Ўш ХСКсининг янги таркиби тузилди

153
11-июлда Ўш шаҳрида ўтган сайлов. Сурат: «Клооп»

Марказий сайлов комиссияси 12-августдаги йиғинида Ўш ҳудудий сайлов комиссиясининг (ҲСК) янги таркибини тасдиқлади. Комиссиянинг янги таркиби бунгача рўйхатга олинган резерв ҳисобидан тузилди.

Янги таркибга тўрт партиянинг вакили кирди, улар:

  • Бексултан Абдраимов — «Биримдик Элдик Кыргызстан» партияси;
  • Таалайбек Примкулов — «Ата-Журт Кыргызстан» партияси;
  • Бакитбек Алматов — «Биздин Кыргызстан» партияси;
  • Элдияр Исаков — «Тилектештик» партияси.

Қолган саккиз аъзоси — маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органларининг вакиллари.

Ўш ҲСКнинг аввалги таркиби шаҳар кенгашига отланган партияларнинг рўйхатидан аёл номзодлар оммавий чиқарилгани сабаб тарқатилган. Ўшнинг сайлов комиссияси «Биздин Кыргызстан» 38, «Ата-Журт Кыргызстан»дан 31 аёлни рўйхатдан чиқарган.

Бундан ташқари, икки партиядан шаҳар кенгашига ўтган олти номзод мандатдан бош тортган — унинг беш нафари аёллар бўлган. МСК бу кўринишлар «шубҳали бўлгани сабаб» уни текшириб, натижада аёл номзодларни рўйхатдан чиқариш бўйича уларга нисбатан «босим» бўлгани аниқланган.

Шунингдек, «Ата-Журт Кыргызстан» партиясининг депутати Батиярхан Турсунбаева МСКга мурожаат қилиб, мандатидан воз кечмаганини билдирган.

Шу сабаб МСК Ўш ҲСКнинг қарорларини бекор қилиб, комиссияни тарқатган

Ўш ҲСКнинг аввалги таркиблари

11-апрелда Ўш шаҳар кенгашига сайлов бўлгандан кейин Расулбек Кадиров тўққиз йил раислик қилган Ўш ҲСК тарқатилган. Бунга комиссиянинг сайловдаги кўплаган қонун бузишларга «чора кўрмагани» сабаб бўлган.

Натижада Ўш шаҳар кенгашига бўлган сайловнинг натижаси ҳам бекор қилиниб, 11-июлга қайта сайлов белгиланган. Сайловни ўтказиш учун Ўш ҲСКнинг янги таркиби тузилиб, уни Кушубак Ниязбеков бошқарадиган бўлган.

Бироқ Ниязбеков Ўш ҲСКда «маош оз бўлгани сабаб» раҳбарликдан кетиб, унинг ўрнига ЎшТУнинг проректори Урмат Аттокуров тайинланган.

11-июлда Ўш шаҳар кенгашига сайлов бўлиб, натижада тўрт партия сайловдан ўтган. Унга кўра, Ўш шаҳар кенгашидаги 45 мандат қуйидагича бўлиштирилган: «Ата-Жур-Кыргызстан» — 19, «Биздин Кыргызстан» — 15, «Улуттар Биримдиги» етти ва «Бир Бол» тўрт мандат.