Ҳукуматни босиб олишда гумонланиб қамалган Алмаз Сарибаев очлик эълон қилди

399
Алмаз Сарибаев

«Ҳукуматни куч билан босиб олишга тайёргарлик кўришда» гумонланиб икки ойга қамалган «Толубай» ОҲЖнинг директорлар кенгашининг собиқ аъзоси Алмаз Сарибаев очлик эълон қилди. Бу ҳақда Ҳақиқатчи аппарати билдирди.

Маълумотга кўра, Сарибаев унга нисбатан жиноий иш ноқонуний қўзғалди деб ҳисоблайди. Шу сабаб у 17-сентябрь соат 16:00дан очлик эълон қилишга қарор қилган.

Бишкекнинг Биринчи май туман суди 16-сентябрда Сарибаевни икки ойга №1 тергов изоляторига киритиш қарорини қабул қилган. Сарибаевнинг адвокати Айжан Орозакунова суд қароридан шикоят қилишини билдирган.

«Ҳукуматни куч билан босиб олиш» иши

Бунгача ижтимоий тармоқларга «Курсан Асанов, Жанар Акаев ва бошқалар ҳукуматни куч билан босиб оламиз деб сўзлашганидан қисча парча» деган аудио ёзув тарқаган. Унда эҳтимол Асанов билан Сарибаев «тартибсизлик уюштириш» ҳақида сўзлашгани ёзилган деб айтилади.

Аудиони таҳлил қилган ёзувда Курсан Асанов «Жанар Акаев ундан қурол-яроқ борми деб сўрагани ва ҳукуматни босиб олиш зарур бўлса, болалар тайёр турганини айтган» дейилади. Бироқ овозларнинг сифати жуда ночор бўлгани учун овоҳларни ажратиш ҳам, гапларни тушуниш ҳам қийин.

Шу билан бирга интернетда бир қанча маданият арбобларининг айрим сиёсатчилар 17-сентябрда «100 минг киши иштирокида митинг ўтказиб, ҳукуматни куч билан олишга» тайёрланаётганини айтиб, президент Садир Жапаровга мурожаат қилган хати тарқлаган.

15-сентябрда хатда номи тилга олинган сиёсатчиларнинг деярлик бари сўроқ қилинган. Курсан Асанов ва Алмаз Сарибаев 14-сентябрда сўроқ қилингандан кейин қўлга олинган. Асанов ҳам, Сарибаев ҳам уларга қўйилган айбни тан олишмаган. Суд Асановни ўта хавфли жиноятчилар жазо ўтаган ТИЗО-50га икки ойга қамаган.

Хатни ёзган маданий арбоблар унинг маъноси ўзгартирилиб, биринчи саҳифаси ўзгартирилганини айтишган. Уларнинг айтишича, хатнинг асл нусхасида сиёсатчиларнинг номи ёзилмаган.

17-сентябрда собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг тарафдорлари Ала-Тоо майдонида «сиёсий тутқунларга» бағишланган бадиий-норозилик акциясини уюштирди. Унга юзга яқин одам қатнашиб, акцияда Атамбаевнинг қизи Алия Шагиеванинг сурат кўргазмаси бўлиб ўтди.