БМТдаги Қирғизистоннинг доимий вакили: Парламент комитети Аида Касималиеванинг номзодини мақуллади

321

Жогорку Кенешнинг халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик бўйича қўмитаси Бирлашган миллатлар ташкилотининг Нью-Йорк шаҳридаги офисига Қирғизистоннинг расмий вакили хизматига вице-спикер Аида Касималиеванинг номзодини маъқуллади.

17-октябрда фейсбук саҳифасида Аида Касималиева Жогорку Кенешнинг еттинчи чақирилишига депутат бўлиш учун ҳаракат қилмаслигини билдирган.

«Бу сафар сайловга қатнашмайман, бироқ ҳар доим мамлакатимиз ва халқимиз учун хизмат қиламан. Барча номзодларга, айниқса аёлларга муваффақият тилайман», — деб ёзган у.

Энди Касималиевани БМТдаги расмий вакил қилиб тасдиқлаш ҳақидаги фармонга президент қўл қўйиши керак. Ҳозирда Қирғизистоннинг Бирлашган миллатлар ташкилотидаги (БМТ) доимий вакили хизматида 2016-йилдан бери Миргул Молдоисаева ишлайди.

Касималиева 2017-йили КСДП партиясининг рўйхати билан Жогорку Кенешга депутат бўлган. 2018-йилнинг 26-декабрида у парламент раисининг ўринбосари бўлиб сайланган.

У 2020-йилнинг 4-октябрида бўлиб ўтган парламент сайловига «ҳукуматники» дейилган «Биримдик» партиясидан отланган. Бироқ сайловнинг натижаси бекор қилинган — бунга норози бўлган сиёсий партияларнинг тарадорлари 5-октябрда муддатсиз митингга чиқиб, Оқ уйни босиб олгани сабаб бўлган. Митингчилар сайлов адолатли ўтмаганини, овозлар сотиб олинганини ва маъмурий ресурсдан фойдаланилганини айтишган.

10-октябрда «Ала-Арча» резиденциясида парламентнинг навбатдан ташқари йиғини ўтиб, унда Садир Жапаров ҳукумат раҳбари этиб тайинланган. Йиғинга вице-спикер Аида Касималиева ҳам бориб, кўп ўтмай кетиб қолган. Бунинг сабабини Касималиева вазиятга боғлиқ қаршилик кўрсатиш деб тушунтирган.

Шунингдек, вице-спикер унга нисбатан қилинган таҳдидлар ҳақида билдириб, уни депутат, «Мекеним Кыргызстан» партиясидан номзод бўлган Урмат Самаев «қўрқитганини» билдирган. Ҳозирда Самаев Тоқмоқ шаҳрининг мэри.

Жогорку Кенешнинг вице-спикери Аида Касималиева резиденциядаги йиғингача парламентдаги кўпчилик коалицияга премьер-министрликка Садир Жапаровдан бошқа номзодларни таклиф қилишга чақирган.

Муаллиф: Найзабек Мукамбетов