Ташиев давлат қароргоҳида яшаётгани тастиқланди

345

МХДҚнинг раиси ва минкаб бошчисининг ўринбосари Камчибек Ташиев «Ала-Арча» давлат резиденциясида яшамоқда. Бу ҳақда резиденциянинг директори Адилет Билимбек ўғлига таяниб kaktus.media ёзди.

Унинг айтишича, Камчибек Ташиев коммунал тўловларни ўз ҳамёнидан тўламоқда.

«№1 давлат (“Ала-Арча”) резиденцияси ҳудудида ўлканинг мансабдор шахслари, уларнинг орасида МХДҚнинг раиси яшайди. Хавфсизлик мақсадида ким ва қаерда яшаши ҳақида маълумот бериши мумкин эмас. Бироқ бу одамлар яшаган барча объектлар давлатнинг мулки эканини таъкидлаб ўтиш керак», — деб билдирди журналистларга Билимбек ўғли.

Kaktus.media’нинг маълумотига кўра, Ташиев собиқ президент Алмазбек Атамбаев давлат раҳбари бўлган вақтда унинг «дўстлари» ўз маблағига қурди деган уйда яшайди. Олдин бу ҳақда Temirov Live Youtube-каналининг журналистлари эълон қилган суриштирувда сўз бўлган.

«Ала-Арча» давлат резиденциясидаги уйларнинг бири. Сурат: «Кабар»

Ташиевга давлат резиденцияда яшашга президент Садир Жапаров рухсат берган-бермагани ҳозирча номаълум. Шунингдек, МХДҚ раиси ва министрлар кабинети раисининг янги сайланган ўринбосари «Ала-Арчада» қанча вақтдан бери яшаётгани айтилган эмас.

Президент маъмурияти «Клооп»га изоҳ бермади, материал берилишидан олдин давлат резиденциясининг директори билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Бу нима учун муҳим?

Бунгача бир қанча ОАВларида президентнинг дўсти ва МХДҚнинг раиси Камчибек Ташиевни «Ала-Арчада» яшаётгани ҳақида айтилган. Ташиев давлат резиденциясида яшашга ҳақли давлат ходимларининг қаторига кирмайди.

Камчибек Ташиев ва Садир Жапаров 2020-йили октябрь ойида давлат резиденцияда.

Сурат: Ташиевнинг расмий фейсбук саҳифаси.

Шунингдек, 26-августда Temirov Live Youtube-канали суриштирув эълон қилган — улар Ташиевнинг ўғлини никоҳ тўйи давлат резиденциясида ўтгани бўйича далилларни топган.

Фуқаровий жамиятда ҳақиқатдан ҳам Ташиев давлат резиденцияда яшаяптими деган савол туғилган. Сентябрнинг бошида юрист Чолпон Жакупова бошчилигида «Адилет» ҳуқуқ клиникаси президентга мурожаат қилган.

Унда Жакупова барча беш давлат резиденция солиқ тўловчиларнинг ҳисобидан молияланишини таъкидлаган. Шунингдек, махсус касалхонанинг, бола боғча, автотранспорт муассасасининг, овчилик хўжалиги, қурилиш муассасасининг ва бошқа кўплаган объектларнинг харажатлари ҳам давлат бюджетидан тўланади.

Юрист амалдорларнинг халқнинг пулига ўзлари учун қулай шароит яратаётгани аниқ коррупция эканини айтган.

Унинг таъкидлашича, 2021-йили Президентнинг иш бошқармаси билан ҳукуматнинг харажатларига давлат бюджетидан 662 млн сом ажратилган. Бу ўтган йилгига нисбатан 8 млн сомга кўп.

Давлат раҳбарининг матбуот котиби Эрбол Султанбаев Жакупованинг илтимосномаси президент маъмуриятига келиб тушганини, мазкур тизим жавоб тайёрлаши кераклигини таъкидлаган. Бироқ ҳамон жавоб келмаган.