Ўш: 22 ёшдаги қиз қотилликда гумонланиб қўлга олинди

455
Гумондор. Сурат: Ўш ШИИБининг матбуот хизмати

Ўш вилояти Қорасув туманининг 22 ёшдаги турғуни одам ўлдиришда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасидан билдиришди.

Маълумотга кўра, 29-сентябрга ўтар кечаси Ўш шаҳридаги «Кенч» кафеси олдида 37 ёшдаги турғун оёғидан жароҳатланиб, касалхонага етказилган.

Соат 02:55да милицияга шаҳар клиникасидан Мирбек исмли турғун оёғидан тиғли нарса билан жароҳат олиб тушганини маълум қилишган. Тезкор тергов гуруҳи касалхонага борган вақтда жабрланувчи кўп қон йўқотгани сабаб вафот этган.

Тергов гуруҳи воқеа бўлган жойга бориб, марҳумнинг қон доғлари бор оқ рангли футболка, кўк рангли шим ва оқ рангли оёқ кийимни далилий ашё қатори топган.

Судгача текширув асосида марҳумнинг дўсти ва улар билан кафеда жанжаллашиб кетган 22 ёшдаги икки қиз сўроқ қилинган. Ўш ШИИБининг матбуот хизматидан «Клооп»га билдиришларича, сўроқда қизлар «Кенч» кафесида ўтириб ичимлик ичишганини айтишган.

Улар марҳум ва унинг дўсти билан гап талашиб уришиб кетиб ташқарига чиқишган. Шунда қизларнинг бири марҳумнинг оёғига қўлидаги буклама пичоғи билан бир марта уриб юборган.

Мазкур факт ЖУРга «Соғлиққа оғир зарар етказиш» моддаси билан рўйхатга олиниб, тергов амаллари бошланди. Марҳумнинг ўлими сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланди.

Жиноятда гумондор қатори қўлга олинган қиз Ўш ШИИБининг вақтинча сақлаш жойига киритилди. Милициядан у олдин «Бебошлик» моддаси бўйича судланган деб билдиришди.