«Жазолаш қаттиқ бўлади». Ўшнинг мэри ходимларига сайловга аралашмасликни огоҳлантирди

343

Ўш шаҳрининг мэри Алмаз Мамбетов 2-октябрдаги коллегия йиғинида мэриянинг ходимларини, муниципал ишхона етакчиларини ва ҳудудий бошқармаларнинг жамоасини парламент сайловига аралашмаслик кераклиги бўйича огоҳлантирди.

У аввалроқ «тартибсизликлар, можаролар ва тўнтарилишлар сайлов сабаб бўлганини» айтиб, «бу системани бузиш керак» деб таъкидлади.

«Асосан МАБлар, уй бошчиларига айтиб қўйинглар, маълумот келмоқда. “У партияга, бу номзодга” деганларни эшитмайин. Бу томонда хавфсизлик хизмати, прокуратура, милиция чора кўради. Билмай қолади деб ўйламанглар, кимга ишлаяпти, ким кимга ҳаракат қиляпти, тез етади. Тўхтатинглар буларни. Кимга буюрса ўша депутат бўлади», — деди у.

Шунингдек, Мамбетов муниципал ходимларга «бирор бир номзодга ёки партияга овоз беришни ваъда қилманглар» деди.

«Сайловга оз қолди. 28-октябрда ташвиқот ишлари бошланади. Унгача “менинг жамоамда шунча одам бор, мунча овоз олиб бераман” деган ваъдаларни бирортангиздан эшитмай. Жазо жиддий бўлади. Ҳозир олдиндан огоҳлантиряпман, кейин “эшитмай қолдим, билмай қолдим, кечирасизлар” деган бўлмасин», — деди мэр.

Сайлов ноқонуний ўтгандан кейин ишдан бўшатилган мэр

11-апрелда маҳаллий кенгашларга сайлов бўлгандан кейин Ўш шаҳридан олти партия сайлов натижаларини тан олмаслигини айтиб митинг ўтказган. Улар сайлов «ифлос» ўтганини, бунгача тегишли органлар чора кўрмаганидан норози бўлишган.

Шунингдек улар «Ата-Журт Кыргызстан» партияси «маъмурий ресурсдан фойдаланганига, овоз сотиб олгани ва ноқонуний ишлар қилганидан» шикоят қилишган. Мазкур партиянинг деярли ярмини давлат ходимлари ташкил қилган.

Бир ойдан кейин МСК сайлов натижасини «оммавий қонунбузарликлар» сабаб бекор қилиб, қайта сайловни 11-июлга белгилаган.

Сайлов олдидан президент Садир Жапаров Ўшнинг ўша вақтдаги мэри Таалайбек Сарибашов билан учрашиб, маъмурий ресурсга йўл қўймасликни топширган.

Давлат раҳбари 11-апрелда ўтган сайловда айрим маҳаллий етакчилар «ўтган воқеалардан сабоқ олмай, қонунбузарликларга йўл қўйгани сабаб» Бишкек, Ўш ва Тоқмоқ шаҳарларида сайлов натижалари яроқсиз деб топилганини таъкидлаган.

Сайлов олдидан сайловга қатнашган бир неча партия маъмурий ресурсдан фойдаланаётганидан шикоят қилишган. Шунингдек, мэр Таалайбек Сарибашовнинг номи ҳам тилга олинган.

11-июлдан кейин ҳам беш партия ХСКга сайлов натижасини бекор қилиш бўйича ариза берган. Улар сайловда овоз сотиб олишга гумонланиб қўлга олинган аниқ номзодлар бўлганини, Сарибашов президентнинг топшириғини бажара олмаганини таъкидлашган.

2-августда Сарибашов бошқа хизматга ўтказилади деган сабаб билан ишдан кетган. Шу куни у Бишкек шаҳри мэрининг вазифасини бажарувчи бўлиб тайинланиб, бироқ ўн кундан кейин ўз аризаси асосида ишни топширган — собиқ мэр парламент сайловига қатнашиш нияти борлигини билдирган.

Қирғизистонда парламент сайлови 28-ноябрга белгиланган, унга 592 млн 531 минг сом сарфланади.

Жогорку Кенеш депутатларини сайлаш янги Конституцияга кўра аралаш система билан ўтади — 54 депутат партия рўйхатида, 36 депутат бир мандатли округ билан. Партиядаги номзодлар «очиқ рўйхат» билан сайланади.