«Қамоқда ҳозирги ҳокимиятдагилар ўтириши керак». Октябрь воқеалари бўйича суд бошқа вақтга кўчирилди

348
Курсан Асанов, Фарид Ниязов ва Жениш Молдокматов. Сурат: Кундуз Жолдубаева

Бишкекнинг Биринчи май туман судида 2020-йилнинг 5-6-октябрида ва 9-октябридаги тартибсизликлар бўйича биринчи суд мажлиси 18-октябрга жилдирилди. Бунга айбланувчиларнинг бири, «Социал-демократлар» партиясининг лидери Темирлан Султанбековни судга келмагани сабаб бўлди.

Суд мажлисига тергов қамоғидан ИИВ бошчисининг собиқ ўринбосари Курсан Асанов, президент аппаратининг собиқ етакчиси Фарид Ниязов ва «Туран» сиёсий партиясининг лидери Жениш Молдокматов етказилган. Шунингдек, судга уй қамоғида бўлган давлат назорати хизматининг собиқ ходими Канат Сагимбаев ҳам келди.

Асанов мажлисда журналистларга «мен ўйлайманки ҳақиқат қарор топади» деб билдирди.

«Бугунги жиноий иш бўйича — барчаси ўйлаб топилган. Мен биринчидан фахрланаман, барқарорлик, тинчликка қўшган ҳиссамдан. Ўзининг аввалги ходимларга, фахрийларга, айниқса ёш болаларга шу кунлари менга ёрдам берганига», — деди Асанов.

Асановнинг адвокати Чинара Жакупбекова у суд мажлисида президент Садир Жапаров, МХДҚнинг раиси Камчибек Ташиев ва бош прокурор Курманкул Зулушевга мурожаат қилганини билдирди.

«Мени ўкинтиргани бир йил олдин қандай ишлар бўлса, бу сафар ҳам яна такрорланмоқда. Ички ишлар вазирлиги ҳеч қачон бу ишни тергов қилмаслиги керак эди. Ички ишлар вазирлиги бу воқеаларга гувоҳ қатори қатнашиши керак эди […] Ўзларининг бошидан кўплаган қийинчиликлар ўтган. Бугунги кунда шу воқеалар такрорланмоқда. Ҳақиқат бир куни ўрнайди, шунда шу ерда ўтирганлар уят бўлиб қолмаслиги керак», — деган Асанов.

Сиёсатчи Жениш Молдокматов уларга қуйилган айбни «абсурд» деб атаб, октябрь воқеалари бўйича «бизнинг ўрнимизда [қамоқда] ҳозирги ҳукуматдагилар ўтириши керак» деб таъкидлади.

Бу ишнинг бошқа фигурантлари — собиқ президент Алмазбек Атамбаев ва собиқ бош вазир Ўмурбек Бабанов — судга олиб келинмади. Ҳозирда Атамбаев №47 ахлоқ тузатиш колониясида, унинг адвокати Сергей Слесарев собиқ давлат раҳбарининг соғлиғи ёмонлашганини билдирди. Бабанов соғлиғи сабаб уй қамоғида.

*Бабанов шу йилнинг 31-майида «Қумтўр иши» асосида қўлга олинган. У 27-июлда МХДҚнинг тергов қамоғидан бўшатилиб, чет ўлкага даволанишга чиқиб кетган. Бабанов 5-сентябрда Қирғизистонга қайтиб келди.

Атамбаевнинг адвокати Замир Жоошев «Азаттык»қа берган интервьюсида октябрь воқеалари бўйича Бабановнинг иши алоҳида қаралишини билдирди. Бироқ бунга нима сабаб бўлгани номаълум.

2020-йилнинг 5-6-октябрида Бишкекда парламент сайловининг натижасидан норози бўлган партияларнинг вакиллари митингга чиқишган. Митинг оммавий кўтарилишларга айланиб, митингчиларнинг бир гуруҳи Оқ уйни босиб олган.

Шунингдек митингчилар қамоқда ўтирган бир қанча сиёсатчиларни бўшатишган — уларнинг орасида собиқ президент Алмазбек Атамбаев ва амалдаги давлат раҳбари Садир Жапаров ҳам бор. Кейинчалик Жапаровнинг номзоди бош вазирликка тўрсатилган.

9-октябрда Атамбаев билан Бабановнинг тарафдорлари ва ёш сиёсатчилар «УЖГга қарши кураш учун» бирлашиб, митингга йиғилишган. Бу бирлашмадан премьерликка Ўмурбек Бабанов кўрсатилган. Митингчилар Ала-Тоо майдони томон йўл олишган.

Майдонда улар ўзларини Жапаровнинг тарафдорлари деб атаган гуруҳ билан тўқнашган. Натижада Жапаровнинг тарафдорлари рақибларини тош бўрон қилиб, сиёсатчи Тилек Токтогазиев ва собиқ премьер Темир Сариевнинг тан соқчиси касалхонага тушган. Атамбаевнинг машинасига номаълум одам ўқ отган. Майдонга қурол кўтариб келган одам ҳамон топилмади.

Садир Жапаровнинг ҳукумати ўрнатилгандан кейин куч органлари октябрь воқеаларини текшира бошлаган.