«Ё, товба». Ипотека уйларини бўлиштирувчи комиссиядан депутатларни чиқариш таклифи қўллов топмади

363
Коллаж: «Клооп»

Ўш шаҳар кенгашининг йиғинида мустақил юристларнинг ипотека уйларни бўлиштирувчи комиссиянинг таркибида бирорта ҳам депутат бўлмасин деган таклифи қўллов топмаган. Янги қабул қилинган қоида бўйича комиссияга олти депутат кирадиган бўлди.

Юристлар нимадан норози бўлишмоқда?

«Интербилим» халқаро марказининг Ўшдаги филиалининг ходимлари ва мустақил юристлар «Ўш шаҳрининг мэрияси томонидан ипотека шартида турар-жой беришнинг тартиби ҳақидаги қонун» лойиҳасини ўрганиб чиқиб, камчиликларни ва қонундаги қарама-қаршиликларни аниқлашган. Шу сабаб юристлар мазкур қонунга 23 таклиф беришган.

Юристлар ипотека уйларни бўлиштирувчи комиссиянинг таркибида Ўш шаҳар кенгашининг олти депутатини кириши «манфаатлар тўқнашувига олиб келади» деб билдиришган. Сабаби «Маҳаллий ўз-ўзини бошқариш ҳақидаги» қонунда шаҳар кенгашининг депутати «ижройи ҳукуматнинг фаолиятига аралаша олмайди» деб кўрсатилган дейди юристлар.

«Шунингдек, шаҳар кенгашининг функцияларидан бири бу ижройи ҳукуматнинг [Ўшнинг мэриясини] фаолиятини назорат қилиш. Қонун [ипотека берувчи] комиссия мэрияга ҳисоб бериши кўрсатилган, бироқ бу комиссияга шаҳар кенгашининг депутатлари кирган — унда қандай қилиб мэрия ўз фаолияти бўйича уларнинг [депутатларнинг] олдида ҳисоб беради? [...] шу сабаб биз комиссиянинг аъзолигидан маҳаллий кенгашнинг вакилларини олиб ташлашни таклиф қиламиз» — деб ёзилган «Интербилим»нинг билдирувида.

Бундан ташқари, юристлар комиссия таркибидан котибни ва оммавий ахборот воситалари вакилини ҳам чиқариб ташлашни таклиф қилган. Унинг ўрнига комиссиянинг 13 аъзосининг 70% фуқаролик жамиятининг вакиллари бўлиши керак дейишган.

Ўш шаҳар кенгаши қандай ҳал қилди?

Мазкур қонун лойиҳаси Ўш шаҳар кенгашининг 28-сентябрдаги йиғинида қаралди. Унда депутат Хулкар Исамова Ўш мэриясининг муниципал ипотека ишхонасининг бошчиси Кутманали Абдирахман ўғлига мурожаат қилиб, «Интербилим»нинг таклифлари ҳақида фикрини сўради.

Абдирахман ўғли бунгача қонунда комиссия 12 аъзодан иборатлигини, унинг орасида «маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органининг вакиллари», аниқроғи, депутатлар ҳам кирганини таъкидлади.

Унинг айтишича, эски қонунда комиссияга кирган депутатларнинг сони аниқ айтилмаган, бироқ одатда бу ерга олти депутат бўлган. шу сабаб янги қонунда депутатларнинг сони аниқ кўрсатилиб, уларнинг хизматини таъкидлашган.

«Биз билганимиздай халқнинг номидан биргина депутат ёки президент сўзлай олади, сабаби улар сайланган одамлар. Бу масалани муҳокама қилиш керак, ҳозир муҳокама қиляпмиз. Маънавий томони ҳам бор: шаҳар кенгаши ҳисобот олиб, шу масалани ҳал қилишда қатнашмоқда», — деди Абдирахман ўғли.

Йиғинга қатнашган «Интербилим» халқаро марказининг Ўшдаги филиалининг етакчиси Гулгаки Мамасалиева комиссиянинг таркибида «балансни сақлаш учун» мэриянинг бир вакили ва бир депутат етади деган фикрни билдирди.

«Бу манфаатларнинг тўқнашуви, сабаби депутатлар ижройи ҳукуматнинг фаолиятига аралаша олмайди. Комиссиянинг аъзоси бўлиб қолгандан кейин қарорларни қабул қиласизлар, қўл қўясизлар, тушунасизларми? Кейин эса [Ўш шаҳар кенгашининг] йиғинида қўл қўйганинглар бўйича ҳисоб бера олмайсизлар. Мен сизларни нотўғри қадамлардан сақлаб қолишни кўзлаяпман», — деди у.

Бироқ Ўш шаҳар кенгаши маъқуллаган қонун лойиҳасида комиссиянинг аъзолари ҳақидаги масала ўзгаришсиз қолди. Депутатлардан ташқари, комиссиянинг таркибига Ўшнинг вице-мэри, меҳнат ва ижтимоий ривожлантириш бошқармасининг ходими, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг вакили, фуқаровий жамият вакили, нодавлат ташкилот вакили, оммавий ахборот воситаларининг вакили ва котиб киради.

«Энди уй бўлиштириш комиссиясининг қарори келажакда кўп саволларга сабаб бўлади [...] Бирорта депутат комиссияда бўлмасин, комиссияда кўпроқ қуйи қатламларнинг манфаатларини ҳимоя қилган, оддий одамлар деган бизнинг таклиф қўллов топмади», — деб йиғиндан кейин Мамасалиева фейсбукка ёзди.

Шунингдек, фуқаровий фаол «мен бу таркибга “уч” деган баҳони бердим» деб таъкидлаб, Ўш шаҳар кенгашининг саҳифасини белгилаб, «депутатларингларга турар-жой кодексини ва бошқа қонунларни ўқитиб қўйинглар» деди.

«Акс ҳолда шундай 4 соат тортишиб ўтираверишади келаси 4 йилда ҳам. Айрим депутат-юристлар эса кўзингни олдида қонунни ўзгартиришга ҳам улгурди. Тавба. Эслатиб ўтсак, депутатларнинг орасида юридика факультетининг декани, юрист-адвокат деганлар бор. Айрим қонун ҳақидаги маълумотлари йўқ бўлса ҳам талашиб-тортишишди. Уят! Айримлари эса балиқ бўлиб ўтиришди», — деб ёзди у.

Қонунда яна нималар ўзгарган?

Янги қабул қилинган қонунда ипотекага уйни Ўш шаҳрида рўйхати бор ва 5 йил доимий яшаган турғунлар олишади деб айтилди. 2014-йили қабул қилинган қонунларда уйни шаҳарда рўйхати борлар олса бўларди.

Кутманали Абдирахман ўғлининг айтишича, турғунларнинг Ўш шаҳрида рўйхатда тургани бўйича маълумотномаларни ипотека ишхонаси давлат ишхоналаридан ўзлари сўраб олишади. Бу ҳужжатларни қалбакилаштиришни олдини олиш мақсадида қилинади.

Шунингдек, муниципал ипотека олишни кўзлаганларни ва уларнинг оила аъзолари номида охирги беш йилда кўчмас мулк бўлмаслиги керак. Бунгача бўлган қонунда бундай талаб биргина ипотека олаётган кишига қўйилган.

Қонунга кўра, Ўш мэриясининг муниципал ипотека ишхонаси «бир оилага биргина бир уй бера олади. Олдин ҳам шундай бўлган.

Ипотека олиш учун Ўшнинг турғунлари муниципал ипотека ишхонасига ариза билан мурожаат қилиб, тегишли ҳужжатларни кўрсатади. Муассаса уларни навбатга қўяди — бу уч хил бўлади: «навбатсиз», «биринчи навбат» ва «навбат бўйича».

*«Турар-жой» кодексининг 44-моддасида етим болалар уйларни навбатсиз олиши кўрсатилган. Улардан кейин «биринчи навбатда» Улуғ ватан урушининг қатнашчилари ва Совет иттифоқининг турли даражада мукофот олганлар, Чернобиль АЭСида фалокат оқибатларини бартараф қилишда ишлаганлар, сурункали касаллиги борлар ва ногиронлар ёки ногирон болаларнинг оналари, бузилиши ёки қулаб кетиш хавфи бор давлат ёки муниципал уйларда яшаганлар, хизмат вақтида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оилалари туради. Бу категорияларга кирмаган фуқаролар уйларни «навбат бўйича» олишади. Бу ўзгаришлар янги қонунга юристларнинг таклифи билан борган.

Ўшнинг муниципал ипотека ишхонасининг маълумотига кўра, ҳозирда 1 737 киши ипотекага навбатда туради.

Бироқ турғунлар навбатдан айрим ҳолатларда чиқарилиши мумкин. Агар турғун Ўшдан бошқа ҳудудга кўчиб кетса, ипотека олгунча «тўлаш имкони ёки турар-жойга муҳтожлиги ҳақида ҳақиқатга тўғри келмаган маълумотлар берса» ёки ипотека олишда унга мансабдорлар томонидан «ноқонуний» ёрдам берилгани аниқланган бўлса — уларнинг рўйхати бекор қилинади. Шунингдек, ариза берувчилар суд томонидан озодликдан маҳрум қилинганда навбати бекор қилинади.

Бундан ташқари, Ўшнинг муниципал ипотека ишхонаси дастлабки тўловнинг минимал нархини ҳам камайтирди — энди ипотека олган турғунлар уйнинг 10%ни тўлаб, 40%лик устама билан уни 12 йиллик муддатгача олишади. Шунингдек, 20% .дастлабки тўлов берганларга 35%, 30% ва ундан юқори дастлабки тўлов тўлаганларга 30% устама нарх қўшилади.

«Масалан: фуқаро 1 млн сомлик уйни сотиб олишга қарор қилди. Агар фуқаро 10% дастлабки тўловни тўласа, устама нарх 40% ни тузади, бу 360 000 сом. Натижада фуқаро 100 000 сом (дастлабки тўлов қатори) + 900 000 сом (қолган қарз) + 360 000 сом (узайтириш учун устама нарх) = 1 360 000 сом (12 йилда) тўлайди», — деб кўрсатилган қонунда.

Ўшда 2010-йилда бўлган «июнь воқеаси»дан кейин давлат бюджети ҳисобидан 1 391 хонадонли 42 кўп қаватли уй қурилиб, куч органлари ва ҳалок бўлганларнинг оилаларига бўлиб берилган. 2015-йилга кўра қурилган уйларнинг 361 Ўш шаҳар мэриясига ўтказилиб, кейинчалик муниципал ипотека ишхонаси томонидан Ўшнинг турғунларига берила бошлаган.