДҚ етакчисининг ўринбосари бўлиб, мухолифат вакилларини яширин тинглаган. Кичик ўғли Максим Тараққиёт, сармоя ва инновациялар бўйича марказий агентликнинг директори бўлган, бу унга ўнлаб давлат корхоналарини эгаллаб олиш имконини берган.

Бакиевнинг даврида мамлакатда 30 нафар мухолифатчи ва жамоат арбоблари буюртма билан ўлдирилган. Бакиевлар уч кишини ўғирлаб, сўнг уларни ўта шафқатсизлик билан ўлдиргани исботланган.

2009 йили Бакиев президентлик сайловларида яна ғалаба қозониб,  мухолифат сайлов натижаларига қарши чиққан. 2010 йилнинг апрелида аҳоли митингларга чиққан. Бакиев халқни отиш буйруғини берган. 80 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлиб, 300 нафардан ортиқ киши жароҳатланган. Натижада президент ва унинг оиласи мамлакатни тарк этиб, қочган.

Қирғизистонда  коррупция, оддий аҳолини отиш ва буюртма билан одам ўлдириш учун 30 йилга судланган Қурманбек Бакиев ҳозирда Минскнинг  ҳашаматли «Лебяжий» кичик туманида яшамоқда. Унинг коррупция ва пул ювгани учун умрбод озодликдан маҳрум этилган ўғли Максим эса қочқин сиқатида Буюк Британияда яшайди, у ерда унинг 5 млн долларлик «саройи» бор.

Максим Бакиев яшовчи Суррей округидаги кўчмас мулк.

Бакиевнинг яна бир ўғли, коррупция ва қотиллик ташаббуси билан 30 йилга озодликдан маҳрум этилган Марат, Минск яқинидаги бойлар яшовчи Раубичи  қишлоғида яшайди.

Марат Бакиев оиласи яшайдиган уй

2010-йили Бакиевларга Интерпол орқали халқаро қидирув эълон қилинган.

Танланма ёндашув: баҳам кўр ёки қамоқда ўтир

Болалари касал бўлиб қолганда дорихонада тўновчилик қилган Замирбек Қожўқонов беш йилга озодликдан маҳрум қилинган. Божхона хизматида давлатдан камида 700 млн долларни чиқариб кетишга йўл очган коррупция счемасини уюштиргани учун эса Райимбек Матраимов 260 минг сом жаримага тортилган.

Бу қирғиз судьяларининг юқори мартабали амалдор билан оддий фуқарога нисбатан чиқарган ҳукмлари. Матраимов ва Кожокановни ўғирлик қилганигина бирлаштиради. Матраимов Қирғизистон божхонаси бошлиғининг собиқ ўринбосари, ҳисобсиз бойлик эгаси. Қўжўқонов эса  уч нафар кичик фарзанднинг отаси ва кекса онанинг ёлғиз ўғли.

Райимбек Матраимов божхона хизмати етакчисининг ўринбосарлигидан 2017 йили «ишончдан чиққани» сабаб бўшатилган. Бу «Азаттиқ»нинг журналистлари амалдорнинг бизнесларини  — икки савдо маркази билан спорт комплексини, оиласининг эса Бишкек ва Ўшдаги хонадонлари ҳамда элита уйларини аниқлагандан кейин бўлган.

Кейин чет ўлкада — Дубай ва Лондонда — божхоначининг қариндошларига қарашли яна мулклар топилган. Матраимовнинг ўғли билан турмуш ўртоғи ижтимоий тармоқларда машҳур брендларнинг буюмлари билан мақтаниб, бойларнинг курортида тушган суратларини эълон қилишган. Журналистлар Матраимовнинг хотинини Инстаграмда кўрсатган кийимлари ва тақинчоқларининг қиймати 400 минг долларни, ўғлининг қўл соати эса 43 минг доллардан ортиқ деб баҳолашган.

Буларнинг барчаси давлат ишчисининг  даромадига тўғри келмасди: декларацияга кўра, у йилига атиги 587 минг сом (8,5 минг долларга яқин) ишлаб топган.

Собиқ божхоначининг ҳисобсиз давлати ҳақидаги маълумотлар эълон қилинганидан сўнг, бутун мамлакат бўйлаб митинглар ўтиб, коррупционерни қонун доирасида суд қилиш талаби айтилган.

 Матраимов пулларни қаердан олган? 

Райимбек Матраимов божхонада 20 йил ишлаб,  у билан ҳамкорлик қилганларга солиқ ва божхона тўловларини тўлашдан қутилишга имконини берувчи коррупцион империяни қурди. OCCRP, «Азаттык» ва «Клооп»нинг қўшма суриштируви Матраимовнинг одамлари уйғур миллатидаги  Абдукодир исмли нуфузли шахснинг клани билан бирга транзит юк ташишларни ҳамда божхона терминалларини ўз қўлига олганини кўрсатган, у ерда пора олиш орқали қимматбаҳо техниа ва электроника арзон тўқимачилик маҳсулоти сифатида рўйхатга олинган. Тушган пуллар нақд шаклда Бишкекдан Истанбулга, у ердан банк орқали БААга, Буюк Британия ва АҚШга чиқариб турилган.

2020 йилнинг октябрида Матраимовлар оиласига алоқадор «Мекеним Қирғизистон» партияси кўплаб қонунбузарликлар билан ўтган парламент сайловида иккинчи ўринга чиққан. Сайлов натижасидан норози бўлган одамлар митингга чиқиб, у Оқ уйни эгаллаб олиш, МХДҚ тергов изоляторидан ва колониялардан маҳбусларни озод қилиш билан якунланган.

Қамоқдан бўшатилганлар орасида Қирғизистоннинг амалдаги президенти, ўша вақтда маҳбус бўлган Садир Жапаров ҳам бўлган. Жапаров қамоқдан чиқиши билан тўғри митингга бориб, тўпланганларга «Раим Матраимов қамалади!» деб ваъда берган.

Дарҳақиқат, Матраимов кейин қўлга олинган. Аммо ўша куннинг ўзидаёқ қўйиб юборилган: у тергов билан ҳамкорлик қилишга ва 2 миллиард сом (24 миллион доллар)  зарарни тўлашга рози бўлган.

«Агарда ҳозир қамоққа олиб, кейин ишни тергов қиламиз, мол-мулкини мусодара қиламиз десак, унда бир уйини ёки машинасини, боринг ана бирор объектини олайлик. Лекин бу 24 миллион эмас, ҳатто  2 миллионга ҳам етмаган мулк бўлиб қолади-да», — деб, тушунтирди Жапаров.

Матраимов маблағнинг учдан бир қисмини пул билан, қолганини кўчмас мулк билан тўлаб берган: собиқ амалдор давлатга умумий қиймати 600 миллион сомга баҳоланган (7 миллион доллар) савдо марказини ва тўққизта квартирани  ўтказиб берган. Қизиғи шундаки, квартираларни Матраимов ўтказиб беришдан бир ҳафта олдин сотиб олган – журналистлар улар қимматлаштирилган нархда олинганини тахмин қилган.

Дарҳол квартираларга эга бўлишни истаганлар бир четдан чиқа бошлаган: миллий хавфсизлик хизмати бошлиғи Қамчибек Ташиев саккизта квартира идора  ходимларига берилишини айтган. Кўп ўтмай, жамоатчиликнинг норозилиги ортидан бу ғоядан бош тортишган, лекин квартиралар кимга топширилгани ҳозиргача номаълум.

Матраимов икки модда бўйича айбланган. Суд уни коррупция бўйича айбдор деб топиб, 260 минг сом жаримага тортган. Иккинчи иш эса - жиноий пулларни легаллаштириш бўйича – бу иш тўрт ойдан кейин ёпилган. МХДҚ амалдорнинг чет элдаги мулки топилмаганини айтиб, Матраимов пулни тўкиб берди — демак эҳтиёт чораси бекор қилинди деб билдирган.

Аммо Матраимов давлат билан молини бўлишиб қамоқ жазосидан қутилиб қолган ягона амалдор эмас.

2020 йили парламент сайлови арафасида, финполнинг собиқ бошлиғи Бакир Таиров Ер ресурслари бўйича давлат агентлигининг директори Қанибек Ботобаевни ўз кабинетига чақирган. У Ботобаевни ишдан бўшатиш билан таҳдид қилиб, агентлик ходимларидан ҳукуматга қарашли  партиялардан бирининг сайловолди кампанияси учун пул тўплаб, ходимлари сайловда ўша партияга овоз беришини талаб қилган. Ботобаев ходимлари билан идорага қарашли филиалларидан 14 минг доллар тўплаб, Таировга ўтказиб берган.

Суд Таировни коррупция бўйича айбдор деб топиб, 265 минг сом (ёки 3125 доллар) миқдорида жаримага тортди. Бундан ташқари, Таиров давлатга ихтиёрий равишда 14 000 доллар тўкиб берган.

Биз суд амалдорларни жаримага тортган яна ўн беш ҳолатни рўйхатга олдик - бу барча чиқарилган ҳукмларнинг 38%и. Айниқса, шу каби ҳукмларни судлар ҳукумат «қустириш» деб атаган  иқтисодий амнистияни эълон қилганидан кейин чиқара бошлаган: жарималардан ташқари жиноятчилар ҳуқуқ тартибот идораларининг депозит ҳисоб рақамларига ихтиёрий хайрия ҳам қиладилар.

 

Қустириш  коррупцияда гумон қилинган ва айбланган мансабдорлар давлатнинг фойдасига ўз ихтиёри билан пул ўтказиши. Ҳокимиятнинг фикрича, бюджетга келтирилган зарарнинг ўрнини тўлдириши зарур, унинг миқдорини Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси  ҳисоблаб чиқади. Кенг тарқалган бўлишига қарамай,  Қирғизистон қонунларида қустиришнинг тартиби ёзилмаган.

«Ўғирланган пуллар кўп. Давлат ғазнасидан пул ўғирлаган амалдорнинг ҳаммасини қамаймиз деган фикримиз йўқ. Агар бу шахс қонун доирасида пулни давлатга қайтариб берса, «тергов билан ҳамкорлик» моддаси билан уларни озод қилишимиз мумкин», — дея тушунтирган МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиев «кустириш» тажрибасини.
Бироқ, “қустириш” механизмларининг ўзи шубҳали: зарарни ким ва қандай аниқлайди, жиноят ишлари ёпилгандан кейин пуллар қаерга тушади - бюджетга ўтказиладими ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари  ҳисоб рақамларида қоладими, номаълум. Бу маълумотлар оммага ошкор этилмайди.

Кузатувчилар қустириш тажрибасининг охири ёмон бўлади деб ҳисоблайди. Жазони енгиллаштириш баҳонасида одамларни судга етмай туриб айбини тан олиб, зарарни тўлашга мажбур қилишмоқда деб ҳисоблайди «Адилет» юридик клиникасининг раҳбари Чўлпон Жақупова.

«Кўпчилик бундай хатти-ҳаракатларни мансабдор шахслар томонидан ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда амалга оширилаётган оддий товламачилик ва шантаж сифатида баҳолайди», - дейди ҳуқуқшунос.

Иллюстрация: Алина Печенкина

Амалдорларни кўпинча коррупция учун жавобгарликка тортишади

Юқори мансабдаги амалдорларга қўзғалган ўн жиноят ишининг тўққизи ноқонуний бойиш билан боғлиқ. Жиноят ишларининг 41 фоизи эса коррупция моддаси бўйича қўзғатилган.

Бироқ, кўпинча далиллар аниқ кўриниб турган ишларда ҳам суд ҳукмигача етказиш жуда қийин.

Бош вазир ўринбосари Дуйшенбек Зилалиев 2018 йили декабрда Қирғизитсондан чиқиб кетиш учун «Манас» аэропортига борганда қўлга олинган. Унинг банкдаги сейфидан декларацияда кўрсатилмаган 889 минг доллар ва қимматбаҳо заргарлик буюмлари топилган.

Шунингдек, МХДҚ депутатнинг декларация қилинмаган кўчмас мулкини – ер участкалари, хонадонлар ва офисларни аниқланган. Амалдор бу мулкнинг барини ҳалол меҳнат билан ишлаб топиши мумкин эмас: расмий маълумотларга таянсак, Зилалиев ва унинг рафиқасининг 2011-2017 йиллардаги даромадлари атиги 3 миллион сомни ташкил қилган.

Амалдорга қарши  ноқонуний бойиш бўйича жиноят иши очилган. Бундан ташқари, Зилалиевни коррупцияда айблайган: у давлат геологияси директори лавозимида ишлаган вақтида олтин ва бошқа конларни ишлатиш бўйича лицензияни ўзининг ишсиз қариндошига қайд этган.

Биринчи инстанциядаги судлар Зилалиевни мазкур жиноят ишлари бўйича айбдор деб топган. Аммо 2021 йилнинг июнь ойида Олий суд  «процессуал қоидабузарликларни ҳисобга олган ҳолда» ҳукмни бекор қилиб, ишни қайта кўриб чиқишга жўнатган.

Бош прокуратуранинг сўнгги олти йилга нисбатан маълумотига кўра, давлат манфаатига қарши коррупция ва  бошқа жиноятлар сони қарийб уч бараварга ўсган. 2015 йилдаги 1019 та ҳолатдан 2020 йилда 2825 тага етган.

Инсонпарвар суд ва ҳалоскор амнистия

2015 йили Бош прокуратуранинг тергов бошқармасининг бошлиғи Қиличбек Арпачиев ўз ишхонасида 100 минг доллар миқдорида пора олаётган вақтда қўлга олинган. Дастлаб у коррупцияда айбланиб, кучатилган тартибдаги колонияга 14 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Бироқ 2019 йили суд енгилроқ жазога алмаштирган —  «Хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш» ва «Пора таъма қилиш» моддалари қўлланилган.  Шундай қилиб Арпачиевнинг муддати қисқартирилиб,  ётоқ қамоққа ўтказилган.

Коррупция ва хизмат вазифасини суиистеъмол қилишдан бошқа амалдорлар товламачилик, биноларни босиб олиш, котрабанда, хатто талончиликда ҳам айбланишади

2017 йилда МХДҚ собиқ депутат Райхан Тўлоғоновни талончиликда айблаб ҳибсга олган. Терговнинг версияси бўйича, 2010 йилнинг апрелидаги иккинчи революция вақтида  Тўлоғонов бош бўлган бир гуруҳ оифсларни ва турар жойларни талон-тарож қилган, тўналган объектларнинг орасида мамлакатдан қочган президент Бакиевга тегишли жойлар ҳам бор.  Тўлоғонов  ўзи эса талончилик бўйича иш  сиёсий сабабларга боғлиқ деб билдирган.

Депутат 15 йилга қамалиб, бироқ бир неча амнистия натижасида қамоқ муддати 5 йилу 3 ойгача қисқартирилган.

Қирғизистонда амнистия шаффоф қўлланилмаслигини, қамоқдан эса пора бериб чиқиб кетиш мумкинлигини давлатнинг ҳозирги президенти Садир Жапаров ҳам айтган.

«Қирғизистонда пулга орденларгина эмас, унвонларни ҳам пулга олишади. Мен қамоқда ўтирганда, айрим одамлар амнистияга тушиш учун пул тўлаганини кўрганман. Албатта пулни президент олмайди, масъул ходимлар олади», — деб у ўтган йилнинг кузида ҳокимиятга келганда айтган.

У «маҳбуслар орасида амалдорларнинг, бойларнинг фарзандлари йўқ, ҳаммаси оддий оиланинг боласи», деб қўшимча қилган.

Чархпалак: айблов, қамоқ, давлат хизмати

Айрим амалдорлар қўлга олингандан кейин вақтинча кўздан ғойиб бўлишади-ю бир неча йилдан кейин қайтадан сиёсат майдонида пайдо бўлади. «Клооп»нинг ҳисобига кўра, охирги беш йилда жиноят ишида айбланган ҳар бир бешинчи амалдор давлат лавозимига ва сиёсатга қайтган.

Ҳозирги вазирлар кабинетининг етакчиси Ақилбек Жапаровга 2017-йили депутат вақтида Бош прокуратура тарафидан жиноят иши қўзғатилган. Тергов фарази бўйича, Жапаров 2009-йили иқтисод ва молия вазири бўлиб турганда 200 млн сом (тахминан 4,8 млн доллар) миқдорида  бюджет  ссудасини юқори лавозимдаги шахсларнинг қариндошларига қарашли ширкатларга бўлиб берган. Уларнинг орасида ўзининг рафиқаси ҳам бўлган.

Бироқ Жапаров ҳеч қандай жавобгарликка тортилмаган, у парламент йиғинларига қатнашишни давом эттириб, 2021 йили июнда эса қайтадан иқтисод ва молия вазири лавозимини эгаллаган.

Унга қарши қўзғалган жиноят ишининг оқибати номаълум. МХДҚ ва Бош прокуратура «Клооп»нинг амалдорларнинг жиноят ишлари бўйича саволларига жавоб бермаяпти. Ақилбек Жапаров ўзи эса тергов тафсилотлари бўйича саволга «Бу масала бўйича айбланаётганимни билмайман» деб билдирди.

2021 йилнинг октябрида президент Ақилбек Жапаровни Вазирлар кабинети раҳбари этиб тайинлади. 2021 йилнинг апрель ойида қабул қилинган янги Конституцияга кўра, унга нафақат ҳукумат, балки президент маъмурияти ҳам бўйсунади.

Ҳозирги президент Садир Жапаров ҳам сиёсатга ёрқин тарзда қайтиб келган. 2012 йили дўсти Қамчибек Ташиев иккиси Бишкекда митинг уюштириб, ҳукуматни куч билан босиб олишга даъват қилиб, Оқ уйнинг панжарасидан ошиб ўтган.

Хавфсизлик хизмати митингчиларни қувиб тарқатиб, Жапаров билан Ташиев ҳукуматни куч билан босиб олишга уриниш ишининг фигурантларига айланишган. Аммо ўшанда улар суд тарафидан оқланган. 2013 йили «Қумтўр»ни миллийлаштирш учун ўтган акция вақтида бир қатор одамлар Иссиқкўл вилоятининг губернатори Эмилбек Каптагаевни гаровга олган. МХДҚ губернаторни гаровга олишни Садир Жапаров уюштирган деб билдирган.

Жиноят иши қўзғатилганидан сўнг Жапаров мамлакатни тарк этиб, Полша, Туркия ва Кипрда яшаб юрган. Қирғизистонга президентлик сайловида қатнашиш ниятида 2017 йили қайтиб келган.  Аммо келиши билан, безорилик, зўравонлик, гаровга олиш ва ўлим билан таҳдид қилишда айбланиб, 10 йилга қамалган.

2020 йилнинг октабрида парламент сайловининг натижасида юзага келган сиёсий инқироз даврида Жапаров озодликка чиқиб, амалдаги ҳукумат истеъфога кетгандан кейин ўзини бош вазир ҳамда президент вазифасини бажарувчи деб эълон қилган.

Шундан кейин олий суд Жапаров ва унинг дўсти Ташиевга қўйилган тегишли айбнинг барини олиб ташлаган. Янги тайинланган президент Ташиевни МХДҚнинг етакчиси қилиб тайинлаган.

Ҳокимиятга яна кимлар қайтиши мумкин?

Камида охирги беш йилда жиноят ишларининг фигуранти бўлган тўрт депутат ва амалдор 2021 йилдаги парламент сайловига ҳар турли партияларнинг рўйхати билан қатнашади.

- «Ата-Мекен» партиясининг раиси Омурбек Текебаев коррупция ва фирибгарликда айбланган, аммо оқланган;

- «Ата-Журт» партиясидан Кубаничбек Кадиров ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олишга уриниш учун жазо муддатини ўтаб чиққан;

- «Азаттик» партияси вакили Ахматбек Келдибековнинг коррупция бўйича айби бугунги кунгача судда кўриб чиқилмоқда;

- «Альянс» партиясидан номзод Эмил Жамғирчиев пора олганликда гумон қилинмоқда, унинг иши терговда.

Ҳукумат вакиллари бошқалардан кўра кўп оқланади

Давлат хизмати халққа хизмат қилишнинг эмас, балки бойиш манбаи бўлиб қолди, деб ҳисоблайди ҳуқуқшунос Клара Сооронқулова. Қонун барчага баробар бўлмагани учун юқори мартабали ва бой амалдорлар жазодан қутулиб қолмоқда.

«Бу ерда коррупция схемалари борлигига тўлиқ ишонаман, — деб тушунтиради Сооронкулова. — Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди, улар [барча ҳокимият бутоқларининг вакиллари] бир-бири ўзаро алоқада. Хатто ишга жамиятнинг назари тушиб турса ҳам у уч кундан кейин тинчиб қолади, шундан кейин улар  [ҳуқуқ тартибот идоралари ва суд] истаганини қилишади».

«Клооп»нинг журналистлари олти йилда турли суд инстанцияларида қаралган 26 минг жиноят ишини таҳлил қилиб чиқди. Улар судлар жиноят ишларини кўриш жараёнларининг 4%идагина оқлаш ҳукмларини чиқаришини аниқлашган. Бунда кўпинча ҳукумат вакиллари оқланади.

Бунинг олдини олиш учун суд шаффоф бўлиши керак деб ҳисоблайди Соорунқулова. «Бу ерда тизимли мониторинг керак», дейди у. - Биз [фуқаролар] жиноят иши қўзғатилиб, ҳукм чиқиб, жазо ўташ муддати тайинлангунга қадар [барча жараённи] кузатишимиз керак. Агар менга жараён  қизиқ бўлса, мен унга бориб, қатнашиб, жараённи кузатишга ҳақлиман».

Аммо Қирғизистонда очиқ-ойдинлик билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Масалан, «Клооп»  материал устида иш олиб борар экан, айрим амалдорларнинг жиноят ишлари жараёни ва суд ҳукмлари юзасидан Олий судга, ИИВга, Бош прокуратура ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига бир қатор сўровлар юборган.

Аммо уларнинг бари персонал маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунга ва «тергов манфаатига» таяниб сўровларни эътиборга олмади ё бўлмаса, умуман жавоб беришдан бош тортди.

Бу орада Садир Жапаров бир йил ичида, 2020 йилнинг октябридан бошлаб маҳаллий маъмуритларнинг 46 етакчиси жавобгарликка тортилганини билдирди.

«Юқори лавозимларда ишлаб: «Мен зўрман» деганларнинг ҳаммаси ҳибсга олинди», - деб билдирган президент, «коррупцияга қарши курашдан бюджетга 7,5 миллиард сом қайтарилганини қўшимча қилиб».

Бу маблағ қаердан келгани ва бюджетга айнан қандай тушгани ҳақида давлат раҳбари кейин ҳам изоҳ бермади.

  Таҳрир: Екатерина Резникова, Айзада Тома, Анна Капушенко.