Видео: Ўшда Чегара хизматининг етакчилари «пора олишда» гумонланиб қўлга олинди

385

МХДҚнинг чегара хизматининг бир қанча етакчилари «пора олишда» гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда МХДҚнинг матбуот хизмати 20-октябрда билдирди.

Маълумотга кўра, махсус хизмат Чегара хизмати бош штабининг етакчисини биринчи ўринбосари Курсанбек Бекташевни, Чегара хизматининг Ўш вилояти бўйича бошқармасининг бошчиси Чинарбек Насиевни ва «Достук — Автодорожный» ўтказиш бекатининг бошчиси Аскарбек Эрмекбаевни қўлга олди.

МХДҚнинг матбуот хизмати билдиришича, «Достук» ўтказиш пунктининг масъул ходимлари Чегара хизматининг айрим етакчиларининг ёрдами билан чегарадан ўтаётган одамлардан, Ўзбекистон фуқаролари билан оғир юк ташувчи машиналарнинг ҳайдовчиларидан «пул талаб қилиб йиғишган».

Ҳозирда чегарачиларга нисбатан «Пора олиш» моддаси билан судгача текширув бошланди. Гумондорлар МХДҚнинг Ўш вилояти бўйича бошқармасининг вақтинча сақлаш жойига киритилди.

Жорий йилнинг сентябрь ойида махсус хизмат Ўш халқаро аэропортида ишлаган чегарачиларни «чет ўлкаликлардан пул талаб қилган» деган гумон билан қўлга олган. Бу иш бўйича 20 чегарачи текширилмоқда.

Чет ўлкаликлардан пул талаб қилиш

Бунгача Ўзбекистон ва Тожикистоннинг фуқаролари Ўш вилоятидаги назорат ўтказиш пунктларида «пул талаб қилиш» бўлаётганини айтиб арзланишган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик Ўш аэропортига келган тожикистонликлар «қўпол муносабатга» учраб, куч органлари улардан пул талаб қилаётганини билдирган. Бу айбловлар қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли можародан кейин айтилган.

Кейинчалик Исроил исмли ўзбекистонлик блогер Қирғизистон президенти Садир Жапаровга мурожаат қилиб, Ўш вилоятидаги «Достук» ўтказиш бекатидаги чегарачилар Ўзбекистон фуқароларидан пул олаётганини маълум қилган. Блогернинг айтишича, чегарачилар ҳар бир одамдан 50 минг сўм (деярлик 400 сом) талаб қилишади.

МХДҚнинг чегара хизмати икки билдирувни ҳам инкор қилган.

Ўшдаги чегара назорат пунктларида коррупция ҳақида биринчилардан бўлиб марҳум Талгат Аланов айтган — у Чегара хизматининг офицери, подполковник бўлган.

Аланов 2019-йилнинг ноябрь ойида матбуот анжумани ўтказиб, «Достук» назорат бекатидаги пул йиғиш фактлари бўлганини ва лавозимлар пулга сотилишини билдирган.

Офицер бу маълумотдан кейин босимга учраганини айтиб, кейинчалик «коррупцияга алоқаси бор» дейилган беш чегарачини судга берган. Шу билан бирга Аланов матбуот анжуманида айтган фактлар бўйича Ўш гарнизон ҳарбий прокуратурасига ариза билан мурожаат қилган.

Кейинчалик Алановнинг аризаси асосида қўзғалган жиноий иш хавфсизлик кенгашининг назоратида экани маълум бўлган.

Талгат Аланов 2020-йилнинг июль ойида юрак хуружидан вафот этган. Чегара хизматининг Ўш вилояти бўйича бошқармасининг раҳбари Илгиз Талипов марҳумнинг оиласига уй берилишини билдирган.