МХДҚ ноқонуний бойишда гумонланаётган Чуй вилоятининг собиқ раҳбари Туйгунаали Абдраимовга 250 млн сомга баҳоланган мулк тегишли эканини билдирди.
Махсус хизматнинг маълумотига кўра, Абдраимов юқори давлат лавозимларида ишлаб «лавозимдан фойдаланиш билан ноқонуний равишда активларини кўпайтирган».
МХДҚ собиқ амалдор даромадларини легаллаштириш мақсадида Бишкек ва Чуй ҳудудида «ўзининг расмий даромадидан бир неча марта қиммат бўлган» кўчмас ва кўчар мулкларни сотиб олган деб билдирди. Шунингдек, Абдраимов маблағларини бир қанча тижорий банкларга қўшгани айтилди.
«Белгиланган ноқонуний ҳаракатлари натижасида Туйгунаали Абдраимов яқин қариндошларига ва аффилирланган одамларга 16 уй, 18 ер участкаси, 2 автотўхташ жойи, 5 турар-жой, 3 деҳқон хўжалиги, 16 автомашина ва «Ысык-Ата» курорти территориясида қурилиши тугалланмаган объектларни расмийлаштирган», — деб берилади МХДҚнинг билдирувида.
МХДҚ Абдраимов активларни «жиноий жавобгарликдан қочиш учун яқин қариндошлари ва у билан алоқаси бор одамларга мулкларини ўтказган» деб билдирди.
Кеча 20 сентябрда, Туйгунаали Абдраимов «Ноқонуний бойиш» иши бўйича МХДҚ томонидан қўлга олиниб, саккиз соат сўроқ берган.
Аввалроқ Абдраимов 15 сентябрда «Ҳукуматни куч билан босиб олиш» иши асосида тергов хизматига етказилиб, сўроқ бериб чиққан. Шу куни у билан бирга бир қанча сиёсатчи шу иш бўйича сўроқ қилинган.
Абдраимов ўзи сўроқ қилиниши «асоссиз» бўлганини айтиб, «бу сиёсий таъқиб» деб билдирган.
Кейинчалик Абдраимов ва бошқа сиёсатчиларни сўроқ қилинишига маданият арбоблари томонидан йўлланган хат сабаб бўлгани очиқланган.
Хатда Абдраимов, амалдаги депутатлар Бакит Жетигенов, Жанар Акаев, ИИВнинг собиқ ўринбосари Курсан Асанов, депутат Альтинбек Сулайманов, собиқ депутатлар Исмаил Исаков, Ахматбек Келдибеков, Жилдизкан Жолдошова ва «Улуу Кыргызстан» партиясининг вакили Азамат Мусакеев бошчилигидаги фуқаролар 17 сентябрь куни юз минг киши билан митинг ўтказиб, ҳукуматни алмаштирмоқчи экани ёзилган. Шу сабаб уларга қатъий чора кўриш талаби қўйилган.
Бироқ хатнинг муаллифлари маданият арбоблари сўроқнинг эртаси куни мурожаатнинг биринчи саҳифаси ўзгартирилганини, асл нусхасида сиёсатчиларнинг номи айтилмаганини билдиришган.