Айзада Канатбековани ўғирлашда айбланганлар 6,5 ва 7 йилга қамалди

280

Бишкекнинг Биринчи май туман суди 14-сентябрда Айзада Канатбековани ўғирлашда айбланган беш кишини айбдор деб топди. Уларнинг бари 6,5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилинди. Ўғирланган қиз Замирбек Тенизбаев томонидан зўрланиб, кейин ўлдирилган.

Иш бўйича беш киши айбланган: Кубанич Токон ўғли, Замирбек Раманкулов, Ажикабил Рисбай ўғли, Орозбек Нурумбетов ва Сиймик Молдосариев.

Бунгача бўлган мажлисларда айбланувчи Орозбек Нурумбетов айбини тўлиқ тан олган. Замирбек Раманкулов эса ўзини айбдор деб ҳисобламайди, қолганлари эса айбини қисман тан олишган.

Суд қарори

Биринчи май туман суди Ажикабил Рисбай ўғлии, Орозбек Нурумбетов ва Сиймик Молдосариевни 7 йил колонияга, Токон ўғли билан Раманкуловни 6 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилди.

Айзада Канатбековани ўғирлашда айбланганлар. Сурат: Айдай Токоева/Kloop

Бундан ташқари, барча айбланувчилар жабрланувчи томонга — Айзада Канатбекованинг онаси Назгул Шакеновага — моддий ва маънавий зарар қатори 100 минг сом тўлаб бериши керак.

Шакенова «Клооп»га берган интервьюсида марҳумнинг оиласи ҳукмдан қаноатланганини ва «адолатли жазо қўлланилганини» айтиб берди.

Айзада Канатбекованинг онаси ва холаси адвокати билан. Сурат: Айдай Токоева/Kloop

«Шу иш ҳаммага сабоқ бўлсин. Бундан кейин олиб қочган вақтда [қизларни] ҳар бир одам ўйлансин, натижаси шундай бўлиб қолишини. Айзададан кейин бу ҳаммага сабоқ бўлади деб умид қиламан», — деб таъкидлади Айзада Канатбекованинг холаси Бактигүл Шакенова.

У энди жабрланувчи томон ИИВнинг ходимлари тегишли жазо олиши учун ҳаракат қилишини қўшимча қилди. Айзада Канатбекованинг ўлимига олиб келган милиция ходимларининг эътиборсизлигига боғлиқ жиноий ишни МХДҚ тергов қилмоқда. Бироқ тергов қайси стадиага келгани номаълум.

Бактигул Шакенованинг айтишича, улар жорий йилнинг апрель ойида ариза ёзишган, бироқ МХДҚга чақиртиришган эмас.

«Агар бизни эшитмаса, президентга ва Ташиевга [МХДҚ раиси] мурожаат қиламиз. Қирғиз халқи биз томонда бўлади деб умид қиламиз», — деб билдирди Канатбекованинг холаси.

Айзада Канатбекованинг ўғирланиб, кейин ўлдирилиши

Айзада Канатбековани ўғирлаш ҳолати кузатув камерага тушиб қолган. Сурат: Кузатув камерадан скриншот.

Айзада Канатбекова 5 апрелда тонгги соат 5да ўғирланган. Орадан икки кун ўтгандан кейин 7 апрелда Бишкекнинг четидаги даладан чўпон машинани кўриб, у ерда қизни ва уни ўғирлаб кетган одам Замирбек Тенизбаевнинг жасади топилган. Милиция Тенизбаев қизни ўлдириб, кейин ўз жонига қасд қилганини билдирган. Кейинчалик, Тенизбаев Айзадани ўлдиришдан олдин зўрлагани маълум бўлган.

Айзада ўлдирилгандан кейин милиция икки кун ичида жиноятга алоқадор одамларни қўлга олган.

8-апрелда милициянинг ҳаракатсизлигидан норози бўлган юзлаган фуқаролар Ўш ва Бишкек шаҳарларида митингга чиққан. Йиғилганлар Бишкек ШИИБнинг бошчиси билан Ички ишлар вазирини истеъфога чиқишини талаб қилишган. Милициянинг масъул ходимлари матбурот анжумани ўтказиб, қизни узоқ вақт излагани учун оқланишга ҳаракат қилишган.

Айзада Канатбекованинг ўлимига боғлиқ жиноий иш уни ўғирлаб, кейин ўлдирган Замирбек Тенизбаевнинг вафоти сабаб тўхтатилган. Тенизбаев ўз жонига қасд қилган.