Видео: Улукбек Марипов халқ билан видео мурожаат орқали хайрлашди

450

Министрлар кабинетининг собиқ раиси Улукбек Марипов 12-октябрда Фейсбук саҳифасида қирғизистонликлар учун видео мурожаат жойлади. Аввалроқ президент Садир Жапаров Мариповни ва минкабнинг аъзоларини истеъфога чиқарган.

Марипов қирғизистонликларга, президентга ва депутатларга «ишонч учун» миннатдорчилик билдирди. Мариповнинг айтишича, министрлар кабинетининг раиси хизматида роппа-роса 250 кун ишлаган.

«Бу вақт ичида турли кунлар ўтди. Бизнинг асосий принцип: тоза ишлаш, халққа хизмат қилиш бўлди [...] Биз шу мақсадимизга етдик деб ўйлайман. Ишимиз қандай бўлганига баҳони, албатта, халқимиз беради», — деди у.

12-октябрда парламент қўмитаси президент Садир Жапаров таклиф қилган янги минкабнинг таркибини ва тизимини бир овоздан маъқуллади. Мариповнинг ўрнига давлат раҳбари иқтисод ва молия вазири Акилбек Жапаровни тавсия қилди.

13-октябрда Жогорку Кенеш депутатлари министрлар кабинетининг янги таркиби билан тизимини тасдиқлаб бериши керак.

Минкабнинг янги таркиби 13-октябрдаги парламент йиғинида. Сурат: Дастан Бекешев.