«Қўлдан келмайдиган ҳеч нарса йўқ». Жуманазарова жаҳон чемпионатидаги ғалабаси ҳақида

Қирғиз спортчиси Мээрим Жуманазарова 7-октябрда эркин кураш бўйича жаҳон чемпионатида 68 кг оғирликда олтин медални қўлга киритиб, жаҳон чемпиони бўлди.

Беллашувдан кейин полвон қиз журналистларга интервью бериб, ўсиб келаётган спортчи қизларга нимага интилиш кераклигини айтиб, таассуротлари билан ўртоқлашди.

 

Жуманазарова чемпионатда ғолиб бўлганидан бахтиёр эканини айтди. Унинг айтишича, у эркин кураш бўйича икки карра жаҳон чемпиони Айсулуу Тинибековани кумир тутади.

«У бизнинг жамоанинг лидери. 2019-йили мен жаҳон чемпионатида жароҳат олганим сабаб қатнашган эмасман. Ўша йили Айсулуу эже чемпион бўлган. Шунда мен жуда хурсанд бўлганман», — деди Жуманазарова.

У спортда муваффақиятга эришини истаган ёш спортчи қизлар ҳеч қачон ортга чекинмай, кучли бўлиш керак деб ҳисоблайди. «Мақсад қўйиб, уларга етинглар. Ҳеч нарсадан қўрқманглар. Ҳаммаси қўлдан келади. Қўлдан келмаган нарса йўқ», — деб таъкидлади спортчи қиз.

Кураш бўйича жаҳон чемпионати 2-октябрдан бери Норвегиянинг Осло шаҳрида ўтмоқда. Финалда Жуманазарова япониялик спортчи Рин Мияжини енгди.

Бу жаҳон чемпионатида Қирғизистон ҳисобига тушган иккинчи олтин медаль. Аввалроқ Олимпиада ўйинларида кумуш медални олган Айсулуу Тинибекова ҳам бу чемпионатда олтин олиб, икки карра жаҳон чемпиони бўлди.

Жуманазаровадан ташқари кураш бўйича жаҳон чемпионатида қирғизистонлик полвон Эрназар Акматалиев кумуш медаль олди. Алибек Осмонов билан Айпери Медет қизи бронза медалнинг соҳиби бўлишди.