Нима бўлган эди?
13-октябрда «Азаттык»нинг «Эксперттер талдайт» дастурида «Ата Мекен» партиясининг лидери Ўмурбек Текебаев билан министрлар кабинети раисининг ўринбосари Эдил Байсалов айтишиб кетган.
Эфирда Байсалов янги парламент сайлангандан кейин министрлар кабинети доим «президентнинг сиёсатини қўллаганлар» билан ишлашини айтган.
«Бизга ҳозир 90 депутатнинг фикри муҳим эмас. Биз ҳар бир депутатнинг ортидан юрмаймиз, 45 ёки 50 депутат билан ишлаймиз. Улар бизнинг қонунларни қабул қилишади. Қолганлари [депутатлар], қарши чиқиб, ер тепишса ҳам бизнинг [минкаб] фикримиз ўзгармайди. Сизлар бизни чалғита олмайсизлар. Биз сизларга ялинмаймиз. Биз ривожланиш йўлига тушамиз», — деган Байсалов.
Текебаев жавоб қатори Байсаловнинг сўзини «“ўзим биламан, этигимни тўрга иламан” режими» деб атаган. У ўз сўзида «бугунги озчилик, келажакда кўпчиликка айланиб кетиши мумкинлигини» таъкидлаган.
«Пинагимиз бузилмайди деган Сооронбай [Жээнбеков] ҳозир қаерда? Пинагимиз бузилмайди деган Алмаз [Атамбаев] қаерда? Сизларга ўхшаб, пинагимиз бузилмайди деган Бакиевнинг одамлари қаерда? Халқ билан ҳисоблашиш керак. Ҳақиқатни ҳисобга олиш керак, ҳамкорлик очиқ бўлиши керак. 40 депутатнинг ортида 3 миллион халқ туради. Улар билан ҳисоблашмаймиз деган тўғри эмас», — деган «Ата Мекен»нинг лидери.
Бир неча кундан кейин Текебаев билан Байсаловнинг айтишуви давом этмоқда — энди улар бир-бирини видео мурожаат орқали танқид қилишди.
«Партиявий коррупция сизларда бошланган»
Байсалов фейсбук саҳифасидаги мурожаатида ҳозирги ёшларни чет ўлкаларга мигрант бўлиб кетиши, билим даражасининг сифати, завод-фабрикаларнинг йўқ бўлиши — Текебаевнинг ишини оқибати эканини айтди.
«Барча қирғизистонликлар сизга ишонган. Ҳукумат сизнинг қўлингизда бўлган. кейин нима бўлди? Партиявий коррупция сиздан бошланди [...] Фракциянгиздан ёнингизда биргина [депутат] Наталья Никитенко қолди. Мен энди сизга муваффақият тилайман. Сизнинг ўрнингиз қирғизнинг тўрида, мана менинг тўримда. Бироқ доим қирғизга мендан бошқа ҳеч ким куймайди, қирғиз халқи мендан бошқа ҳеч кимга керакмас дегансиз. Биз ҳам бормиз, биз ҳам чиқдик, эришдик. Шу давр битсин, янги давр келсин деб ўзимиз бирор бир ишни қўлга оляпмиз. Курашга тўймаган одамга бўлманг», — деди Байсалов.
Шунингдек, Байсалов Текебаевга 2010-йили «70 дан ортиқ ёшлар сизга ишониб жонини берган» деб билдирди.
Бундан ташқари, у партия аъзоларини танлаш сиёсатини ҳам танқид қилди.
«Фалончи депутат ўша вақтда Садир Жапаров томонига ўтиб кетди деб айтдингиз. Нимага уни рўйхатга киритдингиз? Нимага фракцияга оляпсиз бундай одамларни?» — деди у.
«Қўлдан кўлга ўтгансан»
Ўзининг мурожаатида Текебаев ҳозирги ва аввалги сиёсатчиларнинг кўпи, уларнинг орасида Байсаловнинг ўзи ҳам «Ата Мекен»дан чиққанини эслатди.
«Эдил, сен ҳам “Ата Мекен”да бўлгансан. Сен охирги йиллари ҳукумат томонда, Сооронбай Жээнбековнинг ёнида бўлдинг. Бугун ҳам қўлдан-қўлга ўтиб, бугунги ҳукумат томонидасан [...] “Ата Мекен”да бугун ҳам одам кўп, бугун биз мухолифатдамиз. 2020-йили навбатга туриб, оқиб келган аъзолар, албатта бугун озроқ. Бироқ мен қамалиб ҳам кўрдим, таъқибда ҳам бўлдим. Бошига қийинчилик тушганлар кундузи шам билан излаб тополмай қолган одамлар бўлади. Салом айтмай, қочиб кетган одамлар бўлади. Бошига иш тушганда ҳам қочмаганлар — бу ҳақиқий йўлдошлар», — деди сиёсатчи.
Текебаевнинг мурожаатини «Туран» партиясининг аъзоси Эрлан Бекчороев фейсбук саҳифасида эълон қилди. Олдиндаги парламент сайловига қатнашиш учун «Туран» партияси «Ата Мекен»га қўшилган.