Жалолобод: Томдан «сакраб» вафот этган 12 ёшли қизнинг ўлими тергов қилинмоқда

330
Иллюстратив сурат

Жалолобод шаҳрида беш қаватли уйнинг томидан «сакраб» ҳалок бўлган 12 ёшли қизнинг ўлими бўйича текширув ишлари бошланди. Бу ҳақда Жалолобод ВИИБдан билдиришди.

16-сентябрь куни соат 11:00 атрофида шаҳар касалхонасига ўсмирнинг жасади олиб келингани ҳақида милицияга маълумот тушган.

Дастлабки текширувда қиз ўзи яшаган уйнинг томидан сакрагани аниқланган. ВИИБнинг матбуот котиби Нурдин Жээнтаев «Клооп»га билдиришича, қиз уйига «мени ўлгим келяпти» деб хат ташлаб кетгани бўйича маълумотлар бор.

Шунингдек, Жээнтаев қизнинг ота-онаси «ҳеч кимдан даъвойимиз йўқ деб айтганини» билдирди.

Ҳозирда мазкур факт «Топилган ўлик» моддаси билан рўйхатга олиниб, текширув бошланди. Қиз ўз жонига қасд қилганми ёки тасодифми текширилади.

2020-йили Қирғизистонда 44 ўсмир суицидга қўл ургани маълум бўлган. Болаларнинг депрессияга учрашига пандемиянинг ҳам таъсири бўлиши мумкин деб айтилган — сабаби мактаблар ёпилиб, ўқиш онлайнга ўтиб, карантин чекловлари кирган. ИИВ депрессияни олдини олишда ота-оналарнинг аҳамияти катта экани ҳақида огоҳлантирган.