Чегара жанжали: Минкаб боткенлдик тадбиркорларни бир қатор солиқдан озод қилди

402

Министрлар кабинети қирғиз-тожик чегарасида бизнеси жабрланган тадбиркорларни бир қанча солиқларни тўлашдан озод қилди. Бу ҳақда 8-октябрда минкабнинг матбуот хизмати билдирди.

Уларнинг маълумотига кўра, қирғиз-тожик давлат чегарасида 28-30-апрелда бўлган воқеалар «форс-мажор ҳолатлар» маълумотномасига мос келувчи ўзгача ҳолатлар деб топилди.

Баткенда жабрланган бино. Сурат: минкабнинг матбуот хизмати

Тадбиркорлар қайси солиқлардан озод қилинди?

Минкаб қуролли можарода жабрланган тадбиркорларни 2021-йилнинг 1-апрелидан 31-декабргача қуйидаги солиқлардан озод қилишга қарор қилди:

  • даромад солиғи;
  • фойда солиғи;
  • қўшимча нарх солиғи (импортга кўра қўшимча нарх солиғидан ташқари);
  • сотув солиғи;
  • мажбурий патент асосидаги солиқ;
  • ихтиёрий патент асосидаги солиқ;
  • ягона солиқ.

Бундан ташқари, минкаб маҳаллий кенгашларга баткенлик тадбиркорларни ер ва мулк солиғини тўлашдан бўшатишни таклиф қилди.

«2021-йилнинг 1-апрелидан 30-сентябригача ҳисоб мавсумида солиқ қолдиғининг миқдорига суғурта тўловларини ўз вақтида тўламаслик учун фоиз кўрсатилган солиқ тўловчиларга нисбатан қўлланилмайди», — деб айтилади минкабнинг матбуот хизмати билдирувида.

Минкабдан солиқдан бўшатиш конни қайта ишлатувчи, кон қазувчи ва акциз товарларни чиқарувчи ишхоналарга, нефт сотувчи субъектларга алоқаси йўқлигини таъкидлашди.

Баткенлик тадбиркорларга насия бериш

Ҳукуматнинг расмий маълумоти бўйича, қуролли можарода 76 тадбиркор жабрланган. Ҳукумат уларнинг ҳар бирига 200 минг сомдан насия беришни ваъда қилган. Биринчи йили насиянинг устама фоизи 0,1% бўлади. бу жуда паст устама. Кейин банкнинг тарифига яраша. Насия умумий уч йилга берилади», — деб билдирган 20-сентябрда Бюджет кредитни бошқариш давлат агентлигининг директор ўринбосари Элдияр Доолбеков.

Тадбиркорларга имтиёзли насия бериш учун умумий 15,2 млн сом керак. Бу маблағни Хитойнинг грант маблағидан олиш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, ҳукумат жабрланган тадбиркорларга 200 минг сомдан моддий ёрдам кўрсатган. «Азаттык»нинг маълумотига кўра мазкур маблағ 53 тадбиркорга берилган.

Чегарадаги қуролли можаро

Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги қуролли можаро 28-апрелда бошланиб, 1-майгача давом этган.

Икки ўлка ўртасидаги можарода 36 қирғизистонлик ҳалок бўлиб, 190 киши жабрланган. Воқеа бўлган ҳудуддан 40 мингдан ортиқ одам эвакуацияланган.

Тожикистон томон қуролли можарода 19 фуқаро ҳалок бўлиб, 87 киши яраланганини билдирган.

Баткен вилоятида юздан ортиқ уй, чегара пости, икки мактаб, бир бола боғча, бир тиббий муассаса, милиция биноси, ўн ёқилғи қуйиш шоҳобчаси, саккиз дўкон, тўрт савдо маркази, тўрт соцобъект ва бошқа беш давлат муассасаси биноси ёниб, вайрон бўлган. Айрим аҳоли пунктлари тўлиқ вайрон бўлган.