Ўшда икки ўқитувчи пора олишда гумонланиб қўлга олинди. Уларнинг бири Киров мактабининг ўқитувчиси, у уй қамоғига чиқарилди. Қўлга олинганларнинг иккинчиси ЎшДУнинг ўқитувчиси экани айтилди, у ҳозир вақтинча сақлаш жойига киритилди.
Ўш ШИИБнинг матбуот хизмати маълумотига қараганда, Новқат туманининг турғуни милицияга ариза билан мурожаат қилган. Унинг айтишича, ўғлини ЎшДУга киритиш учун олиб борганда ўқитувчиларнинг бири 1200 АҚШ доллари талаб қилган.
Гумондор арзланувчидан мазкур сумманинг 40 минг сомини олаётганда қўлга тушган. Текширув вақтида пул ўқитувчининг ёнидан чиққан.
Қўлга олинган ўқитувчининг кўрсатмасида арзланган фуқародан ўғлини олий ўқув юртига киритиш учун 1200 АҚШ доллар сўраганини тасдиқлаган. Ҳозирда у вақтинча сақлаш жойига киритилиб, «Ноқонуний хизмат ҳақи олиш» моддаси билан иш очилди.
Шундай ариза билан Ўш шаҳрининг яна бир турғуни мурожаат қилган. У аризасида шаҳардаги Киров мактабининг ўқитувчиси боласини мактабга киритиш учун икки минг сом талаб қилганини айтган.
Милициянинг маълумотига кўра, мазкур сумма қўлга олиш вақтида гумондорнинг ёнидан чиққан. Ўш ШИИБи мактаб ўқитувчиси аёл киши бўлгани ва болалари борлиги сабаб уй қамоғига чиқарилганини айтишди.
Шунга қарамай ЎшДУнинг матбуот хизмати шаҳар ИИБнинг маълумотини инкор қилди. Улар милиция берган инициаллардаги шахс «университетда ишламайди» деб билдирган.