Депутат Алтибаева Ўш аэропортида трапга қадар машина билан келди

405

Ижтимоий тармоқларда Ўш аэропортида самолётга қўйилган трапгача машина билан келган депутат Айнуру Алтибаеванинг видеоси тарқалди. Видеонинг изоҳида депутат сабаб Ўш — Бишкек рейси 20 дақиқага кечиккани айтилади.

Аввалроқ Алтибаева шаҳар кунига бағишланган байрамга қатнашиш учун Ўшга борган. Депутат журналистларга рейснинг кечикишига алоқаси йўқлигини айтган.

«Рейс авиакомпания бортни алмаштиргани учун кечиккан. Биз барча йўловчилар шу жараённи кутдик. Шу сабаб салонда йўловчиларни ўринларга жойлаштириш ҳам қийин бўлди! Мен амаллаб бир нарча чиқариш учун ёлғон айтган муаллифга ачинаман», — деб Kaktus.media унинг сўзидан цитата келтирди.

Ўш аэропортидан эса журналистлар депутатлар барча йўловчиларга тегишли стандарт процедуралардан ўтгандан кейин расмий делегациялар зали орқали самолётга боришини билдиришди.

Алтибаева ким?

Айнуру Алтибаева парламентда консультант бўлиб ишлаган, 2010-йили бешинчи чақирилишда «Ар Намис» партиясидан Жогорку Кенешга депутат бўлиб сайланган. 2015-йили олтинчи чақирилишга КСДП партиясидан келган.

Натижаси бекор қилинган 2020-йилнинг октябридаги парламент сайловига ҳукуматнинг «Биримдик» партияси қаторида келган.

У ўлканинг Хитой олдидаги қарзини тўлаш учун қирғизистонликларни пул йиғишга ундаб, икки палатали парламентга қайтишни таклиф қилгани билан ёдда қолган.

2021-йили Алтибаева жамоат жойларида тамаки чекишни тақиқлаган қонун лойиҳасини илгари суриб, КТРКдан прайм-таймда аёлларни мажбурлаб оила қуриш жиноят экани ҳақида роликларни кўрсатишни сўраган.

Шунингдек у «Меҳнат кодексига ўзгартиришларни киритиш ҳақидаги» қонун лойиҳасининг ташаббусчиларидан бири. Ташаббусчиларнинг маълумоти бўйича бу лойиҳа ходимларнинг дахлсизлик ҳуқуқини ҳимоя қилишга ва ишда ходимларга осилишдан ҳимояланишни таъминлаш учун ишлаб чиқилган.