ИЭМнинг ўт қозонлари билан ускуналарини хусусий компания ишлатади. Нима бўлмоқда?

419

Бишкек ИЭМнинг ўт қозонлари ва ускуналари куз-қиш мавсумида Hampton Resources limited қозоқ-британ бирлашган хусусий компаниясига ўтади.

Министрлар кабинетининг тегишли буйруғини депутат Наталья Никитенко фейсбукдаги саҳифасида маълум қилди. Бу ҳужжат унга мессенжерларнинг биридан келганини айтди. Бироқ қарор ҳақида бошқа ҳеч қаерда айтилмаган.

Қарорда Қирғизистоннинг стратегик объектида хусусий компаниянинг иш олиб бориши иситиш мавсумини «барқарор» ўтказиб олиш ва «фуқароларнинг яшаши ва соғлиғига мос шароитларда яшаш конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш» зарурлиги билан тушунтирилган. Шартноманинг нархи номаълум.

Cурат: Н.Никитенконинг Facebook саҳифаси

Санаси 2021-йилнинг 18-октябри деб кўрсатилган ҳужжатга кўра, минкаб энергетика ва енгил саноат вазирлигига Hampton Resources limited билан шартнома тузишни топширган. Компания Бишкек ИЭМга Караганда кўмирини етказади ва ИЭМнинг ўт қозонларини, бошқа ускуналарини назорат қилади.

Шунингдек, хусусий компания иссиқлик билан электр ёруғлигини нархини аввалги даражада қолдириши керак. Бундан ташқари, «станциянинг берилган қисмини ўзини-ўзи молиялашга ва харажатларни оқлашга» етказиши керак.

Компания ҳақида нималар маълум?

Компаниянинг сайтидаги маълумотга таянсак, Hampton Resources limited Лондонда жойлашган. 1998-йилдан бери кўмир бозорида ишлайди ва қўшни Қозоғистондаги уч кўмир шахтасига эгалик қилади — «Батыр», «Киров» ва «Западная». Бундан ташқари, «Карагандинская» ва «№38» номли икки қайта ишлаш фабриканинг эгаси.

Шунингдек, компаниянинг хизмат кўрсатувчи ва ёрдамлашувчи бир қанча бўлимлари бор. Уларга темир йўл вагонлари, транспорт, таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш ишхоналари киради. Бошқа очиқ манбаларда Hampton Resources limited ҳақида маълумот йўқ.

Бу Hampton Resources limited Қирғизистоннинг энергетика тармоғига аралашишга бўлган иккинчи ҳаракати. 2021-йилнинг январь ойида ўша вақтдаги вице-премьер-министр вазифасини бажарувчи Равшанбек Сабиров компаниянинг вакиллари билан учрашган. Улар энергосекторга инвестиция киритишни, мини-ИЭМ, янги темир йўл қуришни ва қирғиз кўмирини ўзига олишни кўзлаган.

Шунда ҳукумат лойиҳани таклиф қилган Hampton Resources limited Караганда шаҳрида жойлашган қозоғистонлик ТОО «EXIM ARTIS» кўмир компаниясининг филиал компанияси эканини билдирган. Лойиҳани EXIM ARTIS ва Hampton Resources limited’нинг директорлар кенгашининг аъзоси Тўлўнбек Адамкулов таништирган.

Оsoo.kg нашрининг маълумотига кўра, ўша вақтда Адамкулов йўловчиларни ташиш билан шуғулланган ОсОО «Дас-Транс» ва улгуржи савдо билан шуғулланган ОсОО «ADIB MURTAZA CO.LTD» компанияларининг директори бўлган.

EXIM ARTIS компаниясининг сайтида компания кўмир сотиб олиш, «хусусий шахталардан» чиққан кўмирни қайта ишлаш ва кўмирнинг қиммат навларини (тош кўмир ва юқори қувватдаги) кўпинча чет давлатларига ва қисман Қозоғистоннинг бозорига сотиш билан шуғулланади деб таъкидланган.

Қизиғи шундаки, «хусусий шахта» категориясида шу Hampton Resources limited эгалик қилган «Киров» ва «Западная» шахталари кўрсатилган.