Жалолобод: Ташиев МХДҚ учун қурилган яна бир бинонинг очилишини ўтказди

341

Жалолобод вилоятининг Ноокен туманида миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг яна бир янги биносининг қурилиши тугалланиб, 12-сентябрда фойдаланишга топширилди. Бинонинг очилиш маросимига махсус хизматнинг раҳбари Камчибек Ташиев қатнашди.

Икки қаватли бинонинг ичи замонавий қилиб, таъмирланиб, керакли ускуналар билан жиҳозланган.

Ташиев МХДҚНинг Ноокен туман бўлимининг ходимларини қутлаб, аввалги коррупционерлар сабаб бундай «замонавий, барча шароитлари бор» бинолар қурилмаганини айтди.

«Бунгача шундай ўнлаган, юзлаган бинолар [маблағи] коррупционерларнинг чўнтагига тушган. Биз туман маъмуриятларида, кутубхоналарнинг бурчида ўтирганмиз [...] Сабаби давлатни шундай ҳолатга олиб келишган. Энди бундай бўлмайди», — деб билдирди Камчибек Ташиев.

Махсус хизматнинг раиси ўлканинг бир қанча туман ва вилоятларида ҳам бинолар фойдаланишга берилишини қўшимча қилди.

Сурат Ўткурбек Рахмановга тегишли

МХДҚнинг Жалолободдаги бўлимлари учун тузилган шароитлар

Бу Жалолобод вилоятининг МХДҚ ходимлари учун қурилган биринчи бино эмас. Масалан, 30-августда Ташиев махсус хизматнинг Сузоқ туман бўлими учун қурилган янги бинонинг очилишига қатнашди.

Жорий йилнинг 13-июлида Жалолобод шаҳрида МХДҚнинг ходимлари учун 205 хонали хизмат уйининг қурилиши бошланган. Кўп қаватли уйнинг қурилиши 2022-йилнинг охирида тўлиқ битиб, чегарачиларга ва кам таъминланган оилаларга берилиши маълум қилинган.

МХДҚнинг раиси уй давлат бюджети ҳисобидан эмас, «ҳамкор давлатларнинг» ёрдами билан қурилаётганини таъкидлаган. Бироқ Ташиев ҳамкорлар ким эканини очиқ айтмаган.

2-июнда Ташиев махсус хизматнинг Жалолобод вилояти бўйича бошқармаси учун қурилаётган янги бинога капсула солган.

Мазкур бино Жалолобод шаҳрининг шимоли-ғарбида жойлашиб, 1,4 гектарни эгаллайди. Шунингдек, уч қаватли икки блокдан иборат.

Муассасанинг янги биноси «100 млн сомга — ҳомийлар берган пулга қурилиши» айтилган. Қурилишни 1-декабргача битириш режалаштирилган.