Президентнинг қудаси бошқарган «Унаа» ишхонасининг 527 млн сомлик тендери текширилмоқда

327

Министрлар кабинетининг раиси Улукбек Марипов «Унаа» давлат ишхонасининг фаолияти текширилаётганини билдирди. Мазкур муассасани президент Садир Жапаровнинг қудаси Турусбек Тумўнбаев бошқаради.

Текширув «Унаа» ишхонаси транспорт воситаларини рўйхатга олиш бўлимларининг бланкларини тайёрлашга 527 млн сомлик тендер эълон қилиб, уни 518 млн сомга «Гознак» компанияси ютиб олгандан кейин бошланган. Мариповнинг айтишича, текширув Жапаровнинг топшириғи билан ўтказилиб, тендер бекор қилинган.

«Министрлар кабинети махсус текширув ўтказиб, тендернинг натижасини зудлик билан тўхтатдик. Сабаби тўхтатмасак, баримиз транспорт воситаларидан олаётган махсус гувоҳноманинг нархи икки баробар қимматлаб кетарди — шу сабаб тўхтаганмиз. Президентнинг топшириғи бўйича текширув олдин ҳам бўлган, худо хоҳласа 13-сентябрда натижаси чиқади», — деди Марипов.

Temirov Live’нинг суриштируви

11-сентябрда, Temirov Live ютуб-каналининг журналисти Актилек Капаров «Унаа» эълон қилган тендерда ютиб олган «Гознак» компанияси муассасанинг етакчиси Турусбек Тумўнбаев билан алоқаси борлигини аниқлаган.

Журналистлар давлатнинг улуши бўлган «Гознак» компанияси ўзи эълон қилган 32 тендерни «Иштиктүү стратегия» компанияси ютиб олганини очиқлаган. Мазкур компаниянинг асосчиларидан бири 21 ёшдаги Айгерим Тогузбаева — у Тумўнбаевнинг қизи.

Айгерим Тогузбаева

Бундан ташқари, Temirov Live саккиз компаниядан иборат «Континент» бирлашмасининг ичида тендерда ютган «Гознак» ва Тумўнбаев асосчилардан бири бўлган «Континет Плюс» компаниялари бор. Қизиғи, Тумўнбаевдан ташқари, «Континент Плюс»нинг асосчилари Олег Подобедов ва Наталья Давиденко — улар «Гознак»нинг асосчилари қатори кўрсатилган.

Шунингдек, журналистлар Тумўнбаевнинг қизига қарашли «Иштиктүү стратегия» ва «Континет Плюс»нинг манзили бир жойда бўлганини очиқлашган.

Журналист Капаров бу ерда «манфаатларнинг тўқнашуви очиқдан-очиқ кўриниб турганини» айтиб, мазкур тендер 1-сентябрда бекор қилинганини таъкидлади. Бунга «Унаа» билан «Гознак» ўртасидаги «келишмовчилик» сабаб бўлган.

Тендер комиссияси «техник талабларни қайта кўриб чиқиш билан» тендерни қайта эълон қилишга қарор қилди.

«Тумўнбаев “Унаа”нинг раҳбари сифатида ишни манфаатлар тўқнашувини тўхтатишдан бошлаши керак эди. Бироқ у бундай қилмади. Аксинча — у билан алоқаси бор компания у бошқарган давлат ишхонасининг ярим миллиард сомлик тендерини ютиб олган. Ҳа, тендер яқинда бекор қилинган, бироқ иккинчи марта эълон қилинган тендерни яна “Гознак” қўлга киритади деб ҳич ким кафолат беролмайди, сабаби у президентнинг қудаси. Ҳеч ким унга ҳеч нарса дея олмайди ёки дейдими?» — деб савол берди Актилек Капаров.