«Оғир зарба оқибатида юраги тўхтаб қолган». Болалар уйидаги ўсмир ўлимининг сабаби айтилди

419

Чуй вилоят ИИББнинг матбуот хизмати милиция Военно-Антоновкадаги болалар уйининг тарбияланувчиси Игорь Якуниннинг ўлим сабабини аниқлаш бўйича экспертиза якунланганини «Клооп»нинг журналистига билдирди.

ИИББнинг маълумоти бўйича, иш «Эҳтиётсизлик сабаб одам ўлдиришга олиб келган соғликка оғир зарар етказиш» моддаси билан тергов қилинмоқда.

«Комиссия экспертизанинг хулосаси Игорь Якуниннинг ўлимига кўкрак қафасига тушган оғир зарба туфайли юракнинг рефлектор тўхтаб қолиши сабаб бўлганини кўрсатди», — деб билдиришди милициядан. Шунингдек, тергов ишлари давом этаётганини қўшимча қилишди.

Игорь Якунинга нима бўлган эди?

Ўсмир ўлгани ҳақидаги хабар 1 июнда тарқаган. Унда милицияга Военно-Антоновка қишлоғидаги болалар уйида 6-синфнинг ўқувчиси Игор Якунин ухлаш хонасида ҳушсиз, ўзига келмай вафот этгани ҳақида маълумот тушган. Бола касалхонага етказилиб, шу ерда вафот этганини тасдиқлашган.

Ўқувчининг ўлими бўйича судгача текширув бошланиб, ўлим сабабини аниқлаш учун тегишли экспертизалар тайинланган. ИИББдан эса вафот этган боланинг жасади текширилганда калтаклаш белгилари бўлмаган деб билдиришган.

Таълим вазирлигининг маълумотига кўра, болалар ухловчи хонада монополия ўйнашган. Игор тик туриб, бир-икки қадам ташлаб ҳушидан кетиб қулаган. Муассаса ҳеч қандай муштлашув бўлмаган деб ишонтирган.

Бироқ марҳумнинг акаси Богдан Якунин терговга Игор юқори синфнинг ўқувчисини калтагидан ўлди деб билдирган.

«Игорни кўкрак қисмига беш марта уришган, охиргиси юрак атрофига теккан кучли зарба бўлган. Бола бурилиб, уч қадам ташлагандан кейин қулаган. Унинг танаси қалтироқ босиб, нафас етишмай, иштонини ҳўллаб қўйган», — деб билдирган у.

Кейин у президент Садир Жапаровга мурожаат қилиб, укасининг ўлимига боғлиқ ишни ўз назоратига олишни сўраган.

Натижада президентнинг матбуот хизмати Якуниннинг ишини президент Садир Жапаров шахсий назоратига олганини билдирган. Болалар уйининг директори тергов вақтида ишдан четлатилган.