Қуролли тўқнашувда жабрланган боткенликларга суғурта тўловини бериш таклиф қилинди

406

Минкабнинг матбуот хизмати иқтисод ва молия вазирлиги ҳарбий ҳаракатлардан жабрланган қирғизистонликларга суғурта пулини тўлашни таклиф қилганини билдирди.

Ҳозирда амалдаги қонун бўйича, «ҳарбий ҳаракатлар, манёврлар ёки бошқа ҳарбий чоралар ҳамда фуқаролар уруши вақтида» суғурталанган мулкидан айрилса товон тўланмайди. Улар «қайтарилмас ҳолатда» йўқ қилинди деб саналади.

Иқтисод ва молия вазирлиги эса «Баткен вилоятида уруш ҳаракатлари, манёврлар ёки бошқа ҳарбий чоралар натижасида турар-жойларни мажбурий суғурталаш бўйича келиб чиққан суғурта ҳолатлари учун» тўловларга рухсат беришни таклиф қилмоқда.

Тузатиш 2021-йилнинг май ойининг бошида Баткен вилоятида қуролли жанжалдан кейин маҳаллий турғунларнинг «кўчмас мулки жабрлангани» билан тушунтирилади. Вазирлик вакилларининг фикрича, зарар кўрган боткенликларга ҳозир ва келажакда компенсация бериш учун қонунга ўзгартиришлар керак.

«Бу лойиҳани қабул қилиниши фуқароларнинг мажбурий суғурта тизимига бўлган ишончини оширишга ва аҳоли билан суғурта ташкилотлари ўртасида ўзаро фойдали муносабатлар тузишга ёрдам бериши кутилмоқда», — деб айтилган қонун лойиҳасига тузатиш киритишнинг асосномасида.

Бироқ бирор бир сабаблар билан қонун лойиҳасида уруш ҳаракатларидан зарар кўрганларга кафолатланган компенсация фақат Баткен вилоятига таклиф қилинган. Амалда Қирғизистоннинг қолган олти вилоятининг яшовчилари қўшни мамлакатлар билан қуролли тўқнашув бўладиган бўлса, суғурталанган мулки зарар кўрса компенсация олмайди.

Қуролли можаро

Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги қуролли можаро 28 апрелда бошланиб, 1 майгача давом этган. Шу кунлари икки ўлканинг 100-150 фуқароси бир-бирига тош отиб, кейин отишув бошланган. Бунга «Головной» сув тақсимлаш жойидаги ишлар сабаб бўлган. Отишувни тўхтатиш келишуви 1 майда ҳукумат делегациялари сўзлашгандан кейин қабул қилинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига қараганда, икки ўлканинг ўртасидаги жанжалдан 36 қирғизистонлик ҳалок бўлиб, 190 одам жароҳатланган. Воқеа бўлган ҳудуддан 40 мингдан ортиқ одам эвакуацияланган.

Тожикистон томон ҳалок бўлганлар ва яраланганлар ҳақида 6-майда маълумот берган. Унга кўра, қуролли жанжал давомида қўшни ўлканинг 19 фуқароси ҳалок бўлиб, 87 киши яраланган.

Баткен вилоятида юздан ортиқ уй, уч чегара пости, икки мактаб, бир бола боғча, бир тиббий муассаса, милиция биноси, ўн ёқилғи шохобчаси, саккиз дўкон, тўрт савдо жойим, тўрт ижтимоий объект ва бошқа беш давлат муассасасининг биноси ёнган ва бузилган. Айрим аҳоли пунктлари тўлиқ вайрон бўлган.

Қирғиз ҳукуматининг маълумотига кўра, зарарнинг миқдори 1,3 млрд сомдан ошади.